Депутат: Тадбиркорлар барқарор “молиявий таътил”га чиқишади

19:23 20 Март 2020 Иқтисодиёт
578 0

Иллюстратив сурат

Биламизки, жаҳон иқтисодиёти молиявий инқирозларни бошидан кечирган даврларда халқаро молия ташкилотлари ва турли ҳукуматлар томонидан макроиқтисодий мувозанатни таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар амалга оширилган.

2020 йил бошидан буён давом этаётган глобал саломатлик кризиси таъсири натижасида жаҳон ЯИМ 2020 йилда 2,7 трлн. АҚШ доллари миқдорида йўқотишга дуч келади. Жумладан, 2020 йилда Евроҳудуд 1,2 фоизга, АҚШ иқтисодиёти эса, 0,6 фоизга камайиши мумкинлиги башорат қилинди. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти 2009 йилдан буён ўзининг дастлабки юқори иқтисодий ўсишига эриши бошланганда вирус таъсирининг юзага келиши глобал иқтисодиётни яна хавф остига қўйди.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Бу борада, Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши айни муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур ҳужжат билан инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, пандемия оқибатларини аниқ молиялаштириш манбаси белгилаб берилди. Кам таъминланган аҳоли қатламларига моддий ёрдам бериш ҳажмини ошириш чора-тадбирлари орқали ички истъемолни рағбатлантириш ва иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиш чоралари кўрилади. Ижтимоий солиқ ва шу каби солиқ, бошқа мажбурий тўловларнинг кечиктирилиши ёки маълум фоизда камайтирилишининг жорий этилиши тадбиркорларга барқарор “молиявий таътил”га чиқишини англатади. Натижада, макроиқтисодий талаб ва таклиф мувозанатига эришишга шароит юзага келади. Шунингдек, жалб этилиши назарда тутилган ташқи қарз маблағларини истеъмол яратувчи соҳаларга йўналтирилиши узоқ муддатли ялпи иқтисодий қийматни яратишга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, фавқулодда юзага келган вируснинг таъсири кенгайиб кетмаслиги учун ўз вақтида чораларни, жамладан, иқтисодий вазифаларни ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатишга ва бартараф этишга тўлиқ шарт-шароит яратиб беради, деб ҳисоблаймиз.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?