Депутат: Шу вақтгача халқ таълими тизимида мусиқа ўқув дарслари ҳамиша паст савияда олиб борилган​

13:06 30 Июнь 2020 Сиёсат
232 0

Ўтган ҳафта охирида мамлакатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташриф буюриб, халқ депутатлари вилоят Кенгашида яна бир бор миллий маданиятни ривожлантириш ва шу аснода давлатимиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлаш бўйича ниҳоятда ҳаётий ва долзарб йўналишни белгилаб берди. Унга кўра, эндиликда ҳар бир умумтаълим мактаби ўқувчиси таълим муассасасини физика, математика ва бошқа кўплаб фанлар қаторида бирон мусиқий чолғуни чалишни ўрганганлик тўғрисидаги баҳоси билан битиради.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда иқтисодиётни ривожлантириш орқали инсонларнинг турмуш даражасини кўтариш жараёнини бошдан кечираётганимизни, аммо маданият ва санъат соҳасини юксалтирмай туриб, ижобий натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.

Тарихдан маълумки, илму маърифатда донг таратган алломаларимиз диний ва дунёвий илмлар қаторида мусиқа илми баробарида амалиётини ҳам батафсил ўрганиб, уни чуқур эгаллашган. Абу Наср Форобий, Сафиуддин ал-Урмавий, Абдулқодир Мароғий, Зайнуллобиддин Ҳусайний, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва яна кўплаб жаҳонга машҳур мутафаккирлар мусиқий чолғуни чалишни билган ва бу хусусда фундаментал илмий-назарий рисолалар ёзишган. Бундан кўриниб турибдики, мусиқа илмини эгаллаш эстетикаси ўзига хос категория бўлиб, ўрта аср олимларининг комилликка эришишида ниҳоятда муҳим омил сифатида хам хизмат қилган.

Давлатимиз раҳбарининг умумтаълим мактаблари дастурига мусиқий чолғуни ўрганиш фанини киритиш борасидаги таклифи бутун бир маданият ва санъат йўналишидаги таълим тизимини ривожлантиришга катта таъсир кўрсатишни тақозо этади. Бу билан, аввало, соҳа мутахассислари учун қўшимча иш ўринларининг яратилишига имконият берилмоқда.

Маълумки, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини мусиқа санъатига қизиқтириш осон иш эмас. Бунинг учун кучли иштиёқ уйғотиш талаб этилади. Яъни ўқувчига чолғу чалишнинг афзаллигини тушунтира билиш, шу билан бирга, мусиқий чолғуни чалишда муҳим ҳисобланган сифатлар, хусусан, тинглаш қобилиятини ривожлантириш педагогдан юксак маҳорат талаб этади. Бунинг учун педагогнинг ўзи ижрочилик борасида ўз касбини яхши эгаллаган, ўқувчи қалбида мусиқага меҳр уйғота оладиган ҳамда санъатнинг инсон умрида тутган аҳамиятини ёшларга етказа биладиган таъсир кучига эга бўлиши зарур.

Тан олиш керакки, шу вақтгача халқ таълими тизимида ўқитиладиган мусиқа ўқув дарслари ҳамиша паст савияда олиб борилган. Мусиқа фани ўқитувчилари билимининг етарли эмаслиги, мусиқий чолғуни ижро этиш тажрибасининг йўқлиги, ўқитиш услубининг ўта жўн ва жайдари кўринишга эга бўлгани сабабли вояга етган кўплаб авлодларнинг ҳақиқий миллий мумтоз ва замонавий мусиқа ҳақидаги тасаввурлари тўғри шаклланмади. Шу боис, ҳозирги кунда катта ёшдаги зиёли одамлар билан гаплашганда мусиқа ҳақида гап кетса, соҳани фақатгина кўнгилочар предмет сифатида тушуниб, мийиғида кулиб қабул қиладилар.

Аслида эса мусиқа санъатини тушуниш, хусусан, унинг асосларини эгаллаш инсон соғлом дунёқарашининг шаклланишида, тафаккур салоҳиятини янада бойитишида муҳим ўрин эгаллайди. Чунончи, мусиқий чолғуни эгаллаш ниятида бўлган бола, аввало, сабрли бўлишни ўрганади. Негаки, мусиқа машғулотлари ўқувчидан ёлғиз қолиб, ўз устида ишлашни, мақсадга эришиш йўлида изланишни талаб этади. Ҳар бир ишга ижодкорлик, масъулият туйғуси билан ёндашишни ўргатади. Бу эса унинг бутун ҳаёти давомида ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимига мусиқа илмини киритиш борасидаги таклифининг яна бошқа бир ҳикмати ҳам бор. Мусиқа санъати азал-азалдан халқимиз тафаккурининг ажралмас қисми бўлиб келган. Ҳар бир хонадонда дутор ёки бошқа бир мусиқий чолғунинг деворда осилиб туриши, инсонлар қалбига чуқур маънавий озуқа берадиган мусиқий-шеърий машваратларнинг одатий ҳаёт тарзига айланиши мусиқа санъати томонидан буюрилган шарт-шароит бўлиб келган.

Шундай экан, халқимизнинг менталитетига хос ушбу хусусиятни ёш авлодни эстетик тарбиялаш воситаси сифатида халқ таълими тизимига жорий этиш ғояси бугунги кун учун долзарб масаладир. Зеро, жамиятимизнинг бу соҳада маърифатли бўлиши, ёшларимизнинг мусиқий меросимизни чуқур тушуниши халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириб, эзгу мақсадлари сари дадил интилишига туртки беради.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?