Депутат: Саёз сериаллар ўрнига Айтматов асарлари асосида суратга олинган фильмларни кўрсатишса яхши бўларди

15:43 06 Июнь 2018 Дунё
323 0
Фото: komitet.kg

Қирғизистон Жокоргу Кенеши мамлакат жамоатчилик телерадиоузатиш корпорация(ЖТРК) ахборот сиёсатини кескин танқид остига олди.

У атоқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейини ёритиш мавзусига етарли даражада эътибор бермаётганини қайд этиб, корпорация кузатув кенгашини истеъфога чиқаришни талаб қилди, деб ёзмоқда 24.kg сайти.

Парламент мажлисида ЖТРК раҳбари Илим Карипбаевнинг ахборотини эшитган депутатлар унинг ҳисоботидан қониқмаган.

“Мен Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги нишонланаётган пайтда ЖТРК бунга эътибор қаратмаётганидан хафа бўламан. Саёз сериаллар ўрнига Айтматов асарлари асосида суратга олинган фильмларни кўрсатишса яхши бўларди” деди депутатлардан бири Таабалди Тиллаев.

Телерадио корпорация раҳбари бунга жавобан компания Чингиз Айтматов юбилейини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркибига киритилгани, ҳукумат билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётгани, аммо ҳамма иш молияга бориб тақалаётганини билдирган. ЖТРК бошлиғи ўз саъй-ҳаракатлари билан ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган анимацион роликларни трансляция қилаётгани ва “Айтматовнинг буюк йўли” фильмини суратга олаётганини қўшимча қилган.

Депутатлар бундан олдин ЖТРК муҳим иқтисодий ва стратегик муҳим янгиликларни ёритиш ўрнига туғилган кунлар учун табрикларни эфирга бериб вақтни беҳуда сарфлаётганини ҳам танқид қилганди.

Ўшанда Илим Карипбаев ўз корпорацияси машҳурлиги бўйича аҳоли ўртасида биринчи ўринда туриши, лекин табриклар тиғиз пайтда берилмаслигини айтганди.

“Ҳудудлардан одамлар қутловлар буюртма қилади, хатлар ёзади, кўрсатувларни кўради”, дея ўзини оқлаганди у.

Республикадаги таниқли телебошловчи Ассол Молдокматова эса матбуот анжуманларидан бирида ёзувчи юбилей тадбирлари давлат миқёсида эмас, балки жамоатчилик саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилаётгани ҳақида куюниб гапирганди.

“Ўзбекистонда спектакль, китоб ва фильм чиқаришди. Бизда-чи? Айтматов номи – бу бренд. Қаерда бўлмайин, Қирғизистон ҳақида гапирар эканман, Айтматов исмини тилга олишади”, деди у.

У мамлакат раҳбарига ёзувчи ёдгорлиги ижодий эскизи ва макетини молиялаштириш учун 1,5 миллион сом(22 минг АҚШ доллари) сўраб хат ҳам йўллаган. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар