Депутат қабулида 16 та масала ечимини топди

17:31 20 Август 2020 Жамият
156 0

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Олимхон Бобохонов карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фуқаролар билан учрашиб, улар дардига қулоқ тутди. Куни кеча депутат қабулхонасида ташкил этилган мулоқотда сайловчилардан 20 дан ортиқ масала бўйича мурожаат келиб тушди. Шундан 16 таси жойида ҳал этилди.

Масалан, Наманган шаҳрининг Маданий маҳалласида жойлашган бир қатор кўчаларда кундузи умуман тоза ичимлик суви келмаётгани юзасидан билдирилган мурожаат асосида шаҳар ичимлик сув таъминот корхонаси билан боғланиб, муаммога жойида ечим топилди.

Шунингдек, яшаб турган хонадонини кадастр қилишда ёрдам сўраган икки нафар фуқаро мурожаати ҳам ҳал бўлди. Уларнинг ариза ва ҳужжатлари Наманган шаҳар ер тузиш ва кадастр бўлимига тақдим қилинди. Бундан ташқари, даволанишда ёрдам сўраган фуқаронинг сўровига жавобан депутат томонидан моддий кўмак ажратилди.

Сувжувоз кўчасидаги эскириб, яроқсиз ҳолга келган электр таянчлари ҳам ҳомийлик асосида янгилаб бериладиган бўлди.

Мулоқотда бандлик масаласида ёрдам сўраган фуқаролардан 10 нафари "Art Soft Tex" МЧЖга ишга таклиф этилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?