Депутат: “Мажбурий обуна ортидан ихтиёрий обуна ҳам йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолди”

18:26 12 Март 2019 Жамият
453 0

Архив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Зиёда Ашурова/Тошкент. Жорий йилда босма нашрларнинг адади, чоп этишга доир масалаларда муайян қийинчиликлар юзага келди. Бир қатор тармоқ ва идоралар муассислигидаги нашрлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди, мажбурий обуна кампаниясини бартараф этиш шиори остида жойларда ихтиёрий обуна ҳам оқсаб қолди. Бу эса, ўз навбатида, бир қатор нуфузли босма нашрларнинг оғир иқтисодий аҳволга тушишига сабаб бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.

— Бозор механизми талаблари босма нашрлар олдига бир қатор кутилмаган муаммоларни қўяётганини кўриб турибмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. — Асосий молиявий манба обуна орқали амалга оширилганлиги боис босма нашрларга жорий обуна мавсуми давомида мажбурий обунани йўқ қилиш бўйича олиб борилган кампания, афсуски, айрим ҳолларда ихтиёрий обунанинг ҳам йўқ бўлиб кетиш арафасига олиб келди.

Жойларда сайловчилар билан олиб борилаётган учрашувлар, хонадонларда бўлаётган мулоқотлар давомида кўряпмизки, юртдошларимиз орасида анъанавий шаклда газета ва журналларга обуна бўлишни хоҳлаётганлари ҳам бор. Бироқ обуна бўлинган нашрнинг ўз вақтида етказиб берилмаслиги ёки умуман етиб келмаслиги уларда ишончнинг йўқолишига олиб келган. Бунинг асосий сабаби эса обуна ташкил этиб, катта нарх ҳисобига етказиб беришни ўз бўйнига олган почта хизмати масъулларининг совуққонлиги билан боғлиқ. Ҳамма нарса ўзгаряпти, бироқ почта ҳамон ўша-ўша...

Тан олиб айтиш керак, вилоят ва туман марказларини ҳисобга олмаганда, чекка ҳудудларда одамлар ахборотни ёки муҳим масалалар бўйича муҳокамадаги мавзулар ҳақидаги янгиликни интернетдан эмас, ҳали ҳам газетадан олишади. Бундай жойларда сифатли интернет учун зарур инфратузилма ҳали тўлиқ шаклланмаган, бироқ одамлар ўқиши, мулоҳаза қилиши, қонунлардан хабардор бўлиб туриши шарт. Шу боис, ўқувчилар қўлига нашрларни ўз вақтида етказиб туриш борасидаги масалани жиддий кўриб чиқишимиз зарур. Бу ўринда қонунда муассиснинг тегишли нашр олдидаги масъулиятини ошириш, бутун республика бўйича ўз бўлимларига эга Ўзбекистон почтаси ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш масалаларига, биринчи навбатда, эътибор қаратиш айни муддао бўлади.

Тадбирда, шунингдек, марказий босма нашрларда фаолият юритаётган журналистлар, соҳа мутахассислари томонидан оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ишларни янада жонлантириш, миллий медиа маконини замонавий талаблар даражасида ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу борадаги хорижий тажриба юзасидан қизғин фикр алмашилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019