Депутат:  “Йўлни ўзбошимчалик билан қазган, тўсиқ ўрнатганлар ким?“

10:35 05 Октябр 2019 Жамият
380 0

Кундалик ҳаётимизда шундай масалалар, муаммолар борки, уларга ҳар куни ҳаммамиз дуч келамиз, лекин эътибор бермаймиз.

Орамизда шундай одамлар ҳам борки, улар хоҳлаган ишимни қиламан, ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди, деб ўйлайди.

Бундай ҳолатларга биз депутатлар ҳам ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилган жараёнимизда кўп бора дуч келмоқдамиз. Масалан, учрашувларда одамлар томонидан энг кўп кўтарилган масалалардан бири ички автомобиль йўллари носозлиги, таъмирталаблиги, айниқса, жойларда фуқаролар томонидан ички автомобиль йўлларининг ўзбошимчалик билан қазилиши, бузилишидир.

Юртимизда аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида чекка-чекка ҳудудларда ҳам йўлларнинг ҳолатига катта эътибор берилаётган, бу жараёнлар, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кенг қулоч ёзаётган бир пайтда кимлардир ҳали ҳам ўзбошимчалик билан йўларни қазиганига, сунъий тўсиқлар қўйганига гувоҳ бўляпмиз.

Масалан, пойтахтимизнинг шундай кўчалари борки, автомобилларнинг ҳаракат тезлигини пасайтириш мақсадида ҳар 15 метрда дўнгил, яъни, сунъий тўсиқлар қўйилган. Яна кимлардир рисоладагидек асфальтланган кўчани ҳеч қаердан рухсат олмасдан, қудратли техника ёрдамида қазиган, иши битгач, яна ўз ҳолидек қилиб қўйиш хаёлининг кўчасига ҳам келмай, шундоқлигича қолдириб кетган. Натижада, йўлларда ўнқир-чўнқирлар ҳосил бўлиб, ноқулайликлар туғдирган.

Яхшики, мамлакатда қонун бор, тартиб-қоида деган нарсалар бор.

Аслида йўлларда фуқароларнинг хавфсизликни таъминлаш мақсадида сунъий тўсиқларни ўрнатишнинг ўз талаби, тартиби бор. Уларни мактаблар, боғчалар ва бошқа таълим муассасалари, умуман, зарур жойларга, белгиланган тартибда ўрнатиш керак. Аҳоли истаган йўлни қазиб, сунъий тўсиқ ўрнатиши мумкин эмас. Ахир ўзингиз айтинг, шошилинч ёрдам ҳисобланган “Тез тиббий ёрдам” машинаси тўсиққа дуч келиб, тезликни пасайтириши оқибатида кечикиб, инсонлар ҳаёти хавф остида қолмайдими? Ёки ёнғин хавфсизлиги техникаларининг йўлига ғов ҳосил қилиб қўйилса, у имиллаб етиб боргунича ёнғин чиққан бино ё иншоот олов қуршовида қолиб, ёниб-кул бўлади-ку?

Бу борада реал муаммолар турганида тегишли назорат инспекцияси нега уни кўтариб чиқмайди? Нега давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги масъуллари масалага бепарво?

Айни масала юзасидан ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббусни қўлга олди. Ички автомобиллар йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, сунъий тўсиқлар ўрнатишининг олдини олиш, бу борадаги тартиб-қоидалар белгиланган қонун ҳужжатларини қайтадан кўриб чиқишга жазм қилинди. Биринчи навбатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда амалиётда қўлласа ҳам, қўлламаса ҳам бўлаверадиган нормаларни қайтадан кўриб чиқишга киришилди.

Аҳолининг айни масаладаги эътирозларини инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида, йиғилиб келаётган муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига берилган ваколатлар билан йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлашда шаҳар кўчалари ҳамда бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш, тиклаш бўйича ишларни назорат қилиш функциялари, ишлар сифатини бузганлик ва ишларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарликни қўллаш, кучайтириш тартибларини белгилашдан иборатдир.

“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунда белгиланган норма талабларидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли қўшимчалар таклиф этилмоқда. Унга кўра, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, ишлар олиб бориш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик ҳамда сақлаш қоидаларини бузганлик учун нафақат мансабдор шахсларга, балки, фуқароларга ҳам жарима солиш таклиф этилмоқда.

Албатта, мазкур қонуннинг қабул қилиниши шаҳар ва қишлоқларимиз йўлларининг янада равон, обод бўлишига, аҳоли ҳаёт даражаси ҳамда сифатининг юксалишига ҳамда халқимизнинг рози бўлиб яшаши учун янада қулай шароит яратилишига хизмат қилади.

Лекин масала фақат қонун билан изига тушиб кетиши мушкул. Шу боис, ички йўлларнинг созлигини, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларнинг ўзбошимчалик билан қазилиши, сунъий тўсиқлар ўрнатилишига йўл қўймаслик мақсадида бу борада доимий равишда депутатлик, парламент назоратини амалга оширишимиз лозим. Бу жараёнда кенг жамоатчиликнинг ҳам иштироки муҳим аҳамият касб этади.

Аҳад АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019