Депутат​: Бугун тупроққа томган пешона теридан эртага олтин униб чиқади

11:42 25 Апрель 2020 Жамият
316 0

Коронавирус пандемияси дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги сиёсат ва чора тадбирлар етарли эмаслигини кўрсатди.

Мана шундай мураккаб вазиятда юртимизда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини тўлиқ қондириш, халқимиз даромадлари ва фаровонлигини сақлаш, юксалтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бинобарин, жамиятнинг ҳар бир аъзосидан бу борадаги мавжуд барча имкониятлардан унумли ва ўз вақтида оқилона фойдаланиш, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшиш талаб қилинади. Таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати эса ушбу чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилиши керак.

Маълумки, жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шуларга уйғун тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур муҳим ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида қуйи палата депутати масъуллигида Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлари ишчи гуруҳлари тузилди. Юртимиздаги мураккаб вазият, карантин ҳолатида уйда ўтириб, вақтни самарали ўтказиш, аҳоли ўз томорқасида экин экиши, ердан унумли фойдаланиши зарурлиги бўйича тарғибот ишлари йўлга қўйилди.

Қувонарлиси, ҳудудларда фуқаролар томонидан карантин талаблари тўғри қабул қилиняпти. Бинобарин, улар ўз томорқаларида енг шимариб астойдил меҳнат қилишяпти. Зеро, одамлар ҳалол пешона териси томган тупроқдан эртага албатта олтин битишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши, Китоб туманларидаги хонадонларининг томорқаларида бирламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилаётгани фикримизнинг тасдиғидир.

Биргина Шаҳрисабз шаҳри мисолида ушбу ишларни амалга ошириш таҳлилига назар ташласак, ҳудудда 40 та маҳалла фуқаролар йиғини, 23 459 та хонадон бор. Шулардан томорқаси мавжуд хонадонлар 19 802 та , кўп қаватли хонадонлар 4 036 тани ташкил этяпти. Шаҳардаги 431 гектар томорқа экин майдонининг 231 гектарига тўқсонбости экинлари, 170 гектар ерга эртачи сабзавот экинлари экилган.

Депутатлар фаолияти ва амалий ёрдамлари натижасида 30 гектар ер майдонига ҳам экин экиш ишлари бошлаб юборилди. Ишчи гуруҳ ва маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Шаҳрисабз шаҳар бўлими ташаббуси билан аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган хонадонларнинг манзилли рўйхати тузилди. Уларга ҳомийлик ҳисобидан 4,5 млн. сўмлик кўчат ниҳоллари олиб берилди.

Албатта, беш бармоқ баробар эмас. Масалан, айрим маҳаллаларда томорқадан унумли фойдаланишга эътиборсизлик билан қаралган, катта томорқалар қаровсиз қолган ҳолатлар ҳам мавжуд. Ҳудуддаги экин экиш суст олиб борилаётган 10 та маҳаллада тарғибот ишлари кучайтирилди, ташкилотлар ҳам бириктирилиб, ишлар жадаллаштирилди.

Хусусан, шаҳарнинг Чоштепа маҳалласидаги 10дан ортиқ хонадонлар томорқалари бўш ётгани аниқланиб, хонадон эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилди. Картошка, булғор қалампири кўчатлари етказиб берилиб, эктирилди. Шаҳрисабз шаҳридаги Кеш маҳалласидаги 3 та иссиқхона ерларига бодринг, булғор қалампири, кўчат ниҳоллари ўтқазилди.

Шаҳарнинг Синабоғ, Уймовут, Наматон, Оммағон маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқаролар эса ўз томорқаларидан унумли фойдаланишмоқда. Бунга муштарак тарзда иссиқхона ва артезиан қудуқ қуриш учун масъуллар жалб қилиниб, 10 та хонадонга 20 млн. сўмлик субсидиялар ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Яна 40 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга худди шундай субсидиялар ажратилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳолбуки, шундай экан, инсон меҳнатидан экин майдонлари яшнаб турган хонадонларга кирсангиз, кўзингиз қувонади, кайфиятингиз кўтарилиб кетади. Ахир, уй эгалари эртага бугунги меҳнатининг мевасини олади, даромад қилади. Дастурхони тўкин бўлади, фарзандининг келажаги учун сармоя киритади.

Зеро, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш нафақат инсон қорнини тўйдиради, балки қадрини ҳам оширади. Шаҳрисабзнинг Синабоғ кўчасида ана шундай фикрлайдиган хонадон эгалари кўр. Улардан бири Абдуқаҳҳор Таниқуловлар оиласидир. Бу инсон 14 сотих ер майдонида лимон, кўкатлар, помидор, бодринг ва бошқа турдаги экинлар етиштириб келади. Шунга яраша ойига қарийб 6 миллиондан даромад қилади. Шу билан нафақат ўз рўзғори бекаму кўстлигини таъминлайди, режаларини амалга оширади, балки бошқаларга ҳам ёрдам беради, қийналиб қолганларнинг ёнидан киради, саховатни канда қилмайди. Эътиборлиси, бугун вилоятнинг бошқа туманларида ҳам мана шундай дунёқарашга эга оддий оилалар сони кўпайиб боряпти. Бундай ҳаракат қанчалик кенг қулоч ёзса, нафақат бугунги синовли кунларни ортда қолдириши шунча осон кечади, балки келажакка бўлган ишонч янада мустаҳкамланади.

Бу эса парламент аъзоларидан жамиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли ва манзилли ишларда янада фаол бўлишларини тақозо этади.

Ш.Холмахаматова

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?