Депутат: Аҳолининг намунавий уйлар бўйича эътирозлари асосли чиқди

09:45 14 Август 2019 Жамият
179 0

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида аҳоли мурожаати асосида Тошкент вилояти Янгийўл тумани Саховат маҳалласи, Саховат кўчасидаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг аҳволи билан танишганини билдирган. 

“Шу йилнинг апрел ойида тугалланиши ваъда қилинган уйлар ҳамон тўлиқ эгаларига топширилмаганлиги ва қурилишдаги сифатсиз ишлар ҳақида аҳоли вакиллари ўтган ҳафтада Янгийўлдаги қабулхонамга келиб мурожаат қилишганди, - дейди депутат. 

-Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мурожаат жойида ўрганилгандагина асл ҳақиқат намоён бўлади. Шу боис, қурилишга масъул “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК ва туман ҳокимлиги масъулларини жойига таклиф қилиб, муаммони ўрганиб чиқдик.

Очиғи аҳоли вакиллари нолиганича ҳам бор экан: жами 76 та уйнинг 60 га яқинида хонадон эгалари у ёки бу даражада қурилиш ишларидан норози, аксарияти қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани учун уйларни қабул қилиб олишмаган. Шу боис, уйлар ҳамон табиий газ билан таъминламаган, янги кўча чанг тўзон ва шағалдан иборат бир аҳволда. Шунингдек, бир қатор хонадонлардаги ҳаммом, қозонхона, эшик, канализация, ҳовли саҳнидаги бетон ва электр токи монтаж ишлари қурилиш талабларига мос олиб борилмаган, айрим қурувчи усталар иш ҳақларини ола олмай сарсон...

Барча камчиликлар билан танишгач, аҳоли эътирозлари бежизга эмаслигини тушундик. Сўнг шу ернинг ўзида тез муддатда қурилиш таъмирлаш ишларини охиригача етказиш бўйича ишлар режалаштириб олинди. 

Ҳар тугул бу сафар бир-биримизни яхши тушундик, шекилли “Қишлоқ қурилиш инвест” масъуллари эътиборсизлик қилган қурилиш ишларини қаттиқ назоратга олиб, камчиликларни бартараф қилишга киришишди. Ҳокимлик ҳам эрталабдан ваъда қилинган ишларни бошлаб юборибди. Насиб қилса шундай рухда охиригача боради.

Депутатлик назорати деган гапдан келиб чиқиб, ишлар охирига етмагунча ҳар ҳафта бир оёғимиз шу ерда бўлади энди”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019