Эски колхозларнинг дала шийпонида ўқув-машғулотлари ўтиб келинмоқда. Ёхуд фарзандларимиз таълим-тарбиясига бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ

14:17 21 Ноябрь 2020 Жамият
378 0

Таълим тизимига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Зеро, энг яхши инвестиция бу келажак авлод учун сарфланган инвестиция ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Денов туманидаги мактаблар янги қиёфа касб этмоқда, янги таълим муассасалари қад ростлаяпти. Уларда ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳозирда туманда 98 та умумий ўрта таълим мактаби, 70 та филиал ҳамда 5 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият олиб бормоқда.

Яқинда тумандаги шароити талаб даражасида бўлмаган 17 та мактаб, 7 та филиалларнинг ҳолати бевосита ўрганилди. Очиғини айтиш керак, аҳвол яхши эмас.

Сабаби, ўрганилган мактабларнинг аксарият бинолари ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, ўқув-парталари эски, иситиш тизими (буржуйка печлар ҳам бор) яхши ишламайди, синфхоналар етишмайди, тоза ичимлик суви йўқ. Дераза, эшиклар қарийб яроқсиз ҳолга келиб қолган, ҳовли ва йўлакчалари носоз эканлигининг гувоҳи бўлдик. Энг ачинарли аҳвол филиалларда бўлиб, эски колхозларнинг дала шийпонида, боғчаларда ёки аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган биноларни мослаштирган ҳолда ўқув-машғулотлари ўтиб келинмоқда.

XXI аср ахборот технологиялари асри сифатида кириб келди. Ахборот технологиялари аллақачон ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган. Болаларимизни иқтидорли, замонавий билимлар эгаси қилиб тарбиялаш учун компьютер саводхонлигининг аҳамияти юқори, албатта. Шундай бўлишига қарамай, тумандаги 4 та мактаб компьютер билан таъминланмаган, 18 та мактабнинг компьютерлари эса анча эскирган. 23 та таълим масканида оптик толали тармоқ орқали интернет алоқа тизими йўлга қўйилган холос. Демак, қолган мактабларда интернет алоқаси деярли йўқ, деса ҳам бўлаверади.

Спорт бор жойда саломатлик бўлади, деган гап бор. Лекин шунга қарамай, 30 та мактабда ёпиқ спорт иншооти (зал) йўқ бўлса, қолган мактаблар спорт анжомлари билан қисман жиҳозланган. Ҳудуддаги мактабларнинг очиқ спорт майдончаларини ҳам яхши, деб бўлмайди. Биз бир нарсани унутмайлик, соғлом бола эртага соғлом инсон бўлиб вояга етади, руҳи тетик, тани бақувват, фикри тиниқ бўлади. Бундай ёшлар жамиятни бойитади, ҳеч қачон адашмайди.

Яна бир гап, мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи, бошқача айтганда уларни бошқарадиган туман Халқ таълими бўлимининг ўзида етарлича шароит йўқ. Хоналар етишмаслиги натижасида ходимлар тиқилишиб жойлашган, жой йўқлигидан ҳужжатлар уйим бўлиб ётибди.

Куз ҳам ўтиб, қиш киришига саноқли кунлар қолди. Ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Мактабларни ўрганиш давомида ўқитувчиларимиз хоналарнинг исимаслигига яна бир сабаб сифатида сифатсиз кўмир тарқатилганлигини алоҳида таъкидлашди...

Албатта, юқоридаги муаммолар бир икки йилда эмас, йиллар давомида соҳага етарлича берилмаган эътибор натижасида йиғилиб қолган. Ўрганиш якунида аниқланган мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокими билан режаларни белгилаб олдик. Болаларнинг ўқиш, спорт билан шуғулланиш, яхши инсон бўлишга интилиш ҳисси энг қимматли кучдир. Фикрни бир жойга қўйиб, камчиликларни тузатиш, спорт заллари қуришнинг имконини қилса бўлади, деб ўйлаймиз.

Шундоқ ҳам фидойи бўлган ўқитувчидан натижа, келажак авлоддан юксак марраларни забт этишни кутар эканмиз, аввало, уларга етарлича шарт-шароит яратиб беришимиз зарур, назаримда.

Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?