Денни Лайпцигер: Юқори масъулият ва шаффофлик таъминланган жойда иқтисодий ўсиш, фаровонлик даражаси юқори бўлади

16:16 27 Август 2018 Иқтисодиёт
655 0

Иқтисодий ўсиш, инфляция ва аҳоли бандлиги. Шубҳасиз, булар ҳар қандай мамлакат олдидаги асосий макроиқтисодий масала ҳисобланади. Бироқ ушбу вазифаларнинг барчасини мақсад қилиб олган ҳукумат уларга бир вақтда эриша олмайди. Агар юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичи таъминланса, инфляция ҳам баланд бўлиши, паст инфляция бўлганда эса ишсизлик даражаси ўсиб кетиши, оқибатда бандлик даражасининг пасайиши кутилади. Шу сабабли, дунёнинг аксарият давлатлари ўз олдига инфляция даражасини маълум даражада ушлаб, иқтисодий ўсишни максималлаштиришни бош мақсад қилиб қўяди.

Бинобарин, иқтисодий ўсиш, аввало, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун зарурдир. Чунки бунга эришиш йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар жамиятининг барча жабҳаларини қамраб олади. Натижада аҳоли юқорироқ даромадга эга бўлади, сифатли тиббиёт хизматидан фойдаланилади, пировардида умр кўриш даражаси ошади. Шу боис ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини излаб топиш одамлар турмуш тарзини яхшилашнинг бирдан-бир йўли сифатида қаралади.

Хўш, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон ушбу мақсадга эришиш учун қандай йўл тутмоқ керак? Бу жараёнда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Мухбиримиз шу каби долзарб саволларга ойдинлик киритиш мақсадида бир неча ойдан буён Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорлик қилиб келаётган иқтисодий ўсиш масалалари бўйича эксперт, Жорж Вашингтон университети (АҚШ) профессори, Жаҳон банки Иқтисодий маслаҳатчилар кенгаши маслаҳатчиси Денни Лайпцигердан эксклюзив интервью олди.

— Мутахассислар иқтисодий ўсишга эришмасдан туриб, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтириб бўлмаслигини қатъий таъкидлашади. Шу маънода, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадини икки марта оширишни мақсад қилган Ўзбекистонда бунинг учун қандай ишлар амалга оширилиши керак?

— Чиндан ҳам, иқтисодий ўсиш кузатилмаётган жойда аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши кутилмайди. Акси бўлганда эса янги иш ўринлари яратилади, қўшимча даромад манбаи шаклланади, қашшоқлик даражаси кескин пасаяди. Бунга Хитой, Жанубий Корея ва Вьетнам каби мамлакатлар тажрибаси яққол мисолдир.

Дунёнинг саноқли давлатларгина барқарор равишда йилига 7 фоиз иқтисодий ўсишга эришган. Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар кутилган натижаларни бера бошлагач, ҳадемай, у шундай мамлакатлар қаторига кириш имкониятига эга бўлади. Гап бу ерда фақат юқори иқтисодий ўсишга эришиш масаласида эмас, балки ундан ким наф кўриши ҳақида ҳам кетмоқда. Шундай экан, миллатнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган иқтисодий ва ижтимоий сиёсат мақбул мувозанатини таъминлаш лозим.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни икки марта ошириш учун Иқтисодий ўсиш ва ривожланиш комиссияси ислоҳотларни тўғри амалга ошириш кераклиги, бу эса узоқ муддатли жараён эканлигини таъкидлайди. Аввало, иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарур. Яъни капитал ресурслари, биринчи навбатда, самарадорлиги юқори секторларга йўналтирилиши, инсон капитали ривожлантирилиши ва ундан унумли фойдаланилиши, тўғри нарх сигналларини акс этган ишлаб чиқариш ташқи бозорларда рақобатдош ва экспортбоп бўлиши, иқтисодий сиёсатнинг барқарор ва тўғри координация қилиниши, мамлакат келгуси 10 ёки 20 йил ичида қандай ривожланиш даражасига эришиши тўғрисида аниқ мақсадларга эга бўлиши лозим.

Тўғри, санаб ўтилган мазкур беш омилга эришиш осон эмас. Ўзбекистон учун эса янада мураккаб жараёндир. Сабаби, у ҳали бозор иқтисодиётига ўтиш босқичида. Модомики, омилларнинг барчасига бирданига эришиб бўлмас экан, дастлаб иқтисодиётни ортга тортаётган соҳалар аниқланиб, улардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш режалари пухта тузилиши шарт.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган валюта сиёсати ва нарх либерализацияси ислоҳотларда туб бурилиш ясашда асосий қадам бўлди. Бу янгиланишлар, умумий маънода, Давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган инвестицияларни йўналтириш, жумладан, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда янги технологияларни жорий қилиш йўлида изчил давом эттирилиши керак.

Бизнинг маълумот: Иқтисодий ўсиш ва ривожланиш комиссияси (The Commission on Growth and Development) Жаҳон банки, Швеция, Голландия ва Буюк Британия ҳукуматлари ҳамда Уильям ва Флора Хьюлет жамғармаси ташаббуслари асосида 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, у Нобель мукофоти совриндори Майкл Спенс бошчилигида ўз ичига ҳукумат, бизнес ва иқтисодий сиёсат соҳасидаги етакчи амалиётчиларни бирлаштиради. Комиссиянинг асосий мақсади иқтисодий ўсиш ва қашшоқликни камайтириш масалаларини чуқур ўрганиб, жаҳон ҳамжамиятига натижаларини эълон қилиш киради.

—Сизнингча, қайси соҳалар Ўзбекистонда, биринчи навбатда, ислоҳ этилиши зарур?

— Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳукумат ислоҳотларнинг тўғри ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрмоқда. Шу билан бирга, муайян ислоҳотларнинг нима учун амалга оширилаётгани, уларнинг асосий мақсадлари ва узоқ муддатда қандай наф олишлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бунда Молия вазирлиги ҳузурида янги ташкил этилган Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг роли катта бўляпти. Унинг жараёндаги иштирокини янада кучайтириш зарур.

Айтиш жоизки, белгиланган вазифаларга эришишда эски усуллардан янги усулларга ўтиш тақозо этилади. Ҳукумат эса бу ўтиш даври қийинчиликларидан хабардор бўлиши ва уларга тайёр бўлиши даркор. Мен ялпи ички маҳсулот ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имконини берувчи қишлоқ хўжалиги, давлат корхоналаридан кўра кичик ва янги корхоналарга кредит ресурсларини ажратиш, энергетика сектори самарадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур бошқарув ва суд ислоҳотлари, шунингдек, давлат ва хусусий корхоналар экспортини рағбатлантиришни ислоҳотларнинг устувор йўналишлари рўйхатининг олдинги қаторларига киритган бўлардим.

— Айни чоғда давлат корхоналарининг самарадорлиги ҳақида қандай фикрдасиз?

— Давлат корхоналари ҳақидаги фикрим ҳар доим прагматик. Нега деганда, айрим саноат тармоқларининг табиати уларнинг давлат корхоналари сифатида иш юритишини талаб этади. Бошқалари эса бундай мақомда иқтисодий афзалликка эга эмас. Бундан ташқари, иккала ҳолатга ҳам бир вақтда тегишли “кулранг соҳалар” мавжуд. Сув ва санитария хизматлари кўрсатишни айни шу тоифага киритаман. Негаки, унинг фаолияти давлат корхонаси сифатида самарали ёки самарасиз бўлиши мумкин. Бундай фирма хусусий бўлганда ҳам тартибга солиш органи фаолиятининг сифатига боғлиқ равишда самарали ёки самарасиз бўлиш эҳтимоли катта. Лекин халқаро тажрибада цемент, автомобиль ишлаб чиқариш ёки тўқимачилик саноатида самарали давлат корхоналари камдан-кам учрайди.

Ресурсларни керак бўлмаган соҳадаги давлат корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳолат хусусий капитални сиқиб чиқаради. Бунинг устига, бундай корхоналар монополия мақомига эга бўлса, улар ўта юқори даражадаги нархлар ўрнатиб, янги фирмаларнинг бозор иштирокчиси сифатида фаолият юритиши ва соғлом рақобатни таъминлашига тўсқинлик қилади.

Жаҳон тажрибасида хусусий сектор яхшироқ хизмат кўрсатиши мумкинлигига ишонч катта. Бироқ хусусий сектор унинг фаолияти тўғри тартибга солингандагина яхши натижа беришини унутмаслик жоиз. Давлат корхонаси монополиясини хусусий корхона монополиясига алмаштиришнинг ҳеч қандай афзаллиги йўқ. Бунга мисол тариқасида Мексикада амалга оширилган телекоммуникация секторини хусусийлаштириш оқибатларини эслаш кифоя. Демак, хусусийлаштириш жараёнини тўғри тартибга солиш, муҳими, бошқарув билан биргаликда амалга оширилиши лозим.

— Иқтисодий тараққиётда рақобатнинг ўрни ҳақида кўп гапирилади. Айтинг-чи, ислоҳотлар муваффақиятли бўлишида рақобат қандай роль ўйнайди?

— Ушбу боғлиқликни пайқаганингиз жуда тўғри. Шуниси аёнки, ички бозори ҳимояланиб, паст даражадаги рақобатга эга давлатлар камдан-кам ҳолатда глобал бозорда рақобатдошдир. Бозор иқтисодиётига ўтувчи мамлакатларда, одатда рақобат қўмиталари ҳукумат эътиборидан четда қолиб, улар қонуний ваколатлари чекланган бўлади. Шунинг учун маҳаллий фирмалар ички бозорда ўзини яхши ҳис қилади. Ахир, импорт чекловлари уларнинг ҳолатларини мустаҳкамлашга ёрдам вазифасини ўтайди. Бундай ҳолатда ушбу фирмалар янада самарали бўлишга интиладими? Хориж мамлакатлари бозорига чиқишга ҳаракат қиладими? Ишончим комилки, дунё миқёсида рақобатдошликка эришиш учун фирмалар маҳаллий бозорда ўз мавқеи учун курашиши керак ва бу ички рақобат даражаси муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Яна бир омил — технологиянинг ишлаб чиқариш жараёни ва жойи қайси турдаги янги маҳсулотларни таклиф этиш йўлларини ўзгартирмоқда. Бу фирмаларнинг ўзгаришларга мослашувчан ҳамда келажакка назар солиб фаолият юритишини талаб этади. Бундан ташқари, янги фирмалар ўз ғоя ва технологиялари билан бозорга кира олиши, керак бўлганда, молиявий ресурслар топа олиши, катта ҳажмда ишлаб чиқариб, экспорт қила олиши лозим. Бу маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тегишли бўлса-да, хизматлар соҳасида қўлланилиши кўпроқ учрайди.

Бир сўз билан айтганда, рақобат бозор самарасини оширади.

— Гарчи бозор иқтисодиёти юқори натижаларга эришиш имконини берса-да, бир қатор давлатлар саноат сиёсатини амалга оширган ва бу орқали устувор корхоналарни танлаб олган. Ўзбекистон қандай иқтисодий сиёсат юритиши керак, деб ўйлайсиз?

— Саноат сиёсати кўплаб шаклларда намоён бўлиши мумкин. Агар ҳукумат устувор корхоналарни керакли шарт-шароит яратмасдан танласа, бундай қарор муваффақиятсиз бўлиш эҳтимоли юқори. Макроиқтисодий бошқаруви суст бўлиб, иқтисодий ресурс нархлари ва тақсимланиши нотўғри бўлган давлатларда саноат сиёсатини юритиш яхши ғоя ҳисобланмайди. Шарқий Осиёдаги бир қатор давлатлар бундай сиёсатни амалга оширган, баъзилари яхши натижаларга эришган бўлса-да, йўл қўйилган хатолар, коррупция ва устувор бўлмаган саноатга кўрсатилган босим эвазига ушбу амалиёт қимматга тушган.

Бундай сиёсатни қўллаш учун етарли шарт-шароит мавжуд бўлган Жанубий Корея ва Малайзияда мазкур тажриба муваффақиятли жорий этилди. Сингапурда фаол саноат сиёсати билан бирга, махсус давлат ва бизнес орасидаги муносабатлар ҳам ўрнатилган. Хитой келажакда кучли давлат сиёсати юритишини эълон қилди, лекин олдинда уни молиялаштириш учун катта миқдордаги жамғарма фондларини тўғри йўналтириш масаласи турибди.

Кўп мамлакатлар муайян турдаги инновация сиёсатига эга ва бунда қўйиладиган асосий талаб хатти-ҳаракатларнинг қанчалик муваффақиятли ва самарали ташкил қилинишидир. Инновация сиёсатини тўғри амалга оширган мамлакатларда очиқ бозор, етарли венчур капитали мавжуд ва экспортни рағбатлантирувчи муҳит ҳукм сурган. Инновация сиёсати ва саноат сиёсати ўртасида катта фарқ бўлса-да, бир секторга иқтисодий сиёсатни йўналтириш мумкин. Шундай экан, бозор муносабатларига ўтиш даврида тор даражадаги саноат сиёсатидан узоқ турган маъқул.

Бизнинг маълумот: бозор иқтисодиётининг неолиберал моделларида иқтисодий ўсиш барқарор бўлмаган ҳолатлар кўп. Бундан ташқари, давлат ролини камайтирувчи иқтисодий либерализация ислоҳотлари жамиятда ижтимоий дисбаланслар келтириб чиқариши маълум. Саноат сиёсати, бошқа томондан, давлат аралашуви орқали иқтисодий ривожланишга эришишни тақозо этади. Бунда ҳукумат устувор корхоналарни танлаб, уларнинг ривожланиши учун алоҳида бизнес муҳит яратади.

— Ўзбекистонда макроиқтисодий бошқарувнинг амалга оширилиши ва координацияси ҳақида фикрингиз ҳам биз учун қизиқ...

— Макроиқтисодий бошқарув ҳукуматнинг сиёсий кучини ифодалагани боис уни қўллаб-қувватлаш керак. Макроиқтисодий машинанинг турли қисмлари бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилиши ва оғир вазиятларга тайёр бўлиши зарур. Бу етарли захира йиғиш ёки келажакка қаратилган барқарор бюджет даромадларини таъминлашни назарда тутади. Шарқий Осиёда мамлакатлари иқтисодий муваффақиятларидан келиб чиқадиган хулоса шундай.

Қолаверса, 2008-2010 йиллардаги иқтисодий инқироздан сўнг глобал бозорда ноаниқлик ошди. Бошқача айтганда, кеманинг сувда сузиши қийинлашди, глобал қиймат занжирлари ўзгарди ва янги технологиялар тарқалиб кетаётган замонда кўп мамлакатлар миллийлик устуворлиги ғояларини олға сура бошлади. Шу тариқа келажакда бўлиши мумкин бўлган бундай ўзгаришларни акс эттирган, яъни “агар бундай бўлса, ...” каби ҳолатларга бардош бера оладиган макроиқтисодий бошқарув энг яхши амалиётга айланди.

— Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида аҳолининг айрим қатламлари салбий таъсир остида қолишидан хавотирга тушади. Бу қанчалик ўринли? Шундай бўлган тақдирда ҳукумат қандай йўл тутиши лозим?

— Ҳукумат ва унинг маслаҳатчилари, жумладан, Жаҳон банки ва бошқа турли йўналишларга эга бўлган ташкилотлар иқтисодий ислоҳотларнинг оқибатлари ҳақида етарлича хабардор бўлгани учун улар иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни юритишга маъсулият билан ёндашмоқда. Аҳолининг заиф қатламларига cамарали равишда ижтимоий ҳимоя йўлга қўйилгани шубҳасиз бўлса-да, нарх, ер ва меҳнат бозоридаги бузилишлар уй хўжаликларининг даромад ва харажатлари ҳақидаги аниқ маълумотлар асосида ҳисобга олиниши керак. Бунда Вьетнам тажрибасини қўллаш мумкин. Яъни нисбатан даромад тенглигини таъминлаш ҳукумат томонидан устувор йўналиш сифатида қаралиши лозим.

Шу билан бирга, иқтисодий имкониятларнинг нисбий тенглигини таъминлаш ҳам муҳим. Агар таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий активлардан фойдаланиш чекланган бўлса, келажакда даромад ва бойликнинг тақсимланиши янада нотекис бўлиб боради. Бундай ҳолатдан сақланиш лозим. Юқори ўсиш стратегиясининг бир қисми сифатида давлат мақсадлари экологик барқарорлик ва инклюзив сиёсат, жумладан, жамиятдаги аёлларнинг иқтисодий интеграцияси ҳам қамраб олиши керак.

Бундан ташқари, мулкка нотўғри эгалик қилиш ёки салбий корпоратив бошқарув муаммоларининг олдини олиш учун давлат ёки шахсий манфаатлар назорат остида бўлиши лозим. Юқори масъулият ва шаффофлик таъминланган мамлакатларда, албатта, фаровонлик даражаси ҳам юқори бўлади. Бозор муносабатларига асосланган Скандинавия давлатлари иқтисодиёти бунинг ёрқин далилидир. Демак, ҳукуматлар тенгсизликка қарши курашда тўғри мотивация, мўлжал ва маълумотга эга бўлиши керак.

“Халқ сўзи” мухбири Саид РАҲМОНОВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар