Дэниел Розeнблюм: “Ўзбeкистон ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда улкан ютуқларга эришмоқда”

16:35 19 Август 2019 Жамият
224 0

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида “Дунё” АА мухбири Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм билан мамлакатимизда ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида суҳбатлашди.

— Элчи жаноблари, суҳбатимиз Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг 28 йиллиги кенг байрам қилинаётган шукуҳли кунларда ўтяпти. Айтинг-чи, Сиз ушбу байрамнинг аҳамиятини нималарда кўрасиз?

— Ўзбекистон мустақиллигини нишонлаш менга 4 июль куни байрам қилинадиган Америка Қўшма Штатлари мустақиллигини эслатади. Чунки америкаликлар ҳам худди Ўзбекистон халқи сингари ўз миллий суверенитетини ўта қадрлайди. Эҳтимол шу боис АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб эътироф этган ва сўнгги 28 йил давомида биз Ўзбекистоннинг ўз йўлини мустақил белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган, аввало, ён-атрофдаги давлатлар билан яхши қўшничилик сиёсати Ўзбекистон суверенитетини мустаҳкамлади. Давлат раҳбарининг ички ислоҳотлар дастури муваффақиятли амалга оширилса, бу суверенитет янада мустаҳкамланади ва мамлакат порлоқ келажакка эга бўлади.

— Анъанага мувофиқ, Ўзбекистонда ҳар йил аниқ бир ижтимоий йўналишга бағишланади. Айни пайтда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури изчил бажарилмоқда. Мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш йўлида қилинаётган ишларга қандай баҳо берасиз? Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларни ислоҳ қилишда қўлга киритилаётган натижалар ҳақидаги фикрларингизни ҳам билдирсангиз.

— Мамлакат раҳбариятининг ислоҳотлар дастури Ўзбекистонда бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш ва республикани хорижий тадбиркорлар, жумладан, АҚШ инвесторлари учун янада жозибадор қилишга қаратилган. Ислоҳотлар жараёнида АҚШнинг кўплаб компаниялари Ўзбекистонга келишига ишонамиз. Уларнинг сармояси икки мамлакатда ҳам янги иш ўринлари яратишга ёрдам беради.

Шу йилнинг ёзида АҚШ савдо вазирлиги томонидан сертификатланган савдо миссияси биринчи марта Ўзбекистонга келди. Мазкур ташриф дастурида қатнашган 13 фирма Американинг етакчи компаниялари сирасига киради ва ишонамизки, улар ўзларининг маҳсулотлари ва хизматларини сотиш ҳамда ўзбекистонлик шериклар билан қўшма корхоналар тузиш учун истиқболли имкониятларни белгилаб олди. Ушбу имкониятлар амалдаги сармоя лойиҳаларига айланиши учун Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ваъда қилинган доимий эътибор ва ёрдам сўралади.

Ўзбекистон ўзининг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар дастурида, масалан, диний эркинлик, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, меҳнат ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ соҳасида жиддий ютуқларга эришди, шунингдек, иқтисодий соҳада қатор муҳим натижаларни қўлга киритди. Пул-кредит сиёсати, солиқ сиёсати ва бизнесни тартибга солиш шулар сирасидандир. Президент ва ҳукумат аъзолари ҳали олдинда бажарилиши керак бўлган катта ишлар борлигини тан олади. Баъзи ислоҳотлар бўйича ҳаракатлар якунланмаган, бошқалари эса энди бошланмоқда.

Мен турли вазирлар ва бошқа расмий шахслар билан суҳбат жараёнида шуни ҳис этдимки, улар дуч келаётган қийинчиликлар кўламини яхши англайди. Масалан, давлат корхоналарини реструктуризация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Бу жуда зарур, аммо айни пайтда жуда мураккаб ва сиёсий таҳликаларни ўз ичига олади. Шу пайтгача бўлган ёндашувда мен юқори баҳолайдиган ҳоллардан бири шуки, мулозимлар муаммоларни аниқлашга, камчиликларни тан олишга ва қийин вазифаларни бажаришга тайёр. Шунингдек, улар чет эллик ҳамкорлардан ёрдам сўрашга тайёр.  Бундай ёндашув давом этади, деб умид қиламан. Америка Қўшма Штатлари, бошқа кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар самарали билим ва тажриба таклиф қилиши мумкин ва ёрдам беришни истайди. Биз шу пайтгача эришилган ютуқларни олқишлаймиз ва ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга хайрихоҳмиз.

— Ўзбекистон мустақилликка эришгач, вазмин ва салмоқли ташқи сиёсий курсни танлади. Унинг асосини миллий суверенитетни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро сиёсатдаги ролини ошириш каби биринчи даражали вазифалар ташкил қилади. Бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари билан муносабатлар янада изчиллик касб этди. Ўзаро алоқалар фаол ривожаланаётганини назарда тутган ҳолда эришилган келишувлар қандай амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Вашингтонга ташрифи икки томонлама муносабатлардаги муҳим босқич бўлди. Ушбу ташриф якунлари Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликдан ўзаро манфаатдор эканлигимиз ҳамда бутун минтақа барқарор ва фаровон бўлиши умумий мақсадимиз эканини намойиш этди, мамлакатларимиз ўртасида чинакам стратегик шериклик учун замин яратди. Томонлар имзоланган қатор шартномаларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, таълим, энергетика ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш каби кўплаб муҳим соҳаларда ҳамкорлик қилишни ўз зиммасига олди.

Ушбу келишувларни амалга ошириш борасида эришилган ютуқлардан жуда мамнунмиз. Иккала йўналишда ҳам қатор юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Масалан, ўтган йил октябрь ойида савдо вазиримиз Ўзбекистонда бўлди, ўтган ой Ўзбекистон мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари АҚШга ташриф буюрди. Шуниси муҳимки, биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий савдо-сотиқ ва энергетика алоқаларини ривожлантириш каби кўплаб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз.

— Давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари қандай бўлади, деган фикрдасиз?

— Муносабатларимиз истиқболлари жуда ёрқин. Элчи сифатида менинг устувор вазифаларимдан бири — бу Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари фуқаролари ўртасидаги муносабатларни рағбатлантиришдир. Бу ишбилармонлар, талабалар, ўқитувчилар, олимлар, санъаткорлар ва оддий фуқаролар ўртасидаги алмашинув ва туризм орқали алоқаларни ривожлантиришни англатади. Оддий кишилар ўртасидаги муносабатлар қанчалик мустаҳкам бўлса, ўзаро ҳамкорлигимиз ҳам шунчалик равнақ топади.

— Яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни олдидан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

— Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва бахт-саодат тилайман.

 

“Дунё” АА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019