“Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди”​ — Навоийдаги ННТ вакиллари Мўйноққа борди

12:08 11 Март 2020 Жамият
312 0

Муйноқ туманида олиб борилаётган ишларга Навоий вилояти жамоатчилиги номидан фаол муносабат билдириш, ушбу муҳим жараёнга фуқаролик жамияти институти вакиллари эътиборини қаратиш ва ўзларининг ҳиссалари қўшиш мақсадида Навоий вилоят ҳокимлиги ва Навоий вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан экотур ташкил этилди.

“Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди” шиори остида ташкил этилган мазкур экотур иштирокчилари даставвал Мўйноқдаги замонавий “IT Park” ва кутубхона билан танишдилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари 1980 йилда ташкил этилган ва

2019 йилда тўлиқ қайта реконструкция қилинган Мўйноқ экология музейига ташриф буюришди, музейдаги Орол денгизи ва ҳудуд аҳолисининг маданий ҳаётидан сўзлайдиган экспонантлар билан танишиб, музей маъмуриятига навоийлик рассомларнинг Оролбуйига бағишланган ижод намуналарини совға қилишди.

Экотур Мўйноқдаги “Навоий ташаббус боғи”да давом этди. Иштирокчилар эзгу ният билан вилоятдан олиб борилган, иқлимга мос 100 дан ортиқ дарахт кўчатларини ўтқазишди.

Шундан сўнг, Мўйноқ болалар ва санъат мактабида навоийлик маданият ходимлари – хушовоз хонандалар томонидан ҳудуд аҳолиси ва ёшлари учун тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Экотурнинг кейинги манзили “Кемалар қабристони” бўлди. Бу ерда ҳам экотур иштирокчилари томонидан 2000 дан ортиқ саксовул кўчатлари экилди ва ҳудуддаги биохилма-хилликни таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида 10 жуфт каклик  табиат қўйнига учириб юборилди.
 

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?