Демократик ва очиқ мулоқот майдони яратилади

11:45 09 Май 2018 Жамият
487 0
Фото: ar.pinterest.com

Президентимизнинг 2018 йил 4 майда қабул қилган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасига қурилган кўприк ҳамда уларни якқадам қиладиган демократия дарсхонаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Фармон нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини тартибга солувчи қонун нормаларидаги бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, эскирган ортиқча бюрократик талаблар ҳамда ғовларни бартараф қилишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Фармонда бу борада тилимизнинг учида турган муаммолар, фаолиятнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар кескин танқидий таҳлил этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Кўпдан буён нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мутасадди давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарасизлиги, мулоқот майдонининг шаффоф эмаслиги намоён бўлиб қолаётган эди.

Президентимиз ушбу Фармон билан бу борадаги кўплаб муаммо ва тўсиқларга чек қўйиш бўйича муҳим вазифаларни олдимизга белгилаб берди. Мазкур ҳужжат сўзсиз давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама тараққий топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкоравийликка майдон яратади. Фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш орқали жамиятда эркин фикр, фаол фуқаролик позицияси, эртанги буюк келажакка ишончини мустаҳкамлашга имкон туғдиради. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб боради, уни ташкилий жиҳатдан таъминлаш эса Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Фармонда нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгилангани, Жамоат фонди маъмурий харажатларининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажати суммасининг 30 фоизидан (амалда 20 фоизни ташкил этарди) ошмаслиги, пенсионерларга пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда тўлиқ тўланиши белгилаб қўйилди. Қувонарлиси, ҳужжат билан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини ташкил этиш ва 2019 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетлардан зарур маблағлар ажратилиши юзасидан ҳокимликларга аниқ вазифалар қўйилди. Энг асосийси, энди нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари имтиёзли асосда ўз биноларига эга бўлади. Яъни жойларда бўш ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил қилинади ҳамда уларга нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш назарда тутилган. Шу билан бирга, Фармон манфаатдор вазирлик ва идораларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул тайинлаши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувини қўллаш амалиётини ташкил этиш, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис қилиш таклифи киритилгани, рағбатлантириш борасидаги ва бошқа қатор имтиёзлар жамиятимизда катта имконият, салоҳиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтларининг янада мустаҳкам ривожига истиқбол эшикларини очади.

Президентимиз бугун олдимизга фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари олий даражада таъминланган, инсон қадри олий қадриятга айланган, адолатли, одамларни рози қиладиган янги жамият қуришни юксак мақсад сифатида қўйдилар. Аждодларимиз орзу этган бундай жамиятни барпо қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамжиҳатликда, қўлни-қўлга берсак, ижтимоий шерикликда ҳамқадам бўлсак, кўзланган мақсадларга, албатта, етишамиз. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони бунда мустаҳкам ҳуқуқий асос, ўзбекона демократия дарсхонаси бўлиб хизмат қилади.

Энахон СИДДИҚОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши ҳузуридаги
Ижтимоий шериклик жамоат комиссияси раиси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар