Давлат ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг 2020 йил I ярим йилликдаги ижроси якунлари кўриб чиқилди

17:51 24 Август 2020 Сиёсат
244 0

OʼzLiDeP депутатлари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил I ярим йилликдаги ижроси якунларини кўриб чиқди

2020 йил I ярим йиллик якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 255,3 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоизга ўсди. Ўтган йил билан таққосланганда ЯИМ тармоқлар таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ҳамда қурилиш мос равишда 0,7, 0,2 фоизга ошган бўлса, хизматлар ҳамда саноат мос равишда 0,6 ва 0,3 фоизга пасайган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоизга ўсиб, бу қишлоқ хўжалигининг 2,8, қурилиш ишларининг 7,3, хизматларнинг 2,6 фоизга ўсиши ҳисобига эришилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 1,2 фоизга ўсган ҳолда, умумий саноат ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоизга камайди.

Бу ҳақда бугун, 24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг видеоконференсалоқа тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил I ярим йилликдаги ижроси якунларини кўриб чиқдилар.

Йиғилишда COVID-19 пандемияси таъсирида аҳоли ҳаракатчанлик индекси секинлашгани, карантин чоралари таъсири 2020 йил январь-июнь ҳолатига аҳоли умумий даромадларида ҳам ўз аксини топиб, бунинг натижасида аҳоли умумий даромадлари 176,0 трлн. сўмни, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиш 101,5 фоизни ташкил этгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар Давлат бюджети ижросига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Жумладан, Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик даромадлари 58 157,0 млрд. сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилди.

Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кўп маблағ туширилишига эришилиб, Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 22,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Давлат бюджетининг 2020 йил 1-ярим йиллик харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 64 878,9 млрд. сўмни (аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 90,3 фоиз) ёки ЯИМ га нисбатан 25,4 фоизни ташкил қилди.

Бюджет ташкилотларининг қарийб 23,1 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 5,0 трлн. сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 34 665,5 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 13,9 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 86,9 фоизи ёки 30 117,8 млрд. сўми Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг 23,1 трлн. сўми ёки қарийб 76,8 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 1 июль ҳолатига «Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш» жамғармасидан Республика ҳудудларида янги токзорларни барпо қилиш мақсадида узумчилик лойиҳаларини молиялаштиришга тижорат банкларига жами 23,4 млрд. сўм ресурс маблағлари ажратилгани айтиб ўтилди.

Республика ҳудудларида янги токзорлар барпо қилиш мақсадида республика бюджетидан жами 19,0 млрд. сўм, шундан сув чиқариш учун бурғулаш қудуқларини ишга тушириш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш мақсадида насос станцияларини қуришга 6,3 млрд. сўм ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишга 12,7 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги тегишли қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда 43 825 гектар, хусусан, 38 744 гектар томчилатиб суғориш, 1 520 гектар ёмғирлатиб суғориш ҳамда 3 560 гектар дискрет (пульсар) суғориш тизимини жорий қилиш белгиланган.

Бугунги кунда республикамизда жами сув тежовчи технологиялар 45 738 гектар ёки режага нисбатан 104 фоиз майдонларда жорий қилинган бўлиб, шундан томчилатиб суғоришга 39 511 гектар ёки режага нисбатан 102 фоиз майдонда қурилиш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, боғдорчиликда 10 488 гектар ёки режага нисбатан (10 487 режа гектар) 100 фоиз, узумчиликда 5 321 ёки режага нисбатан (режа 4 230 гектар) 125 фоиз, бошқа экин майдонларида 2 597 ёҳуд (режа 384 гектар) 676 фоиз қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, технология ишга туширилди.

Йиғилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, бюджет ижросини марказга боғлиқлигини кескин камайтириш жараёнларини чуқурлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, маҳаллий ҳокимликларни маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича жорий йилнинг 1-ярим йиллигида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми 12 870,7 млрд. сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 92,8 фоизга ижро этилиб, 20 203,3 млрд. сўмни ташкил этгани қайд этилди. Маҳаллий бюджетларда 2020 йил биринчи ярим йилликда жами 3 368 млрд. сўмлик қўшимча манба шакллантирилгани эътироф этилди.

Баҳс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?