Давлат тест маркази директори: Тест синовлари адолатли ўтиши учун қатор ўзгаришлар қилинди

10:52 07 Июнь 2018 Жамият
746 0

Ёшлар тарбияси, уларнинг замонавий андозалар асосида таълим олиши ҳамда давлат тараққиёти учун фидойи мутахассисларни тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифасига айланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур йўналишда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўғил-қизларимизнинг илму фанга бўлган қизиқишини кучайтириб, изланишга ундамоқда.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 4 июнда имзоланган “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори қалби бир олам орзу умидларга тўла ёшларимиз учун навбатдаги имкониятдир.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69 200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича — 17 654 нафар ва тўлов-контракт асосида — 51 546 нафар, магистрлар учун 5 903 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича — 1 552 нафар ва тўлов-контракт асосида — 4 351 нафар, махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун 11 765 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича — 15 нафар ва тўлов-контракт асосида — 11 750 нафар этиб белгиланди.

Яъни бу йил қабул миқдори оширилиб, янги таълим йўналишлари очилгани илмга чанқоқ ёшларимизни қувонтиргани, шубҳасиз. Айни пайтда энг муҳим масала — тест синовларини ўтказишда ҳам қатор янгиликлар жорий этилгани улар учун айни муддао бўлди.

Хўш, бу янгиликлар нималардан иборат?

Тан олишимиз керак, бугунги кунга қадар ўтказилган тест синовлари кўп томонлама замонавийликдан, илғор тажрибалардан орқада қолаётган эди. Буни тайёргарлик ишларида ҳам, синовларни ташкил этиш, натижаларни ҳисоблаш ва эълон қилишда ҳам кўрдик. Қувонарлиси, ҳозирги вақтда бу йўналишда киритилган ўзгаришлар эвазига ана шундай муаммолар бартараф этилди.

Номи юқорида келтирилган ҳужжат қабул қилинмасдан аввал Давлат тест марказида кам штат мавжуд эди. Айни пайтда бу ерда 150 нафардан зиёд ходимлар меҳнат қилмоқда, жумладан, ҳудудлар учун ҳам кўпроқ штат ажратилди. Шунингдек, ходимларимиз тестология соҳаси ривожланган АҚШ, Англия, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби давлатларда малака ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий усулларни ўзимизда татбиқ этиш имкониятига эга бўлдилар.

Энди абитуриент билиши шарт муҳим ўзгаришларга эътибор қаратсак. Бу ерда, биринчи навбатда, улар тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим учун ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда, кунига икки сменада ўтказилишини, биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланишини унутмасликлари керак. Шунингдек, абитуриентлар рухсатномага ҳам эътибор қаратишлари лозим.

Бу йилдан бошлаб тест синовлари 15 кун давомида, ҳар куни 2 сменада ўтказилишини инобатга олган ҳолда абитуриентлар рухсатномасида, тест синовида қатнашиш куни ва сменаси (соати) кўрсатиладиган бўлди. Демак, абитуриент 15 кун давомида фақат бир маротаба тест синовида иштирок этиши мумкин. Бошқа кунлар ёки белгиланган сменада у тест синовларига қўйилмайди.

Шу ўринда тест синовларига абитуриентлар барча таълим йўналиши бўйича аралаш ҳолда қатнашадими ёки бошқача тартиб белгиландими, деган ҳақли савол туғилади. Бу, айтиш керакки, олий таълим муассасаларининг қайси таълим йўналишига қанча абитуриент ҳужжат топширишига боғлиқ. Маълумотлар аниқ бўлгач, тест синови топшириш жадвали тақдим этилади. Шулардан келиб чиққан ҳолда, тест материаллари белгиланган муддатларда ҳудудларга юборилади ва ҳар куни Давлат тест марказига қайтарилади.

Натижалар тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Натижаларнинг тезкор эълон қилиниши учун жавоблар варақаларини ўқийдиган илғор техника воситалари, аниқроғи, Америка Қўшма Штатларидан “Scantron” корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилган 2 дона “Insight 150” оптик сканери харид қилинди.

Булардан ташқари, 2018 йилдан бошлаб тест синови ўтказиладиган биноларга абитуриентлар шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали киритилади ҳамда тест синови жараёни узлуксиз видеокузатув остида ўтади. Эндиликда абитуриентларнинг ота-оналари тест синови жараёнини ҳам мунтазам кузатиб бориш имкониятига эга бўладилар. Бундай техникалар Тошкент шаҳри ва вилоятларда синаб кўрилди.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз: бинога киришнинг назорат ўтказиш жойида хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан текширув ташкил қилинади ва бу вақтда абитуриентда тақиқланган буюм ёки бошқа восита мавжудлиги аниқланган тақдирда шу жойга бириктирилган Давлат тест марказининг вакили хабардор қилинади ва абитуриент бинога киритилмайди.

Абитуриентлар доимо шуни ёдда тутишлари керакки, агар жавоблар варақасининг тегишли қисмига ва тест топшириқлари китоби муқовасининг белгиланган жойига абитуриентга тегишли маълумотлар ёзилмаган ёки имзо қўйилмаган бўлса, ихтиёрий босқичда далолатнома тузилади ва бу тест синови натижаси чиқарилмаслигига асос бўлади.

Яна бир муҳим ҳолат — тест синови топшириш жараёнида видеокузатув орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилаётган ёки қилмаётганлиги кузатиб борилиши ҳисобланади. Агар жараён давомида тартиббузарлик ҳолати аниқланса, абитуриент жараёндан четлатилади. Белгиланганидек, абитуриентлар танланган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади.

Тест синови тартиби, тестология бўйича ҳозирги кунга қадар бир нечта хорижий ҳамкорлар билан иш олиб борилди. Хусусан, Германиянинг Тошкентда фаолият кўрсатаётган Гёте институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, “Oxford University Press”, Cambridge Language Assessment, Британия кенгаши, Россия ва Қозоғистондаги ҳамкорларимиз билан яқин алоқадамиз. Ҳамкорлик давомида тестология, педагогик ўлчов, тест саволлари жамғармаларини шакллантириш, тест саволлари структураси, мураккаблик даражалари, саволларни математик статистика орқали таҳлил қилишнинг замонавий усуллари бўйича фикрлар алмашилди, тажрибалар ўрганилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб тест синови топшириладиган ҳар бир фандан 30 тадан савол киритишга қарор қилинди. Эндиликда тест топшириқлари китобида 3 та фандан тест синови топшириладиган таълим йўналишлари учун 90 та, 2 та фандан тест синови топшириладиган таълим йўналишлари учун 60 та, битта фан учун 30 та савол бўлади. Тўғри топилган саволларга фаннинг муҳимлилик даражасига қараб 3,1; 2,1; 1,1 миқдорида балл бериш тизими ўзгармади.

Вақт меъёри масаласига келганда эслатиш жоизки, тест топшириқларини бажариш ва жавоблар варақасини тўлдириш учун 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади.

Ўз навбатида, апелляция ҳақида ҳам қуйидагиларни айтиш мумкин: тест синови натижасидан норози бўлган абитуриент 20 августдан 30 августгача, белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь куни давомида ёзма ва электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга. У Давлат тест марказида ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида қабул қилинади.

Абитуриентлар учун яна бир муҳим ўзгариш: жавоблар варақасига тест топшириқларига мос равишда ўзгартиришлар киритилди. Масалан, жавоблар бўяладиган доирачалар рақамлари 90 гача белгиланади. Бундан ташқари, инглиз, немис ва француз тилларидан тест синови топширадиган абитуриентлар томонидан қайси тилдан тест топшираётганлигини аниқлаш учун бўяладиган доирачалар ўрни ўзгарди, махсус код устунида “0” дан иборат бўлган биринчи қатор шу устуннинг энг пастки қаторига кўчирилди. Буларнинг барчаси абитуриентлар томонидан кўп ҳолларда йўл қўйиб келинган хатоликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, авваллари алоҳида мавжуд бўлган “Тест синовидан четлаштириш ҳақида далолатнома” бланкаси энди ишлатилмайди — ушбу далолатнома шакли жавоблар варақасига жойлаштирилди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, абитуриентлар мазкур ўзгаришларни яхши ўрганиб, хатога йўл қўймайдилар, деган умиддамиз.

Тест синовларини ўтказишда ҳар бир фаннинг мазмуни ва абитуриентларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар кодификатори ҳамда тест топшириқлари тафсилотлари ишлаб чиқилганлиги, тест топшириқлари базаси мазкур кодификатор ва тафсилотлар асосида шакллантирилаётганлиги, ушбу талаблар кодификатори умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун тавсия этилган дарсликлар асосида тайёрланганлиги ҳам абитуриентларга қулайлик туғдиради. Булардан ташқари, яна Давлат тест марказининг расмий сайтида ҳар бир фандан учта тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида) 30 та саволдан иборат намунавий тест топшириқлари варианти киритилди.

Тест топшириқларининг намунавий вариантлари тасдиқланган талаблар кодификатори ва тест топшириқлари тафсилотлари асосида тайёрланган бўлиб, абитуриентларга, уларнинг устозлари ва кенг жамоатчиликка умумтаълим фанлари бўйича бўлғуси имтиҳоннинг шакли, мазмуни, мураккаблик даражасини кўрсатиш учун мўлжалланган. Шу билан бирга, “Ахборотнома” журналининг 2 та махсус сонида ҳар бир фандан 4 тадан вариантда ва ҳар бир вариантда 30 тадан тест топшириқлари чоп этилди. Ушбу тест топшириқлари бу йилги тест синовларида ишлатиладиган базалардан олинганлигини ҳисобга олсак, улар абитуриентлар учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини тасаввур қилиш қийин эмас. Аниқроқ айтганда, ушбу вариантлар ва тест топшириқлари бошқа методик нашрлар билан бир қаторда абитуриентларга қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш учун катта ёрдам беради.

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчимизки,барча ишлар охирига етказилди, дейишга ҳали эрта. Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талабларни бажаришда тегишли вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Барча куч ва имкониятлар шуларга қаратилган. Мақсад — тизимда шаффофликни таъминлаш, ёшларимизни таълим олишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш.
Мажит КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Давлат тест маркази директори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар