Давлат солиқ қўмитасида 24 соат узлуксиз ишлайдиган “call-марказ” фаолияти йўлга қўйилади

11:11 25 Июль 2018 Иқтисодиёт
922 0
Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Президентимизнинг 2018 йил 26 июнь куни имзолаган “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришлари билан боғлиқ муносабатларда кўмакчи ва маслаҳатчи сифатида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Мазкур корхона томонидан аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш мақсадида 24 соат узлуксиз ишлайдиган “call-марказ” фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, шахсий кабинетлар орқали электрон тарзда солиқ тўловчилардан келиб тушадиган мурожаатларни индивидуал равишда кўриш ва ҳар бирига жавоб беришга қаратилган “Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш” махсус бўлими ташкил этилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш тизими тубдан ўзгартирилмоқда.

Илгари қуйи бўғиндан қўмитага нажот сўраб мурожаат қилган аризачининг сўрови, Давлат солиқ қўмитасидан вилоят давлат солиқ бошқармаларига, ундан ҳудудий давлат солиқ инспекциясига юборилиб, солиқ тўловчининг ҳуқуқини бузган инспекторнинг қўлига яна қайтиб борар ва натижаси эса ўз-ўзидан аён эди.

Бу борадаги айни ҳақиқатни рақамларга эътибор қаратган ҳолда ҳам яққол англаш мумкин.

Жорий йилнинг биринчи олти ойлиги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали ДСҚ манзилига 3116 мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг катта қисмини солиқ инспекциялари фаолиятига доир шикоятлар ташкил қилади.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Шу давр мобайнида келиб тушган мурожаатлардан 5,1 %и аризачилар фойдасига ижобий ҳал қилинган, қолган ҳолатларда эса аризачига фақат расмий тушунтиришлар берилган.

Лекин бу тақлид берилган тушунтиришни тадбиркорнинг ўзи ҳам Солиқ кодексидан ўқиб олиши мумкин, дейдиган мутахассис топилмаган. Тадбиркорлик субъектларининг муаммоли масалалари йиллар давомида тўпланиб келаётганлигининг асл сабаби ҳам шу бўлса ажабмас.

Эндиликда мазкур муаммолар ўз ечимини топиб, ҳар бир мурожаатни келиб тушган жойнинг ўзида ҳал этиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларининг “Ишонч телефон”ларига қилинган мурожаатга тезкор муносабат билдириш тизимини жорий этиш режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар