Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш учун жавобгарлик кучайтирилди

11:15 24 Август 2019 Сиёсат
74 0

Мунисхон Каримова- “Xalq soʻzi”-Online. Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг Маданий ва археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш, қўриқлаш, тарғиб этиш ва улардан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти сенаторлар томонидан тингланган эди. Муҳокама жараёнида соҳадаги ишлар самарадорлигига салбий таъсир этаётган бир қатор масалалар мавжудлиги аниқланган.

Айни пайтда юртимизда 7 минг 500 га яқин моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 4308 таси археологик, 2079 таси архитектура, 694 таси маҳобатли санъат асари, 395 таси диққатга сазовор жойларни ташкил қилади. Мазкур объектларнинг 7123 таси давлат мулки ва 353 таси хусусий мулк ҳисобланади.

Моддий маданий мерос объектлари хатловдан ўтказилганда, афсуски,259 таси буткул йўқотилгани, объектларнинг атиги 34 фоизининг кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, бор-йўғи 29,5 фоизига муҳофаза белгилари ўрнатилгани аниқланган. Ваҳоланки, жорий “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 188-бандида йил давомида моддий маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва муҳофаза белгиларини ўрнатиш ишларини тўлиқ якунлаш белгиланган.

Шунингдек, ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси 2016 йил 13 июлдаги йиғилишида Шаҳрисабз тарихий маркази хавф остида турган Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида ўтказилган таҳлил натижаларида шаҳарнинг тарихий қиёфаси ва муҳитига салбий таъсир этадиган 159 та кўп қаватли бино ва иншоотлар қурилгани аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб Маданият вазирлигига зудлик билан моддий маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирларини кўриш, соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тавсия қилинганди.

“Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айни шу мақсадларда ишлаб чиқилди. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтириш, Маданий мерос департаментининг мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатини бериш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш каби масалаларни қамраб олган.

Қайд этиш керак, Жиноят кодексининг 132-моддасида давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини қасддан нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Эндиликда эса, ушбу моддага давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш даражаси ва миқдорига мос равишда жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Хусусан, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш белгиланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилиб, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилади.

Аксарият ҳолатларда Маданий мерос департаментига ажратилган маблағлар етарли эмаслиги сабабли улар томонидан муҳим масалалар судгача олиб чиқилишида жиддий муаммолар юзага келмоқда.

Шунинг учун Маданий мерос департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари – моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга бериладиган аризалар юзасидан давлат божидан озод қилиш таклиф қилинди.

Сенаторлар томонидан мазкур нормалар маъқулланди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019