Давлат харидларининг шаффоф тизими

10:07 20 Апрель 2018 Иқтисодиёт
452 0
Фото: uzex.uz


Маълумки, Давлат бюджети харажатларининг асосий қисми давлат харидлари орқали амалга оширилади. Мазкур жараённинг очиқ, шаффоф, адолатли ва албатта, коррупцияга йўл қўймаган ҳолда ўтказилиши бюджет маблағларининг оқилона сарфланишига хизмат қилади. Бунда, энг аввало, ҳуқуқий асоснинг тўлиқлиги муҳим аҳамият касб этиши табиий. Президентимиз томонидан имзоланган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимизда давлат харидларини амалга ошириш бўйича мавжуд норматив-ҳуқуқий базани ягона ҳужжат доирасида умумлаштиради, уни тизимли равишда тартибга солади.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги меъёрий ҳужжатларда ҳуқуқий асос аниқ, уйғун, тўлиқ ифодаланмагани ёки мувофиқлаштирилмагани, кўпгина қарама-қаршиликлар борлиги кўзга ташланади. Давлат харидларига доир қонунчиликдаги бу каби камчиликлар натижасида тизимда давлат харидларининг тежамлилиги, самарадорлиги ҳамда шаффофлиги, инсофли етказиб берувчилар учун давлат харидлари бозорининг жозибадорлиги ва рақобатлилиги таъминланмаган, барча иштирокчига нисбатан тенг ҳамда холисона муносабатда бўлинмаган.

Шу ўринда Қонун қабул қилиниши билан жамиятда қандай ўзгаришлар содир бўлади, деган ҳақли савол туғилади.

Авваламбор, давлат харидларини амалга ошириш жараёни ягона ҳуқуқий ҳужжат — қонун асосида тартибга солиниши давлат харидлари иштирокчиларининг ишончини мустаҳкамлайди. Шунингдек, ушбу соҳада махсус ваколатли органни белгилаш орқали давлат харидларини рўёбга чиқариш жараёнини тўлиқ назорат этиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш имконияти яратилади.

Қонунда бюджет маблағларининг мақсадли ҳамда тўғри сарфланишини назорат этиш, давлат харидлари иштирокчиларига қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган қилиб белгиланди ва унга бу борада қатор ваколатлар тақдим этилди.

Мазкур ҳужжатда давлат буюртмачилари икки турга бўлиниб, уларнинг тушунчаси очиб берилган. Булар бюджет буюртмачилари ҳамда корпоратив буюртмачилардир. Биринчисининг таркибига давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун юбориладиган бюджет маблағларини олувчилар, корпоратив буюртмачилар таркибига эса давлат корхоналари, устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек, таъсисчилар таркибида устав фонди 50 фоиз ҳамда ундан ортиқ қисмини ташкил қилувчи юридик шахсларнинг давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ қисми ташкил этган юридик шахслар киритилган.

Бундан ташқари, Қонунда давлат харидларини режалаштириш, унинг тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш ҳамда ижро қилиш, давлат харидлари мониторинги каби босқичларининг мазмун-моҳияти очиб берилган.

Ушбу Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш учун ҳаволаки нормалардан фойдаланмаслик мақсадида электрон дўкон, танлов, тендер ва аукцион ўтказишнинг тартиб-таомиллари белгилаб берилган.

Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан давлат харидларининг ўзига хос тизимини яратишга эришилади. Унинг қоидалари бюджет маблағлари ҳамда бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, ҳукумат кафолати билан кредит ресурсларидан максимал даражада самарали фойдаланишга олиб келади. Давлат сектори оқилона муддатларда керакли миқдорда зарур товар, ишлар ҳамда хизматлар билан таъминланади. Давлат харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг очиқ ва шаффоф механизми йўлга қўйилади. Ушбу жараёнда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилиб, коррупциянинг олдини олиш имконияти яратилади.

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар