Давлат харидларини амалга оширишнинг очиқ ва шаффоф механизми

11:53 11 Апрель 2018 Иқтисодиёт
784 1
Фото: uzex.uz


Мамлакатимизда давлат ва корпоратив харидлари механизмини янада такомиллаштириш ҳамда тендер савдоларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича изчил ҳамда комплекс саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, электрон савдолар жорий қилинди, Республика товар-хом ашё биржаси махсус ахборот портали яратилди, товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича, жумладан, инвестиция лойиҳалари доирасида кўп поғонали идоралараро тендер комиссиялари тузилди.

Давлат харидлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва тадбиркорлар учун электрон харид қилиш имкониятини янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Юртимизда бу муҳим механизмнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, соҳага оид 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда уларга ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Ўз навбатида, давлат хариди қонунчилиги тизимининг бугунги ҳолати ва асосий йўналишлари, электрон давлат харидининг шу жараёндаги шаффофлик ҳамда самарадорликни таъминлаш, давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш шароитида ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда назорат қилишнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этиш амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо қилаётган эди. Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни Президентимиз томонидан имзоланди.

Мазкур ҳужжат 12 та боб ҳамда 79 та моддадан иборат бўлиб, унда давлат харидлари соҳасида давлат томонидан тартибга солиш, давлат харидлари жараёнига қўйилган умумий талаблар, электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари, тадбиркорлик субъектларига енгилликлар бериш, харид қилиш тартиб-таомиллари назорати, шикоят қилиш механизми, давлат харидлари масалалари бўйича низо ва қарама-қаршиликларни ҳал этиш масалалари қамраб олинган.
Давлат харидлари соҳасида давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсади нималарда кўринади? Давлатнинг стратегик мақсадлари ҳамда вазифаларига эришиш, ривожлантириш давлат дастурлари ижроси, давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш, давлат хизматлари кўрсатиш, бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантириш, давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга ва қонун ҳужжатларининг бошқача бузилишларига қарши курашиш унинг асосий мақсадларидандир.

Шу ўринда Қонуннинг мазмун-моҳияти, асосий ҳамда муҳим жиҳатлари хусусида ҳам тўхталиш жоиз. Аввало, унда давлат харидларига оид асосий тушунчалар ва давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий принциплари очиб берилган. Айни чоғда давлат харидлари субъектлари давлат буюртмачилари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари, давлат буюртмалари ижрочилари, харид комиссияси ҳамда махсус ахборот тизими операторининг ҳуқуқий мақоми белгиланган.

Мазкур Қонуннинг муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланиб, унга давлат харидлари бўйича қатор ваколатлар берилди. Давлат харидлари тартиб-таомилларини амалга ошириш, режалаштириш, соҳа бўйича мониторинг ва шартнома тузилиши ҳамда ижро этилишини ўз ичига оладиган давлат харидлари жараёнини қамраб олишга қаратилган тизимли ёндашиш шулар сирасига киради.

Қолаверса, Қонунда давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни ўтказиш мезонларининг аниқ белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда харид комиссияси фаолияти, танлов ҳамда тендер ўтказиш учун эълонлар, уларда қатнашиш учун таклифлар бериш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича шартномаларни тузиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, Қонунда давлат харидларида тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар ва уларни қўллаш, харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат ҳамда жамоатчилик назорати, шунингдек харидлар самарадорлигининг таҳлили орқали мазкур турдаги харидларни мониторинг ва назорат қилишнинг аҳамияти очиб берилган. Статистика ахборотини таққослаш ҳамда таҳлил этиш орқали амалга ошириладиган текширувлар давлат органларининг соҳадаги қонун ҳужжатларини бажариши устидан назорат қилишнинг асосий шакли ҳисобланади. Бу борадаги жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланади.

Умуман, мазкур Қонун билан белгиланаётган рақобат асосида давлат харидларини амалга оширишнинг очиқ ҳамда шаффоф механизми, бу борада тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилаётгани коррупцияга қарши кураш самарадорлигини ошириш орқали мамлакат иқтисодиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади.

Мухамет ДЖУМАГАЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар