Давлат харидларида коррупцияга йўл қўйилмайди

13:31 26 Апрель 2018 Иқтисодиёт
381 0
Фото: uzex.uz

Айни пайтда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти аҳоли, шу жумладан, тадбиркорлар ўртасида кенг тушунтирилмоқда, оммавий ахборот воситаларида изчил ёритилаяпти.

Айтиш жоизки, бу саъй-ҳаракатлар мазкур ҳужжатнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишини таъминлаш баробарида, тадбиркорлик субъектларининг янада фаол иш олиб боришларига қулай шарт-шароит яратишни кафолатлайди. Хўш, давлат харидларининг ўзи нима? Яқинда кучга кирган Қонуннинг асосий янгиликлари нималардан иборат?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган семинарда ушбу ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратилиб, соҳа мутахассислари юқоридаги саволларга жавоб қайтардилар.

— Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган, бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд эмаслиги натижасида ҳуқуқий коллизиялар вужудга келган. Кўп босқичли келишишлар ҳамда такрорловчи тартиб-таомиллар коррупцияга шароит яратган ва кўп вақт йўқотишга сабаб бўлган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бўлим бошлиғи Аброр Гадоев. — Президентимиз томонидан шу йил 9 апрелда имзоланган Қонун давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат харидлари очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Айни пайтда Қонун ижроси доирасида ваколатли орган томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, махсус ахборот портали белгилаб олинди. Бугунги кунда барча давлат харидлари иштирокчилари ва буюртмачилари хаrid.uz сайтига кириб, мазкур портал тўғрисида маълумотларга эга бўлишлари, унда рўйхатдан ўтиб, харидларда қатнашишлари мумкин. Бунда, энг аввало, бюджет ташкилотларининг ҳам, корпоратив ташкилотлар, шу жумладан, товар етказиб берувчиларнинг ҳам электрон рақамли имзодан фойдаланиши талаб этилади. 

Электрон рақамли имзоларсиз давлат харидлари, яъни электрон харидларида қатнашиш имконияти чекланган. Шу билан бирга, Қонунда саккизта муҳим принцип белгилаб берилди. Буларнинг энг асосийси, давлат харидларида рақобат ҳамда шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ҳисобланади. 

Бундан англашиладики, давлат харидларида коррупцияга йўл қўйиб бўлмайди. Ушбу Қонун Ўзбекистоннинг халқаро рейтингда бизнес кўрсаткичлари бўйича натижалари юқори бўлишини таъминлайди. Бу эса мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, мазкур жараёнга хорижлик инвесторларни кенг жалб қилишга имкон яратади.

Тадбирда Қонуннинг асосий тушунчалари, давлат харидларининг принциплари, унинг субъектлари, электрон дўкон, ундан фойдаланиш тартиби каби қоидалар ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Айни чоғда ундаги баъзи нормалар иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

— Қонун харидларнинг беш тартиб-таомилини белгилайди, ундан иккитаси давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омилини буткул инкор этади, қолган харид тартиб-таомиллари шаффофлиги махсус ахборот порталида зарур маълумотлар чоп қилиш йўли билан таъминланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидларини назорат қилиш бошқармаси мутахассиси Музаффар Зиёқулов. — Қонунда бизнинг агентлик ваколатли орган сифатида белгиланди. Илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди. Бу ҳам асосий янгиликлардан бири ҳисобланади. Семинарда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилган ҳолда, тадбиркорларнинг саволларига муфассал жавоблар қайтарилди, иштирокчиларнинг айрим эътирозлари муҳокама этилди. Албатта, ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар Қонун тарғиботини янада кучайтиришни тақозо қилади. Бу мазкур ҳужжатнинг ҳаётга самарали қўлланилишини таъминлайди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар