Давлат харидлари: олдин қандай эди, кейин қандай бўлди?

16:10 04 Июнь 2018 Иқтисодиёт
369 0

Тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимиз ҳаётида азалдан муҳим ўрин тутиб, унинг ўзига хос анъаналари асраб-авайланган, бундай фазилатга эга кишилар қадрланган. Буни буюк Амир Темурнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган фикри ҳам тасдиқлайди.

Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этилгани буюк саркарданинг мазкур улуғ сўзлари долзарблигини янада оширди. Зеро, шу асосда қатор ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда, муҳим ҳужжатлар қабул қилинаяпти. Бинобарин, тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасига мутлақо янги муҳит, янги нафас ва янгича қарашлар кириб келаяпти, мавжуд ғов ва тўсиқлар олиб ташланаётир.

Жорий йил 9 апрелда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ҳам бу борада ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, у давлат харидларинингасосланганлиги, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлиги ва шаффофлиги, тортишувга асосланганлиги, холислиги, мутаносиблиги, ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўйилмаслигини таъминлайди. Пировардида соҳада тадбиркорларнинг соғлом рақобатини мустаҳкамлайди, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Ваҳолонки, мазкур Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинар эди. Бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд эмас эди. Оқибатда турли тушунмовчиликлар, ҳуқуқий қарама-қаршиликлар вужудга келганди. Кўп босқичли келишувлар ва такрорловчи тартиб-таомиллар эса коррупцияга шароит яратиб, кўп вақт йўқотилишига сабаб бўларди.

Янги Қонунни ишлаб чиқишда эса давлат харидларини амалга оширишнинг амалдаги тажрибаси қаторида халқаро тажриба чуқур ўрганилди. Хусусан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидалари, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилиги кўриб чиқилди. Халқаро ташкилотлар, молия муассасалари, эксперт ва бизнес-ҳамжамияти, вазирлик ва идоралар вакиллари билан муҳокамалар ўтказилди.

Пировардида бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳуқуқий ҳужжат яратилди ва барча босқичларда ҳар томонлама мукаммаллаштирилиб, амалиётга жорий этилди.

Зотан, ушбу Қонун билан давлат хариди жараёнида очиқлик ва ошкоралик принципи қарор топди. Барча маълумотларни махсус порталда эълон қилиш амалиёти яратилди. Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Молия вазирлиги томонидан харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг, давлат назорати ўрнатилган бўлса, фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва ОАВ томонидан жамоатчилик назорати ҳам йўлга қўйилди.

Кўриниб турибдики, давлат харидларининг иқтисодиётдаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу тизимни жорий этишга мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида катта эътибор берилаяпти.

Хўш, Қонунда яна қандай янгиликлар ўрин олди?

Масалан, унда давлат буюртмачисининг иккита янги категориялари – “бюджет” ва “корпоратив” буюртмачилари белгиланди. Бу борада ваколатли орган сифатида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланди. Ваҳолонки, илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди. Бундан ташқари, айтиб ўтганимиздек, давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилди, электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга ошириладиган бўлди. Махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) эса электрон дўкон орқали харид этилиши кўрсатиб ўтилди.

Бюджет буюртмачилари учун25 энг кам иш ҳақи(ЭКИҲ), йилига 2500 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ҳолда, корпоратив буюрмачилар учун 250 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган лимитлар ўрнатилди. Авваллари эса электрон савдо орқали биржада фақат 10 – 13 товар, иш, хизматлар гуруҳи рўйхатига кирган, 100 минг АҚШ доллари қийматигача бўлган фақат биринчи даражада зарур бўлган товарлар харид қилинарди.

Танлов эса савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турларига татбиқ этилди. Илгари эса танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди.

Айни чоғда тендер танловлари учун бюджет буюртмачилари учун6000 ЭКИҲдан юқори, корпоратив буюртмачилар учун эса 25000 ЭКИҲ дан юқори бўлган сўм лимитлари ўрнатилди. Олдинлари тендер савдолари 100 минг АҚШ долларидан юқори бўлган суммада ўтказиларди. Ва мазкур жараёнлар, чунончи, харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ва назорат тартибга солинди.

Хулоса ўрнида айтганда, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни миллий иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларига тенг эркинлик яратиш,давлат секторини оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилади ҳамда мамлакатда қулай инвестицион муҳитни шакллантириш жараёнини давом эттиради, халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини тубдан яхшилашда муҳим омилга айланади.

Ўткирбек Давлетов,
Ўзбекистон РеспубликасиМиллий гвардияси
Ҳарбий техник институти
катта ўқитувчиси, майор.
Али Зурапов,
мазкур институт катта ўқитувчиси, майор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар