Давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталида 12,5 миллиард сўмлик шартномалар тузилди

15:35 20 Июнь 2018 Иқтисодиёт
444 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Давлат харидлари бўйича ягона ахборот портали — xarid.uzнинг қарийб бир ойлик фаолияти давомида умумий қиймати 12,5 миллиард сўмлик 5 мингдан зиёд шартномалар тузилди.

Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган анжуманда маълумот берилди, дея хабар бермоқда “Халқ сўзи” мухбири Саид Раҳмонов.

— Электрон тижоратнинг B2G модели ҳисобланмиш мазкур порталда иккита савдо тури мавжуд, —дейди “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ мазкур порталнинг оператори этиб тайинланган “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятиЭлектрон тижорат ва харидларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Зилола Шералиева. — Булар нархлар пасайишга йўналтирилган аукцион савдолар ва электрон дўкондир. Айни пайтда электрон аукционда 7 мингдан ортиқ давлат буюртмалари, электрон дўконда эса қарийб 16 мингта товар ва хизматлар жойлаштирилган бўлиб, тузилаётган шартномлар кун сайин кўпаймоқда. Чунки ушбу савдо майдончаси иштирок этиш учун жуда қулай. Бунинг учун буюртмачилар ҳамда етказиб берувчилар биржанинг расмий вебсайтида рўйхатдан ўтиб, харид бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида закалат, комиссион йиғимларни қоплаш учун эса шартнома нархининг 0,15 фоизи миқдоридаги маблағни гаров сифатида киритадилар, холос.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Айтиш жоизки, xarid.uz электрон тизими ишга тушгани ҳал кўп бўлмаса-да, тобора оммалашмоқда. Бугунги кунга қадар 30 мингдан зиёд бюджет ташкилотлари, 1,5 мингдан кўпроқ корпоратив буюртмачилар, қолаверса, асосий қисми тадбиркорлик субъектларидан иборат 9 мингга яқин етказиб берувчилар рўйхатдан ўтказилди.

Электрон дўконда бюджет ва корпоратив буюртмачилар талабгорнинг таклифлари орасидан зарур лотни танлаб, нарх сўраш механизмини фаоллаштиради. Кейинги 48 соат мобайнида етказиб берувчилар худди шундай товарга ўз нарх таклифларини тизимга киритадилар. Савдо ғолиби эса электрон тизимга киритилган нарх таклифларини солиштирган ҳолда, автоматик режимда аниқланади. Электрон аукцион эса 10 кун ичида амалга оширилади. Унда камида икки номзод иштирок этган тақдирда ўтказилган, деб ҳисобланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар