Давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омили камаяди

10:25 12 Апрель 2018 Сиёсат
680 0

Куни кеча кучга кирган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун, экспертларнинг фикрича, мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, бозор инфратузилмаси тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан аёнки, давлат харидлари тизими ҳар қандай мамлакат ичида маълум турдаги товарлар ва хизматлар айирбошлаш соҳасининг ажралмас қисми, хўжалик юритишнинг либерал бошқарув тури ҳамда рақобатни ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигидан маълум қилишларича, Қонун давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашини таъминлайди, Давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади. Дарвоқе, мазкур агентлик Қонун билан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланди. Илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди.

Қонун харидларнинг беш тартиб-таомилини белгилайди, ундан иккитаси давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омилини буткул инкор этади. Қолган харид тартиб-таомиллари шаффофлиги махсус ахборот порталида зарур ахборот чоп қилиш йўли билан таъминланади. Бинобарин, Президентимиз парламентга йўллаган Мурожаатномасида яқин келажакда барча давлат харидларини амалга ошириш ҳамда давлат мулкини сотиш учун интернет тармоғида ягона майдон ташкил этиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бу бюджет харажатларини қисқартириш, давлат мулкини самарали бошқариш ва катта молиявий маблағларни иқтисод қилиш имконини беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд бўлмаган, оқибатда ҳуқуқий коллизиялар вужудга келган. Кўп босқичли келишишлар ҳамда такрорловчи тартиб-таомиллар коррупцияга шароит яратган ва кўп вақт йўқотилишига сабаб бўлган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаевнинг қайд этишича, қонун лойиҳаси давлат харидларини амалга оширишнинг миллий ҳамда халқаро тажрибани, шу жумладан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг модель қонунчилиги асосий қоидаларини, Европа иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида экспертлар ҳамжамияти билан маслаҳатлар олиб борилди. 

Муҳокамалар жараёнида ҳужжатнинг амалий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши курашишга йўналтирилганлик, давлат харидлари бозорида тадбиркорлик субъектларининг ҳалол рақобатли кураши учун шароитлар яратиш, ушбу соҳада давлат ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини таъминлаш мақсадида давлат харидларини электрон шаклга ўтказиш унинг асосий жиҳатларидан, десак, тўғри бўлади.

Хўш, Қонуннинг асосий янгиликлари нималардан иборат?
Авваламбор, давлат буюртмачисининг иккита янги тоифаси, яъни “бюджет” ва “корпоратив” буюртмачилар киритилди. Юқорида таъкидланганидек, давлат харидларининг барча тури учун махсус ахборот портали жорий қилинмоқда. Электрон дўкон ҳамда аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга оширилади.

Қонунга кўра, махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид қилинади. Бунда бюджет буюртмачилари учун энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида, йилига эса 2500 баравардан ортиқ бўлмаган ҳолда, корпоратив буюртмачилар учун энг кам иш ҳақининг 250 бараваридан ортиқ бўлмаган чекловлар ўрнатилди. Илгари электрон савдо орқали биржада фақат 10 — 13 товар, иш, хизматлар гуруҳи рўйхатига киритилган ҳамда 100 минг АҚШ доллари қийматигача бўлган миқдорда, фақат биринчи даражада зарур бўлган товарлар харид қилинган.
Танлов савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турига татбиқ этилади. Бунгача танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди. Қонунда, шунингдек, яна бир қатор янгиликлар ўрин олган.

Умуман, Қонуннинг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларига тенг эркинлик яратиш, давлат секторини мақбул муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилади ҳамда мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш, халқаро рейтингларда юртимиз кўрсаткичларини янада яхшилаш имконини беради.
Қ. ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар