Давлат ҳамда ихтирочи ўртасида муваффақиятли келишув

11:37 25 Июль 2018 Жамият
808 0
Иллюстратив фото

Ихтиро қилиш, янгилик яратиш инсон табиатига хос хислат. Бугун дунёда айнан илмий кашфиётлари сабаб мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтираётган фирма ва компаниялар, олимлар жуда кўп. Инсон илму салоҳияти, тафаккурининг маҳсули ҳисобланган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари жуда катта бизнес манбаи ҳисобланади.

Мамлакатимизда бу соҳа ривожи давлатнинг доимий диққат марказида бўлган. 2014 — 2018 йилларда Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра, 700 дан ортиқ ихтиролар патентлаштирилди.

Аммо бу рақамлар бизнинг олимларимиз, илмий тафаккури, салоҳияти юксак ёшларимиз учун етарли эмас. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишга киришилган бугунги шиддатли давр мазкур соҳани ҳам мукаммал ислоҳ қилишни тақозо этмоқда. Илмий фаолият натижаларини тижоратлаштиришда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурати янада долзарблашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу борадаги муносабатларни бугунги кун талаблари асосида замонавийлаштириш назарда тутилади. Ҳужжатда соҳа тараққиётига оид бир неча аниқ йўналишлар белгилаб бериляпти. Республика иқтисодиётининг рақобатдошлигини ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш мўлжалланмоқда.

Жумладан, қарорга кўра, давлат-хусусий илмий кластерларини яратиш, илмий-техникавий тадқиқотларни республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақалари эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгилаш таклиф этиляпти. Талаб ва эҳтиёжга мос инновацияларни жорий этиш юзасидан ишлар йўлга қўйилади.

Илмий-техник ишланмалар ва ихтироларни тижоратлаштириш учун грантлар ажратилади. 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига қўшимча мукофотлар жорий этилади.

Илмий муассасалар кенгашларига ишлаб чиқариш сири (ноу-хау) ёки тижорат сири режимида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг интеллектуал натижасини қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи

бериляпти.

Шу билан бирга, қарорда илмий фаолият натижаларини хорижий давлатларда тижоратлаштириш юзасидан ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига вазифалар юкланди. Муассасалар томонидан тақдим этилган бу турдаги ишланмаларни халқаро бозорларда илгари суришга дипломатик воситалар орқали кўмаклашиш белгиланди.

Умуман, жараённи қайта ислоҳ қилиш, янги имтиёз ва рағбатлар, фаолиятни тижоратлаштиришнинг замонавий механизмлари жорий этилиши ихтирочига нима беради?

Бу, биринчи навбатда, давлат ва ихтирочи ўртасида тузилган муваффақиятли шартномадир. Яъни давлат унинг ихтиросини ўз ҳимоясига олади. Маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар олдида ихтирочининг имиджи ошади. Бозорда рақобатдош маҳсулотлар кўпаяди. Ишлаб чиқарувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити кучаяди.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Олий Мажлис Сенати аъзоларига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигига хизмат қилувчи келажакнинг муносиб сармоя манбаларини яратишга интилишни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, унда белгиланган чора-тадбирлар ҳудудларнинг илмий салоҳиятини ҳам янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш муносабатларида иштирок этувчи мутасадди идоралар фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини мунтазам амалга ошириб борамиз. Қолаверса, Давлат бюджети ижросини муҳокама қилаётганда, ушбу йўналишга ажратилаётган маблағлар самарадорлиги масаласи доимий эътиборимизда бўлади.

Солижон МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019