Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича Ҳукуматга қатъий вазифалар қўйилди

17:55 28 Октябр 2020 Сиёсат
254 0

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 9 ойдаги ижроси бўйича Ҳукумат ҳисоботи атрофлича ва қизғин муҳокама этилди. Муҳокамалар жараёни ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши давлат идоралари, парламентнинг ҳисобдорлик тамойилига амал қилаётганининг тасдиғи бўлмоқда, шу орқали мутасадди раҳбарлар ва албатта депутатлар, сиёсий партияларнинг масъулияти ошмоқда.

Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот Халқ демократик партияси фракциясида кенг ва атрофлича муҳокама этилди. Аввало фракциямиз бугунги мураккаб вазиятда Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда, деб ҳисоблайди.

Пандемия шароитида жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари биргаликда «темир дафтар»лар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада тезкор яратилган механизм мураккаб вазиятда давлатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш функцияси муваффақиятли бажарилишига хизмат қилмоқда.

Давлат дастурининг 189-бандида Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Охирги муддат 1 октябрь этиб белгиланган. Ҳисоботда Камбағалликни камайтириш дастури лойиҳаси, унинг концепцияси ва асосий йўналишлари ҳақида ахборот етишмагани учун фракциямиз йиғилишида депутатларимиз Ҳукумат вакилларига ўз савол ва эътирозларини билдирди. Халқ демократик партияси фракцияси камбағалликни қисқартириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар, кенг жамоатчилик вакиллари фикр ва таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш, имкон қадар тезроқ қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Кейинги таклифимиз бандлик масаласи билан боғлиқ. Йил бошидан бери турли дастурлар асосида аҳолини иш билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун, қийин шароит бўлишига қарамай, катта ресурслар ажратилди. Афсуски, жойлардаги ўрганишлар бу маблағларни тўғри йўналтириш борасида камчиликлар кўплигини кўрсатмоқда.

Жумладан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ишлатилишида хатоликлар оз эмас, жамоат ишлари учун фуқаролар билан тузилаётган шартномалар қонунга номувофиқ ҳолатлар кўп, меҳнат ярмаркаларнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда.

Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилиб, имтиёз ва имкониятлар берилиши натижасида йил бошидан 54 мингта юридик тадбиркорлик субъекти ташкил этилган, уларда 90,5 мингта янги иш ўрни очилган. Тадбиркорлик субъекти кўпайгани, албатта, қувонарли ҳолат. Аммо яратилаётган иш ўринлари сони камлиги таҳлиллар ва танқидий ёндашувни кучайтиришни тақозо этади. Яъни, умумий ҳисобда битта тадбиркорлик субъектида бор йўғи иккита иш ўрни яратилиши ҳокимликлар, вазирлик-идоралар, қолаверса, депутатлар олдида жиддий вазифалар турганини англатади.

Фуқаролар билан мулоқот давомида аниқландики, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг имкониятлари, жорий этилаётган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотлардан барча аҳоли қатламлари тўлиқ хабардор эмас. Ҳукумат аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг самарали сарфланиши, уларнинг натижадорлиги бўйича чуқур таҳлил ўтказиб, тегишли вазифаларни белгилаб олиши зарур.

Аҳоли бандлиги ва миграция масалаларидаги муаммолар ҳали камайгани йўқ. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси олдида бир гуруҳ фуқаролар чет давлатга ишга жўнатишни ваъда қилган хусусий бандлик агентлигига алдангани, берган пулларини ололмаётгани бўйича мурожаат этишди. Хусусий бандлик агентлиги 263 нафар фуқарони Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун улардан жами 10 млрд. 512 млн. сўм маблағини алдов йўли билан олгани, корхона раҳбари ҳозирда қидирувда экани маълум бўлди. Ҳолатга ҳуқуқий ечим топиш, фуқароларга ёрдам бериш бўйича керакли чоралар кўрилмоқда.

Маълумки, яқинда парламентда хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари тубдан қайта кўриб чиқилди. Жараёнда алдовлар билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳисобга олинди. Аммо бандлик ва миграция йўналишларида фуқароларни алдов ва фирибгарлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматнинг тегишли тузилмалари, мутасадди вазирлик-идоралар тезкор ва натижали тадбирларни амалга ошириши талаб этилади.

Бу йилги куз-қиш мавсуми аввалгиларига қараганда оғирроқ келиши таъкидланяпти. Пандемия билан боғлиқ қийинчиликлар, нарх-наво ошиши, муҳим истеъмол маҳсулотларига талаб кўпайиши ва бошқа омиллар бунга қўшимча равишда таъсир кўрсатади. Ҳукумат аҳолини мураккаб вазиятга тушиб қолишдан ҳимоялаш чораларини кўриш билан бирга, куз-қиш мавсумида ортиб кетадиган табиий газ ва электр энергиясига бўлган талабни қондириш, узилишларнинг олдини олиш бўйича тизимли ва мунтазам иш кўриши талаб этилади.

Бу муҳим вазифаларни амалга ошириш, ҳудудларда юзага келаётган, аҳоли мурожаат этаётган муаммоли масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш жараёнларида партиямиз депутатлик бирлашмалари ҳар томонлама фаол бўлиши вазифа сифатида белгиланган.

Халқ демократик партияси фракцияси ўз эътироз ва таклифларини билдирган ҳолда, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурининг 9 ойдаги ижроси натижалари бўйича Ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади. Фракциямиз Давлат дастурида белгиланган вазифалар йил якунига қадар тўлиқ бажарилишига эришиш бўйича парламент ва депутатлик назоратини изчил давом эттиради.

Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?