Давлат бюджети халқ манфаатига хизмат қилиши керак

17:20 21 Октябр 2020 Иқтисодиёт
259 0

Давлат амалга ошираётган ислоҳотларда энг катта сифат ўзгаришлари бюджет тизимини замон талабларига мослаштиришда кўриняпти, десак муболаға бўлмайди. 2020 йил учун Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилиниши, пандемия шароитига қарамасдан, одамлар ҳаётида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

Қонуннинг амалдаги ижросини биргина аҳолининг ижтимоий ҳимояси мисолида кўрадиган бўлсак, моддий ёрдамларнинг манзилли етиб бориши, бюджет маблағларининг тўғри сарфланиши катта аҳамият касб этаётганлиги эътироф этиш лозим. Бундан ташқари, пандемия шароитида бюджет харажатларининг аксарият қисми ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани ҳам давлат бюджети халқ манфаатларидан келиб чиқиб шакллантирилаётганини кўрсатмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишда ҳам ижтимоий соҳани ривожлантириш ва халқни ижтимоий ҳимоясига оид масалаларга катта эътибор қаратилди. Шунингдек, бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона сарфлаши кераклиги, энг асосий харажатлар натижадор бўлиши асосий мезон сифатида қаралиши таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, бундан буён харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида кўрсатилиши зарурлиги қатъий белгиланди. Бу борада Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар зиммасида катта масъулият тургани қайд этилди.

Президентимизнинг парламентга қилган мурожаатномасида Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш борасида аниқ вазифалар қўйилган эди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Ҳисоб палатасининг йиллик ҳисоботи, Давлат бюджетининг ҳар чораклик ижроси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиняпти.

Мана шу муҳокама жараёнларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари, депутатлар янги бюджет лойиҳаси бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишган эди. Ушбу таклифлар умумлаштирилиб, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, шунингдек, бошқа тегишли вазирликларга доимий равишда киритиб борилмоқда. Баъзи вазирликларнинг самарасиз фаолиятига танқидий баҳо берилди, айрим вазирлик ва ташкилотлар томонидан бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланганлик ҳолатлари нисбатан чоралар кўриш бўйича ҳукумат органларига тегишли сўровлар юборилди.

Айтиш лозимки, бундан 5 йил аввал туман ва шаҳарлар бюджетларини шакллантириш ва ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашларнинг иштирокига формал қаралар эди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан маҳаллий Кенгашларнинг бюджетни шакллантириш ва ижросини назорат қилиб боришига оид амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Натижада маҳаллий ҳокимият органларининг бюджет даромадларини орттириш, харажатларни эса тўғри ва тизимли йўлга қўйишга бўлган қизиқиши ва манфаатдорлиги ортиб бормоқда. Бюджетга қўшимча жалб қилинган маблағлардан ҳудуд аҳолисининг манфаатлари, талаб ва таклифларидан келиб фойдаланиш имконияти пайдо бўлмоқда. Эндиликда бундай маблағлар қаерга ва қандай ишлатилишини маҳаллий депутатлар, кўпнинг маслаҳатини олган ҳолда йўналтириш улардан бу ишга катта масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Бунинг учун маҳаллий кенгаш депутатлари бюджет параметрларини очиқ-ойдин муҳокама қилиши, ҳудуддаги реал ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор бўлиши, лойиҳа ва дастурларга оид маълумотларни чуқур таҳлил қила олиши, сайловчилар ва аҳоли вакиллари, нодавлат ташкилотлари билан доимий мулоқотда бўлишлари талаб этилади. Бюджет ижроси бўйича жамоатчиликни фаоллаштирмасдан парламент ва маҳаллий кенгашлар таъсирчанлигига эришиб бўлмайди.

Келгуси йилга давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилганлиги ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар янада чуқурлаштирилишини англатади. Ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши кутилмоқда. Келгуси йилдан бошлаб ягона ижтимоий реестрни барча ҳудудларда ишга тушириб, ижтимоий нафақалар ажратиш тизимини тўлиқ автоматлаштириш зарурлиги вазифа этиб қўйилмоқда.

Ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлаш масаласига Ўзбекистон Халқ демократик партияси катта масъулият билан ёндашиши талаб этилади. Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда партиямиз депутатлари парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириши, ҳар бир ҳудудда аниқ режа асосида иш ташкил қилиши зарур.

Бунинг учун ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларни танқидий таҳлил қилиш, партия фаолиятида маҳаллий кенгашлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш, шунингдек маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, кенг жамоатчилик билан ишларни тизимли ташкил этиш олдимиздаги асосий вазифалардан бўлиб турибди.

Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?