Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган давра суҳбати “Koʻngil koʻzi” лойиҳасининг тақдимотига бағишланди

19:50 18 Март 2019 Жамият
382 0

Фото: Фаррух Алиев (АОКА).

​Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Koʻngil koʻzi” лойиҳаси тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоийлашуви учун қулай шарт-шароитларни яратиш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда халқаро тузилмаларнинг саъй ҳаракатларини бирлаштиришни мақсадида ўтказилган анжуманда дипломатик корпус, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирликлар, идоралар, имконияти чекланган, жумладан, кўришда муаммоси бўлган инсонлар билан ишлашга ихтисослаштирилган давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернати ўқувчилари, журналистлар қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ногиронлиги мавжуд инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Имконияти чекланган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясига кўмак беришга қаратилган давлат ва жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Ногиронлиги мавжуд инсонлар учун махсус мактаб-интернатлари ташкил этилган. Улардан 12 тасида 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар таҳсил олади. Бундай мактабларнинг фаолият юритиши ногиронларнинг тарбияси, умумтаълим ва касб-ҳунарга ўргатиш, кейинчалик эса уларнинг ишга жойлашишига кўмак беради.

2017 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини таъминлашда муҳим воқеалардан бири бўлди.

Фармон билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, уларнинг таълим олиши, махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлашни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 51 банддан иборат Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Муҳим янгиликлардан бири сифатида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда 2 фоизли квоталар киритилганлигини айтиш мумкин. Бу эса уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу соҳада олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4151-сон қарорига мувофиқ, “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Koʻngil koʻzi” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад эса кўриш имконияти чекланган шахсларга ижтимоий соғломлашишга кўмак бериш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни, биринчи навбатда, болалар ва ёшларни керакли ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлашдан иборат.

Айтиш керакки, кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммолари бор инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш, “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг моддий-техникавий ҳолатини яхшилаш, ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритишлари учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиш лойиҳанинг асосий вазифаларидандир.

Яқин келажакда Агентлик ушбу лойиҳа доирасида нафақат барча махсус мактаб-интернатларни зарур ўқув китоблари билан таъминлашни, балки ўқув материалларни тушунарли ва осон кўринишда етказиб бера оладиган “Ўргатувчи адабиёт”, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Жомий каби адибларнинг машҳур асарларини ўзида жамлаган “Ўзбек адабиёти дурдоналари” туркум аудиокитобларини нашр этишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, истиқболда кўриш борасида турли имкониятларга эга инсонлар ҳаётидан қизиқарли лавҳаларни ўз ичига олган “Ўзгача инсонлар” тўпламини чиқариш ҳамда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун музейларга экскурсияларни ташкил этиш методикасини ҳаётга татбиқ қилиш, кўриш қобилиятида муаммолари бор инсонлар учун сенсорли (тактиль) жуғрофия хариталарини чиқариш мўлжалланган.

Тақдимот якунида мавзу доирасида баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар “Koʻngil koʻzi” лойиҳасини амалга оширишда Агентлик билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ўз қизиқишларини билдиришди.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан махсус мактаб-интернат ўқувчиларига совғалар топширилди. Болаларга аудио-эртакларни ўзида жамлаган колонкалар ҳамда Брайль шрифтида чоп этилган ўзбек эртаклари тўплами тақдим этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019