Давлат активларини бошқариш агентлиги пресс-тур уюштирди

10:20 29 Август 2020 Иқтисодиёт
349 0

Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳри, Ургут ва Оқдарё туманларидаги давлат мулкини хусусийлаштириш, сармоя киритиш, инвестициявий мажбуриятларни бажариш, инвесторларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топишга бағишланган пресс-тур уюштирилди.

Дастлаб журналистлар «Самарқанддон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишдилар. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган корхоналарда давлат улушини камайтиришга қаратилган дастурлар асосида бу каби корхоналар ҳам акциядорлик жамиятларига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707-сонли «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги Фармонига асосан Туркия Республикасининг “ALAPALA MAKINA GIDA SANAYI VE TICARET A.S” корхонасидан 1,7 миллион АҚШ доллари эвазига кунлик қуввати 200 тонна буғдойни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий типдаги тегирмон олиб келинган ва ишга туширилган. Натижада корхонанинг йиллик қуввати 54 000 тонна ун ишлаб чиқаришга етказилган. Буғдойдан ун чиқими 75 фоизни, кунига ишлаб чиқариладиган ун миқдори эса 150 тоннани ташкил этади.

— Корхонамиз технологик янгилангунга қадар кунига 110-120 тонна ун тайёрланарди, —​ дейди «Самарқанддон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти раҳбари ўринбосари. —​ Қолаверса, замонавий типдаги тегирмон ўрнатилиши натижасида корхонада ишлаб чиқариш харажатлари камайган бўлиб, биргина электр энергиясидан 40 фоизгача маблағ иқтисод қилинмоқда. Бунинг натижасида корхонамиз 2019 йилда 11,9 миллиард сўм даромад олган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида даромадлар салмоғи 6 миллиард сўмдан ортди.

Бугунги кунда, корхонада жами 472 нафар ишчи ходимлар меҳнат қилишмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда 9 та акциядорлик жамияти, 79 та масъулияти чекланган жамият ва 107 та давлат унитар корхонаси фаолият юритмоқда.

—​ Йил бошидан буён “E-IJRO AUKSION” савдо майдончаси орқали 49 та объект сотилди, яна 12 объект савдога қўйилган, 20 та бино эса савдога чиқарилиши режалаштирилган, —​ дейди давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Абдувоҳид Янгибоев. —​ Ҳозирда бошқармамиз томонидан 100 миллиард сўм ва 210 миллион доллар сармоя киритиб, 2800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган 77 та объект бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда. 2020 йилда 24 та объектда шартнома бўйича 45,4 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 800 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Аммо, бўш турган ва бир неча бор “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига чиқарилиб ҳозиргача сотилмаётган объектлар ҳам бор. Жумладан, Самарқанд шаҳар Спитамен кўчасидаги бино фаолият тури чекланмаган ҳолда дастлаб 3 миллиард 200 миллион сўм қийматда савдога қўйилди, тўрт муддатдаги савдоларда ҳам харидор топилмагач, бино дастлабки нархидан 40 фоизга туширилиб, ҳозирда 1 миллиард 968 миллион сўм қийматда қайта сотувга чиқарилди.

Пресс-турда журналистлар Ургут туманидаги «Ургут Маруфнол» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда тадбиркор 2015 йилдан бери бўш ётганлиги сабабли “E-IJRO AUKSION” орқали савдога чиқарилган бинони 2017 йилда тиббиёт маркази ташкил этиш учун «Ноль» харид қийматида 23,162 миллиард сўм сармоя киритиш ва 173 та иш ўрни яратиш шарти билан олган. Бино шу кунларда фойдаланишга топширилиш арафасида.

—​ 2017 йилда “E-IJRO AUKSION” савдоларида тиббиёт маркази ташкил этиш лойиҳамиз билан қатнашиб ғолиб бўлдик, —​ дейди жамият раҳбари Баҳром Додиев. —​ Шундан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармаси ходимлари назоратида икки қаватли бинонинг учинчи қавати ва қўшимча бино қуриш ишларини бажардик. Белгиланган муддатда бино тайёр бўлди, лекин пандемия туфайли фойдаланишга топшириш муддати чўзилди. Шу боис, яна қўшимча 1 миллиард сўм сармоя киритиш шарти билан ишга тушиш муддати бир йилга узайтирилди. Ҳозиргача қурилиш ишларига 14 миллиард ва хориждан замонавий тиббиёт ускуналари келтириш учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ киритиб, сентябрь ойининг ўрталарида марказни фойдаланишга топшириш ниятидамиз.

Мазкур тиббиёт марказимизда барча турдаги тиббий таҳлиллар ўтказилиши билан бирга Covid-19 учун ҳам тест топшириш ҳамда МРТни йўлга қўйиш имконияти яратилмоқда. Бу эса туман аҳолисини таҳлил учун Самарқанд шаҳрига боришига эҳтиёж қолдирмайди.

Шунингдек, журналистлар Оқдарё туманидаги Янгиобод МФЙда жойлашган собиқ меҳмонхона-музей биносини инвестор Зайниддин Атабаев томонидан 1 (бир) сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти бўйича олинган объект муаммоси билан танишишди.

Оқдарё тумани, Янгиобод МФЙда жойлашган ушбу эски меҳмонхона-музей биноси “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали фуқаро З.Атабаев томонидан инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан олинган.

Тарафлар ўртасида имзоланган 2020 йил 5 февралдаги 9-сонли олди-сотди шартномасига мувофиқ, Инвестор томонидан электрон-аукцион савдосида шаклланган 1 000 001 (бир миллион бир) сўм миқдордаги сотиб олиш тўловларини тўлаш ҳамда объектга 150 миллион сўм инвестиция киритиш эвазига фотосалон хизмати ҳамда тикувчилик цехини ташкил этиш орқали 5 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасига фуқаро Зайниддин Атабаевнинг 2020 йил 11 мартдаги мурожаат хати келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда “E-IJRO AUKSION” электрон аукцион савдо майдончаси орқали олинган Оқдарё туман, Янгиобод МФЙда жойлашган эски «Меҳмонхона-музей» биносини Оқдарё тумани, Янгиобод МФЙ, Равот қишлоғида яшовчи фуқаро Алиева Нафиса томонидан асоссиз равишда эгаллаб олинганлиги ва бинони бўшатиб беришдан бош тортиши оқибатида низоли ҳолат юзага келаётганлиги маълум қилинган.

Шунга кўра, фуқаро З.Атабаевнинг мурожаатини ҳар томонлама ва холисона ўрганиб чиқилишини таъминлаш мақсадида, ҳудудий бошқарма ходимлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра Нафиса Алиева томонидан қадимги буюмлар сақланаётганлиги ва ушбу бинодан фойдаланиш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлган ҳамда бинони бўшатиб бериш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар керакли натижани бермаган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда туман прокуратураси билан мазкур ҳолат ўрганилиб, ҳудудий бошқарманинг даъво аризасига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Паяриқ туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, фуқарони объектдан мажбурий тартибда чиқариш бўйича қарор қабул қилинган.

Шундай бўлса-да, Нафиса Алиева ҳамон бинони турли баҳоналар билан бўшатмасдан келмоқда. Ушбу манзилга пресс-тур иштирокчилари борган пайтда ҳам Нафиса Алиева бетоблигини важ қилиб келишдан бош тортди. Муаммони ҳал қилиш мутасаддилар ҳукмига ҳавола.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?