Даштиободда апельсин ва мандариндан сўнг банан ҳам етиштирилмоқда 

15:34 24 Апрель 2020 Жамият
554 0

Архив фото

Самарқанд туманида томорқа ерида кўчат етиштирувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳар бир қарич ер ва ҳар дақиқанинг қадрига етадиган бу миришкорлар янгиликка, яратувчанликка интилиб яшайди. Жумладан, туманнинг Даштиобод маҳалласида бир дарахтда икки хил мева етиштирадиган томорқа ер эгалари ҳам топилади. Шулардан бири Равшан Шамсиев.

— 13 сотих томорқамиз бор, — дейди Р.Шамсиев. — 6 сотихида учта ихчам иссиқхона ташкил қилганмиз. Улардан бирида 24 туп лимон парвариш қилинмоқда, ҳар бир тупидан 80-90 килограммгача ҳосил оламиз. Битта лимон кўчатига мандарин ва апельсин новдалари пайванд қилинган. Бир дарахтнинг икки шохида икки хил мева. Ўтган йили бир шохдан 100 килограмм мандарин олдик. Бу йил иккинчи шохдаги апельсин ҳам гуллади. Ундан ҳам яхши ҳосил кутяпмиз. Бундан саккиз йил аввал отам иссиқхонамизнинг бир четига синов тариқасида банан кўчатини эккан эди. Ўтган йили нишона кўрсатди. Бунинг парвариши бироз қийинроқ экан, аммо мутахассислар билан маслаҳатлашиб уддалашга ҳаракат қиляпмиз. Банан кўчатларини ҳам кўпайтириш ниятимиз бор.

Бу томорқа эгалари қишин-ёзин меҳнат қилиб, аҳоли дастурхонига сабзавот ва кўкатларнинг энг сара навларини етказиб бермоқда.

Шу маҳалладаги яна бир томорқа эгаси Муҳиддин Шамсиевдир. У ҳовлисининг 4 сотихидаги 2 та иссиқхонада ва ярим сотих очиқ ер майдонида 10 хилдан ортиқ гул парвариш қилади. Қишин-ёзин яшнаб турадиган бу гулзорлардан йилига 20 миллион сўмгача даромад олиш мумкин экан.

— Гулга меҳримиз бошқача, — дейди М.Шамсиев. — Ҳудудларни ободонлаштириш учун зарур бўлган гул кўчатларини ярим сотих очиқ ерда парвариш қиламиз. Маҳалламиз маркази, масжид ва қабристонни кўкаламзорлаштириш учун неча туп гул кўчат керак бўладиган бўлса бепул, беминнат етказиб берамиз.

Маълумотларга кўра тумандаги 74 та маҳаллада 40 мингдан зиёд томорқа ер эгалари бор. Улар 1 минг 139 гектар томорқа майдонларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Шу пайтга қадар мавжуд томорқаларнинг 85 фоизига эртаги экинлар экиб бўлинди.

Абдулазиз Йўлдошев,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?