«Дарёнинг у томонида журналист, бу томонида блогер туриб, бир-бирига тош отмаслиги керак» — Бугун матбуотда...

11:31 25 Июнь 2020 Жамият
214 0

“...Жангу жадалларда ҳеч ким ғолиб бўлмайди. Кучсизлар билан бирга кучлилар ҳам оғир йўқотишларга дучор бўлади. Ғолибнинг ҳам, мағлубнинг ҳам уйи бузилади, ери қонга тўлади, даласи порох ҳидига тўйинади. Патрон ичидан отилиб чиқаётган ўқ одам танламайди. Янада даҳшатлиси, улуғ адиб Чингиз Айтматов ёзганидек, урушларнинг фожиаси шундаки, уни бошлаган саркардаларнинг номлари тарихда қолади, уларга ёдгорликлар ўрнатилади, аммо жанггоҳларда қурбон бўлган миллион-миллион одамлар орасида даҳо олимлар, миллатнинг фахру ғурурига айланадиган буюк истеъдод эгалари борлиги ҳақида ҳеч ким ўйламайди”.

Янги Ўзбекистонгазетасида чоп этилган «Навоийни ўқиб, Пушкиндан баҳра олиб...» сарлавҳали материалда шундай мулоҳазаларни ўқийсиз. Мақола муаллифи — «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевнинг ёзишича, бу йил Ғалаба кунини нишонлашда ватандошларимизнинг жанггоҳларда кўрсатган мислсиз жасоратлари, Ғалабага қўшган салмоқли ҳиссалари алоҳида эътироф этилди. Янада муҳими, шу пайтгача тўла ошкор қилинмаган кўпдан-кўп маълумотлар очиқланди. Ўзбекистонликларнинг кўпдан-кўп жасоратлари янги фактлар, рақамлар, фронт ҳужжатлари, архив материаллари, шахсий хотиралар мисолида кенг очиб берилди.

Халқ сўзигазетасида босилган «Камбағаллик: даромад тенгсизлигими ёки таълим олишга эътиборсизлик?» сарлавҳали мақолада эса муаллифлар — иқтисодиёт фанлари докторлари Нодир Жумаев ва Дилшоджон Раҳмоновлар камбағаллик мезонларини асослашга ҳаракат қилади. Бунинг учун бу борадаги тадқиқот таҳлилларини келтириб ўтади. Материалда пандемия шароитида даромадлар пасайиши ва жамғармаларнинг узоқ муддатга етмаслик эҳтимоли давлат томонидан қўшимча маблағларни сафарбар этишни тақозо қилиши, бу эса бюджет даромадлари қисқарган шароитда қарз маблағларини жалб этиш заруратини келтириб чиқариши алоҳида қайд этилади. Муаллифлар Ўзбекистонда камбағалликни келтириб чиқаришга сабаб бўлган муҳим сабаблар ҳақида ҳам тўхталиб, камбағалликни камайтириш борасида ўз таклифларини илгари суришган.

Тождор вирусдан энг кўп зиён кўрган соҳалардан бири — туризм. Бу эса, ўз навбатида, кўплаб мамлакатлар иқтисодиётига оғир зарба бўлди. Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам. Мамлакатимиз жорий йилнинг 16 мартидан хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ўз эшикларини ёпди. Оқибатда 1500 ортиқ туроператор ва 1200 та меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди. Бу эса 250 мингдан зиёд одамнинг, хусусан, гидлар, ҳунармандлар, дам олиш масканлари, овқатланиш шохобчалари, транспорт хизмати ва бошқа соҳа вакилларининг даромади кескин пасайишига сабаб бўлди. Хўш, бундай вазиятда Ўзбекистон қандай йўлдан бормоқда? «Правда Востока» газетасида эълон қилинган «Тревел-карантин: как это будет?» сарлавҳали материалда шу ҳақдаги маълумотлар, фикр-мулоҳазалар билан танишишасиз.

«Народное слово»газетаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг «Сотрудничество во имя мира» («Тинчлик йўлида ҳамкорлик») сарлавҳали материалини эълон қилган. Унда Ўзбекистоннинг БМТ билан алоқалари ҳақида батафсил тўхталиниб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи бу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани таъкидланади. Қайд этилишича, жорий йилда мазкур тузилма ўзининг 75 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «БМТ-75» глобал дискуссиясини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Унинг доирасида 26 июнь куни БМТ Устави қабул қилинган куннинг 75 йиллигига бағишланган онлайн-маросим бўлиб ўтади. Ўзбекистон ҳам ўзининг барқарор ривожланиш мақсадларига хайрихоҳ эканлигини намойиш этган ҳолда бу маросимда иштирок этади.

Ўзаро мулоқотларда «Карантин қачон тугар экан-а?» мазмунидаги саволларга тез-тез дуч келамиз. Аммо ҳаммамиз ҳам ўзимизга «Карантин тугаши учун мен нима қиляпман?» деган саволни бериб кўришни истамаймиз. Кўча-кўйда ниқобсиз юрган, ижтимоий масофа сақлашни парвойига ҳам келтирмаётган, қўл бериб кўришишни канда қилмаётган инсонлар карантин муддати чўзилишига озми-кўп ҳисса қўшаётгани ҳақида ўйлаб кўришганмикин?! Ishonch газетасида чоп этилган «Карантин тугаши ўзимизга боғлиқ» сарлавҳали мақолада корхона ва ташкилотларда ўтказилган жамоатчилик назоратида айни шу ҳолат кўплаб учраётгани қайд этилади.

Ўқувчининг мактабда олган билими тошга ўйилган нақшдир. Аммо у ўқиётган дарслик чалкашлик ва хатоларга тўла бўлса-чи? Рустам Иброҳимов 9-синфлар учун «Биология» дарслигини таҳлил қилиш асносида унда кўплаб хатоликлар мавжудлигини кўрсатиб ўтади.

«Касб касаллиги» деган атамани кўпчилигимиз эшитганмиз, албатта. Аммо бугунги шиддаткор замонда юксак технологиялар сабаб иш жараёни ҳам ўзгариб бормоқда. Хўш, бугун қайси касбда ишлаш машаққат? Қайси касблар инсон руҳияти ва саломатлигига ҳамон ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда? Зебо Намозованинг «Касб касалликлари: соҳа ислоҳотга муҳтож» сарлавҳали мақоласида шу ҳақда фикр юритилади.

Мahallaгазетасида эълон қилинган «Дарёнинг у томонида журналист, бу томонида блогер туриб, бир-бирига тош отмаслиги керак» сарлавҳаси остида берилган мақолада бугунги кун журналистикаси, унинг ютуқ ва камчиликлари, журналист одоби ва масъулияти, ёш кадрларни тайёрлашдаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратилган. «Журналистларимиз амалдаги қонун ҳужжатларидан хабардор бўлса, одоб-ахлоқ мезонларига кўра иш юритса, унга нисбатан муносабат ҳам тубдан ўзгаради... Кўпчилигимизда мавзуни пухта ўрганмаслик, таваккалчилик қусури борки, бундан тезроқ халос бўлишимиз зарур. Шундай бўлайликки, биздаги ахборотга эгалик, дипломатик қобилиятни кўриб, соҳа мутахассислари бажонидил қабул қилсин» дейилади материалда.

Қонунда жамоат жойида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиш тақиқланган. Жаримаси ҳам бор. Энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми. Аммо шу пайтгача амалиётда бирор кишининг тамаки чекканлиги учун жаримага тортилганини эшитганмисиз? Йўқ. Бўлса ҳам бу миқдор ниҳоятда кам. «Шахс ёки идора қонундан устун бўлмаслиги керак» сарлавҳали мақоладан шу ҳақдаги мулоҳазалар ўрин олган.

Postda — На постугазетасида берилган «Инновацион технологиялар — хавфсизлик гарови» мақоласида мамлакатимиз халқаро аэропортларида хавфсизлик қанчалик ишончли қўриқланаётгани, ҳарбий соҳага жалб этилаётган замонавий технологиялар ҳақида сўз боради. «...Сиз ҳозир келаётгандай бўлиб туюлади менга» сарлавҳали мақолада эса журналистнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва унинг суюкли рафиқаси, беназир шоира Саида Зуннунованинг ҳаёт йўлларига бағишланган «Сабру садоқат» телесериалидан олган таассуротлари билан танишасиз.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Ушбу сана муносабати билан «Қишлоқ ҳаёти» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Чори Латипов билан суҳбат эълон қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?