Дарёни кўрмасдан этикни ечмаган маъқул

11:43 17 Май 2018 Жамият
1924 0
Фото: Golos.io

2018 йилнинг 15 май куни “Озодлик” радиосининг интернет саҳифаларида “Ўзбек матбуоти сохта хабар тарқатдими?” номли мақола чоп этилди.

Унда Ўзбекистон Канн фестивалида бирорта ҳам ўзбек киноси билан иштирок этмаётган бўлсада, Ўзбекистон телевидениеларида, миллий ахборот агентлиги, газета ва интернет нашрларида учта ўзбек фильмларининг Канн фестивалида қатнашиши тўғрисида ахборот тарқатилгани иддао қилинган. 

Шу кунга қадар Ўзбекистон павильони Канн халқаро кинофестивалида қурилмагани, кино бозори ва шаҳарчаси деган тушунчалар халқимизга яхши таниш бўлмагани сабабли туғилажак барча саволларга аниқлик киритиш учун Канн халқаро кинофестивали арафасида 3 май куни Кинематографияни ривожлантириш марказида матбуот анжумани ўтказилган эди.

Ушбу матбуот анжуманида ОАВ вакилларига Ўзбекистон томонидан Канн кинофестивали асосий дастури учун ҳеч қандай фильм тақдим этилмаганлиги, Ўзбекистон кинофестивалнинг фақат халқаро кинобозор йўналишида иштирок этиши мақсад қилинганлиги, бунинг учун махсус павильон ташкил этиб, мамлакатимиз киноиндустриясини янада ривожлантириш учун хорижий кинокомпаниялар ва кинематография ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш, халқаро миқёсда фаолият олиб борувчи дистрибьютер ва продюсерларни Ўзбекистонда фильмлар суратга олиш ишларига жалб қилиш, мамлакатимизнинг бой кинолокацияси ҳақида бутун дунёдан келган вакилларга маълумот бериш ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш асосий мақсад қилинганлиги маълум қилинган эди.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган халқаро «PROlogue» кинофестивалини тақдимот қилиш, фестивалда иштирок этиш учун хорижий ҳамкорлар топиш ҳамда “Ўзбекистон кинокомиссияси” ва яқинда ташкил этилган “Республика кинопрокат маркази”нинг фаолияти тўғрисида  тақдимот ўтказилиши ҳақида ОАВда эълон қилинган.

“Озодлик радиоси” мухбирининг ёзишича, гўёки Рашид Маликовнинг “Сабот”¸ Мухлиса Азизованинг “Чаëн”, Рустам Мелиев “Мақсад” фильмлари 71-Канн кинофестивалига тақдим қилинганлиги тўғрисида ўзбек оммавий ахборот воситаларида ахборот берилган, лекин  аслида уларнинг ҳеч бири халқаро Канн кинофестивалининг дастур ва лойиҳаларига киритилмаган.

“Озодлик радиоси” масалани чуқур ўрганмасдан, Канн кинофестивали низоми ҳамда фестиваль йўналишлари тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмасдан, Ўзбекистоннинг фестивалда иштирок этишдан мақсадини тушунмаган ҳолда бир тарафлама, “провакацион” маълумотларни тарқатган. 

Тўғри, фестивалга юқорида номлари тилга олинган фильмлар олиб келинган, лекин улар фестивалда намойиш учун эмас, балки шу фильмлар тўғрисида хорижий дистрибьютерларга маълумот бериш орқали уларни келгусида халқаро кинопрокатга чиқариш кўзда тутилган. Ахир, “тақдимот қилиш” (презентация), “намойиш этиш” (показ) дегани эмаслиги ҳаммага тушунарлику! 

Бу ҳақда Кинематогарафияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида аниқ маълумот ва ахборотлар берилган.
“Озодлик радиоси” суҳбатлашган киномунаққид Ўзбекистон делегациясининг Францияда саёҳат қилиб юрганликда айблаган.

Бироқ, Ўзбекистон делегациясининг фестиваль давомида амалга оширган ишлари, эришган ютуқларини кундалик бериб борилаётган ахборотлардан ҳам билиш қийин эмас. Ундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси вакиллари Канн фестивали мобайнида ўзбек миллий павильонида бўлиб, бевосита фаолиятни кузатиб боришди. Шу кунга қадар делегация аъзолари ўзбек киносини ривожлантиришга хизмат қилувчи бир қатор зарур меморандум ва шартномалар имзолаб, дунёнинг йирик кинокомпаниялари, кино марказлари, машҳур кино ишбилармонлари билан ҳамкорлик ўрнатишди.

Павильон очилгандан буён ўтган 7 кун ичида Автралия, Англия, Аргентина, Бельгия, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Испания, Италия, Россия, Туркия, Украина, Қозоғистон, Ҳиндистон давлатларидан ташриф буюрган кино вакиллари ва кинокомпаниялари билан расмий учрашувлар ўтказди ва келишувларга эришди. Ҳар бир тузиладиган шартнома ёки меморандум ортида қандай катта меҳнат ётишини ва бундай меҳнатдан “саёҳат қилиб юришга” вақт қолмаслигини соҳанинг ҳар бир вакили яхши тушунса керак.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Канн фестивали доирасида Ўзбекистон павильонини ташкил этиш осон кечгани йўқ. Жуда қийин музокаралар ва Давлатимизнинг амалий қўллаб-қувватлаши натижасида бу лойиҳа амалга оширилди. Бу вазифа айнан ёшларга ишониб топширилгани биз ёш ижодкорларга жуда катта масъулият юклайди. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб, англаб турибмиз. Францияда орттирган тажриба ва кўникмаларимизни, албатта, юртимиз равнақи ва ўзбек киносининг ривожи учун сарфлаймиз.

Шу сабабли, оммавий ахборот воситалари вакилларидан жамоатчилик фикрига таъсир қилиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатишда холисликка асосланишларини ҳамда соҳта пиар орқасидан қувмасликларини илтимос қилиб сўраган бўлар эдик.

Ойбек Абдушукуров,
Ўзбекистон кино делегацияси раҳбари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019