Дарёлардаги ўзбошимча «тадбиркорлик» қимматга тушяпти

11:01 26 Июль 2018 Иқтисодиёт
202 0
Иллюстратив фото

Сувнинг ҳар қатраси зарга тенг, деган иборанинг аҳамияти, таъсирини бугун ҳар қачонгидан-да кўпроқ ва теранроқ сезяпмиз. Сабаби ушбу неъмат йил сайин танқис бўлиб бормоқда. Йил қурғоқчил келган вақтда бу ҳосилдорликка ўз таъсирини кўрсатяпти.

Бунда, албатта, инсон омили ҳам бор. Боиси сув объектларида ўзбошимчалик билан олиб борилаётган “тадбиркорлик” ишларининг оқибатлари қимматга тушяпти. Айниқса, қум-шағал материалларидан табиатга завол етказмаган ҳолда фойдаланиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги қатор муаммоларга ечим топиш, жумладан, соҳани тартибга солиш ва уни тизимлаштиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Ушбу қарор ижроси парламент қуйи палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан парламент назорати тартибида Қашқадарё вилояти мисолида ўрганилди.

Очиғини айтиш керак, қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб олиниши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Ўрганишлар давомида Қашқадарё вилоятидаги дарё ўзанларида қум-шағал материалларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, айрим тадбиркорларнинг бу борада лицензиясиз фаолият юритаётгани ва мавжудлари ҳам техник шартларга зид равишда қум-шағал материалларидан тартибсиз равишда фойдаланаётгани аён бўлди. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари кескин ўзгариб, сув ва ер ресурсларига, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсига, улар яшаш ва ўсиш муҳитига, қум-шағал захираларига катта зиён етказилмоқда.

Масалан, Китоб тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсининг ҳозирги кунда “Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи” лицензия асосида қум-шағал аралашмасини қазиб олиш билан шуғулланадиган “Қашқадарё” ХФ ҳамда “Китоб темир-бетон буюмлари” МЧЖ томонидан қум-шағал аралашмаси тартибсиз равишда қазиб олиниши туфайли дарё ўзани бузилиши ва сув оқимининг хавфли ўзгаришига, қирғоқларнинг емирилишига сабаб бўлаётгани аниқланди.

Энг ачинарлиси, Жанубий халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси томонидан қазиб олинган қум-шағал аралашмаси ҳисоби юритилмагани кузатилди. ўузор дарёсининг ўзани қазиб олиниши оқибатида қирғоқда 20 — 30 метрлик чуқурлик, энига эса 100 — 150 метргача бўлган жарликлар ҳосил бўлган. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари кескин ўзгариб, сув ва ер ресурсларига, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсига, уларнинг яшаш ва ўсиш муҳитига ҳамда қум-шағал захираларига катта зиён етказилмоқда.

Дарёлар ўзанлари қум-шағал захираларидан ноқонуний фойдаланиш, оқибатда ўзанлар чуқурлашиб, ер усти ва ер ости ичимлик суви захираларининг ифлосланишига, дарё ўзанларидаги айрим стратегик объектлар, жумладан, кўприклар, магистрал йўллар, газ ва сув қувурлари хавфсизлигига жиддий хавф солаётир. Шу билан бирга, дарё ўзанларида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли орасида турли инфекцион касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Дарё ўзанларининг чуқурлашиши қирғоқлар ўпирилиши, ботқоқликлар пайдо бўлишига олиб келяпти. Энг хавфлиси, дарё атрофида деҳқончилик юритиб келаётган маҳаллий аҳолининг минглаб гектар майдонлари ва хўжаликларнинг сув таъминотига салбий таъсир кўрсатиши натижасида экин ерларининг таназзул жараёни тезлашишига сабаб бўлмоқда.

Президент қарори ижроси юзасидан вилоятда амалий чора-тадбирлар олиб борилаётгани ҳам ўрганишлар давомида маълум бўлди. Хусусан, вилоятда 62 та корхона ва ташкилотга дарё ўзанларини тозалаш ҳамда қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари учун ажратилган ер майдонлари захирага қайтарилиб, қум-шағал қазиб олувчи махсус транспорт воситалари дарё ўзанлари ва қирғоқларидан чиқартирилган.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, бундан кейин тегишли комиссиянинг қарорисиз тадбиркорлик субъектларига ушбу фаолият учун ер участкаларини ажратиш тақиқлаб қўйилди. Мазкур қарор ижроси устидан назорат қилувчи органларнинг огоҳлантиришига қарамай, фаолиятини давом эттирган ёки ўзбошимчалик билан ноқонуний фаолият юритган 32 нафар фуқаро ва мансабдор шахсга нисбатан 11,2 миллион сўм миқдорида маъмурий жазо чораси қўлланилган.

Албатта, юртимизда бизнес муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлардан мазкур соҳа ҳам холи эмас. Бу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъридан фойдаланиш соҳасида лицензиялар бериш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди. Янги тартибга асосан, эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишиучун 20 — 30 кун ичида лицензия олиши мумкин.

Танганинг икки томони бўлгани каби Президент қарорига, асосан, мазкур фаолиятда тартибни бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузурликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини ҳам айтиб ўтиш ўринли.

Бундан ташқари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг ушбу жараёнда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялари акс этган қарори қабул қилинди ҳамда мутасадди идора ва ташкилотларга юборилди.

Президент қарорининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши дарё ва сув ҳавзалари ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмалар, хусусан, қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишга чек қўйиш, улар билан шуғулланувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ислом ХУШВАҚТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар