“Дарё бўйида яшаб сувга ёлчимаяпмиз”. Хоразмда “Обод қишлоқ“ дастурига киритилган қишлоқ қаровсиз аҳволда

18:23 02 Август 2018 Жамият
264 0

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний тумани ҳудуди орқали Амударё устига қурилган катта кўприкдан ўтишингиз билан Хоразмнинг Чолиш қишлоғи ҳудудига кириб борасиз. Ҳар бир меҳмонда вилоят ҳақидаги дастлабки таассуротлар ушбу қишлоқ манзараларини томоша қилиш орқали шаклланади, десак янглишмаймиз. Зеро, халқимиз остонага қараб уйга баҳо беришга одатланган.

Дарё ёқасида жойлашган, бир пайтлар сўлим узумзорлари билан донг таратган қишлоқ қиёфаси эса кўнгилни хира қиладиган аҳволга келиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бўйича Чолишда ҳам кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган эди. Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқнинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолати ўрганилиб, халқ билан мулоқот уюштирилди. Шу асосида “йўл харитаси” тузилиб, қишлоқни обод масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бироқ катта кўтаринкилик, шижоат билан бошланган бунёдкорлик ишлари суръати орадан бироз муддат ўтиб кескин сусайиб кетди.

— “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этила бошлангач, эътибордан четда қолиб кетаётган маҳалламиз ҳам тубдан ўзгаришига умид қилгандик, — дейди Комилжон Отаниёзов номли маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Дуржон Худойберганова. — Истагимиз амалга ошиб, дастур асосида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Биз ҳам қараб турмадик. Қўни–қўшнилар маслаҳатлашиб, уйларимизнинг фасад қисмини таъмирлаш, кўчани ободонлаштириш ишларини бажардик. Аммо бизга боғлиқ бўлмаган юмушлар ҳам борда. Масалан, бир неча йилдирки маҳалламиз ҳудудига оқар сув келмайди. Имкон топган томорқасини насос ёрдамида ер ости сувларидан суғоради. Натижада экин майдонларининг бир қисми қаровсиз қолиб кетяпти. Тоза ичимлик суви таъминоти учун пластмасса қувурлар олиб келишганди. Бир неча ойдан буён офтоб тиғида ётибди. Бу кетишда қувурлар фойдаланилмасдан туриб яроқсиз ҳолга келиб қолмасайди. Халқ мақолида айтилганидай, дарё бўйида яшаб сувга ёлчимаяпмиз.

Оролбўйи минтақасида тоза ичимлик суви таъминоти масаласининг нечоғлик долзарблиги кундай равшан. Қишлоқ аҳолисининг аксарият қисми фойдаланаётган ер ости сувининг шўрланиш даражаси юқорилиги боис истеъмол учун тавсия қилинмайди. Қишлоқ одамлари эса ер ости сувини ичишга яроқлилигини аниқлаш учун ундан намуна олиб лабораторияга боришга ҳафсала қилмайди. Бундай сифатсиз сувни узоқ муддат истеъмол қилиш эса инсон организмида туз ва тош касалликларини келтириб чиқаради.

— “Обод қишлоқ” дастури доирасида эҳтиёжманд оилалар, ногиронларнинг уйларини таъмирлашга маҳаллий ҳокимликлар, ҳомийлар томонидан ёрдам берилаётганини телевидение орқали кўриб, рости, жуда қувонгандик, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Ҳажибийи Худикова. — Биз ҳам уйимизнинг томини ёпиш, ташқи қисмини сал эпақага келтиришга ёрдам беришларидан умидвор бўлгандик. Афсус, ҳалигача ҳолинг не, деб хабар олувчи бўлмади. Аслида уй-жойни таъмирлаш ҳар бир оиланинг ўз зиммасидаги иш. Аммо турмуш ўртоғимнинг топгани ногирон қайнимни даволатиш ва рўзғорнинг кундалик харажатларидан ортмаяпти. Фарзандларимни паспорт билан боғлиқ муаммо туфайли ишга қабул қилишмади. Мен ҳам вақтинча ишсизман. Иш билан таъминлаш ёки оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга ёрдам беришса, биз ҳам рўзғоримизни бутлаб олардик.

Қишлоқ ҳудудида ноқонуний қурилган бинолар бузиб ташланган бўлсада, қонуний қурилган, бироқ бугунги кунда харобага айланган иморатлар маҳаллалар ҳуснига соя солиб турибди. Айниқса илгари ҳарбий лицей жойлашган бино ва иншоотлар мажмуаси гўё урушдан кейин вайрон бўлган ҳудудни эслатади. Ошхона, ётоқхона, ёзги кинотеатр, ёпиқ сузиш ҳавзасигача мавжуд бўлган бу масканда наҳотки хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиб, санаторий-профилакторий ёки дам олиш маскани барпо этиб бўлмаса? Ваҳоланки, бир вақтлар худди шу ерда бурғулаш йўли билан қазилган ер ости қудуғидан шифобахш сув отилиб чиққан. Афсус, дарё ёқасида, тўқайзорларга туташ ушбу ҳудуд экотуризм учун жуда жуда қулай. Лекин мазкур маскан бир неча йиллардан буён қаровсиз ётибди. Ачинарлиси, бундай ташландиқ иморатлар Чолишда анчагина.

— Очиғи, қишлоқда яшашнинг ўзига яраша гашти бор, — дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Тўлибой Раҳимов. — Қишлоғимиз дарё ёқасида жойлашгани боис бир вақтлар шаҳарликлар келиб, чиройли дала ҳовлилар қуришганди. Шароит ҳаминқадар бўлгач, бу иморатларнинг ҳам кўпчилиги ҳувиллаб ётибди. Маҳалламиз газ таъминотидан узиб қўйилганига ўн йилдан ошди. Суюлтирилган газдан фойдаланиш учун махсус сиғим туман газ идораси томонидан берилади, дейишганди. Бу масалада бир неча бор мурожаат қилишимга қарамасдан натижа бўлмагач, газ балонини бозордан сотиб олдим. Уйни томини шифер қилиш учун банкдан кредит олишни таклиф қилишди. Ўзим нафақадаман, фарзандларим ҳам доимий иш ўрнига эга бўлмагани боис кредит фоизларини тўлаш имкониятимиз йўқ. Шунинг учун қишнинг қорли-қировли кунлари келишидан олдин яна ҳар йилгидай томсувоқ қилишни режалаштириб қўйдим.

Маҳалла ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида тураржойлар бунёд этилган. Аммо табиий газ муаммоси туфайли кўпчилик янги ҳовли-жойларга кўчиб келмаяпти.

Хуллас, Чолишда “Обод қишлоқ” дастури бўйича бошланган хайрли ишлар аро йўлда қолиб кетяпти. Йўлларни таъмирлаш, сув таъминотини йўлга қўйиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш борасидаги ваъдалар ҳозирча ваъдалигича турибди. Аҳоли эса дастурда белгиланган тадбирларнинг амалга ошишини, эзгу ниятларнинг рўёбини кутиб яшамоқда.

Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Муаллиф олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар