Дақиқалар сонияларга кўчди ёхуд бир ҳужжат учун бир дақиқа кифоя

15:03 12 Август 2020 Жамият
278 0

Иллюстратив фото

Инсон туғилиб, то умрининг охирига қадар бўлган вақт мобайнида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилади ҳамда туғилиш, вафот, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш каби хизматлардан фойдаланади. Барчамиз гувоҳ бўлганимиздек, бу тизим яқин вақтгача даста-даста қоғозлар билан ишлаб келган. Эндиликда ҳар бир берилаётган ҳужжат электрон архив базасига киритиб бориладиган бўлди. Бу эса, келгусида фуқароларнинг ФҲДЁ архивидан маълумотларни электрон тарзда олиш имкониятини яратади.

Айтиш керакки, рақамлаштириш ишларининг тезкорлик билан амалга оширилиши фуқароларнинг вақтини тежаш ва бир ҳужжат ортидан турли идоралар эшиги олдида навбат кутилишига чек қўяди. Тасаввур қилиб кўринг, авваллари бирор бир ҳужжатни ўзингизга қарашли ФҲДЁ бўлимидан олишингиз учун қанча вақт сарф этиларди. Устига-устак ортиқча қоғозбозлик, дегандай. Янги тизимга ўтилаётгани ана шундай ортиқча вақт йўқотишга чек қўйишдан ташқари идоралараро ахборот алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, давлат идоралари кўплаб  маълумотларни инсон омилисиз олиш имкониятига эга бўлади. Айни жараёнда, албатта, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, ФҲДЁ соҳасидаги ҳужжатларни қисқа муддатларда электрон шаклга келтириш даркор. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастури амал бўлиб хизмат қилиши аниқ. Қарорда кўрсатилганидек, 2021 йилнинг 1 январига қадар «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантириш, шунингдек, 2020 йил 1 сентябрга қадар ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатларнинг электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун зарур бўладиган қўшимча ходимларни вақтинча ишга жалб этиш ва уларни жойлаштириш чораларини кўриш, шартнома асосида ходимларни вақтинчалик жалб этиш ҳамда зарур компьютер ва бошқа оргтехника воситаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси бюджети ҳисобидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини белгиланди.

— Рақамларга тўхталадиган бўлсак, вилоятдаги туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимларида сақланаётган 4 ярим миллионга яқин далолатнома ёзувлари мавжуд, —​ дейди ДХА Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов. —​  Шундан 2 ярим миллиондан ортиқ далолатнома ёзувлари «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилган бўлиб, жами ёзувларнинг 58 фоизини ташкил этмоқда. Юқоридаги қарор ижроси билан қоғоз шаклидаги ҳужжатларнинг барчасини йил охиригача электрон кўринишга келтирилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?