Данияликлар Ўзбекистонда балиқ учун озуқа ишлаб чиқаришни режалаштиряпти

17:48 18 Февраль 2019 Жамият
654 0

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Даниянинг Aller Aqua GmbH компанияси президенти Ганс Эрик Байлинг билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур учрашув балиқчилик соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда юқори протеинли балиқ озуқалари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил сентябрь ойида “Ўзбекбалиқсаноат” ва Aller Aqua GmbH ўртасида ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш мақсадлари тўғрисида протокол имзоланганди. Даниялик ишбилармон мазкур келишувни амалга оширишни кўриб чиқиш учун мамлакатимизга келди.

Ташриф давомида балиқчилик соҳасига масъул бўлган идоралар раҳбарлари билан ҳам мулоқотлар уюштирилди, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги балиқчилик хўжаликларига ташриф буюрилди.

Ганс Байлингнинг қайд этишича, Ўзбекистон мазкур йўналишни ривожлантириш ҳамда таркиби зарур минераллар, витамин ва протеинларга бой бўлган инновацион озуқалар ҳисобига бозорни балиқнинг қимматбаҳо зотлари билан тўлдириш учун барча зарур шароитларга эга.

Шу боис Aller Aqua GmbH юртимизда юқори протеинли озуқалар ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этиш, уларни сотиш бўйича дилерлик тармоқлари ҳамда омборхоналарни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.

Экологик барқарорлик ва атроф муҳитга минимал таъсир кўрсатиш, озуқаларни тайёрлашда сертификатланган ва рухсат этилган маҳсулотлардан фойдаланиш компания фаолиятининг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Ўзбекистон томони ўз навбатида мамлакатимизда давлат томонидан ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди. Жумладан, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси иштирокчилари қатор тўловлардан, жумладан, йилига камида 50 тонна маҳсулот ишлаб чиқарган балиқчилик кластерлари эса уч йил давомида барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинди. Инвесторлар учун Қашқадарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида истиқболли сунъий сув ҳавзалари, Айдар-Арнасой кўллар тизимида эса табиий сув ҳавзалари мавжуд.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда балиқ маҳсулотларига бўлган талаб катта ва ўз навбатида мамлакатимиз қўшни давлатлар, шу жумладан, Афғонистонга ҳам балиқ экспорт қилиши мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019