Даниэль Розенблюм: АҚШ – Ўзбекистон алоқалари ҳеч қачон бугунгидек мустаҳкам бўлмаган

11:47 29 Август 2020 Сиёсат
408 0

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Розенблюм «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан интервью берди.

Суҳбатда элчи Ўзбекистон – Америка икки томонлама ҳамкорлигининг бугунги ютуқларини қайд этиб, халқимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан табриклади.

– COVID-19га қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатлар фаол қўллаб-қувватланмоқда ва ривожланмоқда. Бу аниқ натижалар ва ютуқларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида ўзаро алоқаларимиздаги ютуқлар, шунингдек, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари юзасидан суҳбатлашсак.

– Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон бугунгидек мустаҳкам бўлмаган. Америка Қўшма Штатлари 29 йил олдин Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан бири ҳисобланади. Бизнинг республика мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган садоқатимиз доимо ўзгармасдир.

Муносабатларимиз Марказий Осиёда тинчлик, фаровонлик ва хавфсизликка бўлган умумий мажбурият асосида қурилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги тўрт йилда амалга оширган кенг қамровли ислоҳотлари таълим ва соғлиқни сақлашдан иқтисодий тараққиёт, қишлоқ хўжалиги ва хавфсизликка қадар турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар яратди.

Давлат котиби Майкл Помпео шу йилнинг февраль ойида Тошкентга ташрифи чоғида таъкидлаганидек, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги ҳамкорлигимиз алоҳида аҳамиятга эга. Мен ўзаро муносабатларимиз барча соҳаларда янада ривожланишига ишонаман.

– Ўзбекистон ва АҚШ икки қитъада жойлашган. Шу билан бирга, икки мамлакат кўп томонлама муносабатларга алоҳида аҳамият қаратади. АҚШ Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётини, ислоҳотлар жараёнлари ва сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамда гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини қандай кўраётгани ҳақида фикр билдирсангиз.

– Ўзбекистон ҳар бир соҳани ислоҳ қилишда олға силжиб борар экан, бизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик имкониятларимиз тобора кенгайиб бораверади. Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон иқтисодий ўзгаришларда, айниқса бизнес юритишни соддалаштириш ва инвестиция киритиш учун қулай муҳит яратиш билан боғлиқ муҳим ютуқларга эришди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар ҳам олдинга силжиди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, матбуот эркинлиги ва дин эркинлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларда сезиларли ютуқларга эришилди. Биз эришилган ютуқларни олқишлаймиз ва шу билан бирга, ҳукумат аъзолари билан ўз таҳлилларимиз билан бўлишиб боришга тайёрмиз.

Шуни таъкидлаш керак, биз ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистонга таълим, қонун устуворлиги, иқтисодий ривожланиш ва хавфсизлик соҳаларида техник ёрдамни сезиларли даражада кўпайтирдик. Ҳозирги кунда Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиё минтақасидаги энг катта ёрдам олувчи мамлакати ҳисобланади.

Биз, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларимизни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2019 йил 65 фоизга ўсди. Хусусийлаштиришни тартибга солишни ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигига асосланган барқарор ишбилармонлик муҳитини яратиш борасидаги кейинги вазифалар иш ўринлари ва бошқа иқтисодий имкониятларни яратиш орқали Ўзбекистонни америкалик сармоядорлар учун янада жозибадор қилиши мумкин.

— Ўзбекистон бой тарих, маданият ва сайёҳлик салоҳиятига эга кучли мамлакат сифатида АҚШда янада кенгроқ тан олиниши учун нима қилиш керак?

— Ишончим комилки, пандемия тугаганидан сўнг одамлар одатдагидек саёҳат қилишни бошлайди. Биринчи навбатда, кўпроқ америкаликлар яна Ўзбекистонга ташриф буюришдан манфаатдор бўлишади. Пандемиядан аввал Ўзбекистон ажойиб саёҳат йўналиши сифатида Америка оммавий ахборот воситаларида катта эътибор қозонган эди.

Туристик ярмаркалар ва телевизион реклама орқали мамлакатни тарғиб қилиш ушбу қизиқишни янада оширишда жуда муҳим. Аммо саёҳат соҳадаги тўсиқларни янада камайтириш ҳам керак. АҚШ фуқаролари учун визасиз саёҳат қилиш Ўзбекистон америкалик сайёҳлар учун очиқ эканлигидан далолатдир.

— Яқинда Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича «C5+1» учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу ҳамкорлик истиқболлари ва Ўзбекистоннинг минтақада янги сиёсий муҳит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақидаги фикрларингиз билан бўлишсангиз.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларда устувор йўналтирилган сиёсати минтақадаги сиёсий муҳитни – ишончсизликдан ҳамкорликка қадар тубдан ўзгартирди.

Марказий Осиёнинг барча халқларига фойда келтирган ушбу ўзгаришларнинг аҳамиятини эсдан чиқармаслик керак.

Беш йил олдин Самарқандда «C5+1» платформасини яратишдан мақсадимиз, хавфсизлик, иқтисодиёт ва атроф-муҳит соҳаларида минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам бериш эди. Ушбу муаммоларнинг барчасида трансчегаравий унсурлар мавжуд ва бу муаммоларни биргаликда ҳал қилиш орқали биз минтақадаги барча давлатларни янада хавфсиз ва фаровон қилиш имкониятини кўрмоқдамиз.

Биргина ўтган йилнинг ўзида «C5+1» платформаси доирасида учта юқори даражадаги учрашув, жумладан икки маротаба вазирлар учрашуви ўтказилди, улардан бири Тошкентда бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳлар ҳар бир соҳада аниқ лойиҳаларни илгари суриш учун вазирлар даражасидаги учрашувлар оралиғида ўзаро ҳамкорлик қиляпти.

«C5+1» фаоллигининг юқори даражаси Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё давлатларининг ушбу платформага ажратаётган аҳамиятида акс этади.

Биз «C5+1» доирасида иқтисодий ва савдо алоқаларини кенгайтириш, экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда хавфсизликка таҳдидларни биргаликда ҳал этишда қўшаётган муҳим ҳиссамиз билан фахрланамиз. Ўйлайманки, минтақадаги сиёсий иқлимнинг яхшиланиши келгусида олдинга силжишга имкон беради.

— Мамлакатимиз билан яқиндан таниш инсон сифатида қандай жиҳатлар сизда алоҳида таассурот уйғотади.

— Албатта, қадимги Ипак йўлининг ажойиб манзаралари ва бой маданий мероси мени ҳайратга солади ва қувонтиради. Аммо гўзал мамлакатингиз бўйлаб саёҳат қилар эканман, мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ инсонларнинг меҳмондўстлиги ва илиқ муносабати ҳайратга солди, дейишни истардим.

Мамлакатингиз бўйлаб саёҳатларимни давом эттиришни хоҳлайман.

— Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз.

— Фурсатдан фойдаланиб Америка халқи номидан Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги билан қутлайман!

Ўзбекистон ўзининг кенг қамровли ислоҳотлар йўлини тутиб, сўнгги йилларда янада кўпроқ ютуқларга эришмоқда. Аҳоли фаровонлигини ошириш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш борасидаги ислоҳотлар шулар жумласидандир.

Янада яхшироқ келажакни қуриш йўлидаги интилишлар йўлида Америка Қўшма Штатлари ва Америка халқининг қўллаб-қувватлашига ҳамда дўстлигига суянишингиз мумкин.

Мустақиллик куни муборак бўлсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?