COVID-19га қарши ўзимизнинг дорилар, «қора бозор», бепул таъминот... — Долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

13:35 09 Август 2020 Жамият
530 0

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда долзарб саволлар юзасидан жавоб қайтарилди:

Савол: Коронавирусни даволашда ишлатиладиган дорилар ўзимизда ишлаб чиқариладими?

Жавоб: COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик қўлланмага (6-версия) мувофиқ, беморнинг аҳволи ва касалликнинг кечишига қараб, 50 га яқин дори воситаси қўлланилиши мумкин.

Булар: Вирусларга қарши, антибактериал ва замбуруғларга қарши воситалар, Антикоагулянт, антиагрегант воситалар, Яллиғланишга қарши, глюкокортикостероид воситалар, Витаминлар, микроэлемнтлар, Муколитик ва балғам кўчирувчи, деконгестант воситалар (қон томирларни маҳаллий торайтирувчи воситалар), Қусишга қарши, ошқозон-ичак тизими дори воситалари, Диуретик воситалар, Адреномиметиклар, Метаболик жараёнларни тўғриловчи воситалар,

Мамлакатимизда умумий 100 та дори воситаларини ишлаб чиқарадиган корхоналар мавжуд. Улардан 25 та корхона даволаш протоколига асосан қўлланадиган 215 турдаги дори воситаларни ишлаб чиқармоқда ва бу кўрсаткич кун сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Nobel Pharmsanoat” компанияси «Ковипир» номи остида фавипиравир фаол моддаси асосида дори воситасини ишлаб чиқариш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлади ва янги дори воситаси қисқа муддатларда ўзлаштирилди. Ушбу фавипиравир фаол моддаси сақловчи дори воситаси Япония, Россия ва бир қатор давлатларда коронавирус инфекциясини даволашда юқори самара кўрсатиб келмоқда.

Савол: Хориждан чартер рейслар орқали кириб келаётган фуқаролар ўзлари билан шахсий фойдаланиши учун қанча миқдорда дори воситалари ва тиббий буюмларни олиб кириши мумкин?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон «Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига мувофиқ:

Яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан қуйидагилар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб ўтилиши мумкин:

— турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;

— 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

— қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун — 100 бирликдан ортиқ эмас;

—эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун — 500 граммдан ортиқ эмас;

— гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун — 50 граммдан ортиқ эмас;

— инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун — 500 миллилитрдан ортиқ эмас;

— инъекциялар учун эритмалар — 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;

— ташқи дорилар учун — 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ эмас.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

Савол: Aйрим «тадбиркорлар» аҳоли томонидан эҳтиёж кўп бўлган дори воситаларини дорихонада эмас, балки «қора бозор»да пуллаётганларини эшитяпмиз. Дориларни дорихонадан ташқарида сотганлик учун жавобгарлик борми?

Жавоб: Жиноят кодексига мувофиқ, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Бунда мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишдаги қуроллар ва ашёлар мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда: ҳозирда 11 115 000 сўмдан — 22 300 000 сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Дори воситаларини чакана реализация қилишга фақат фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисларга рухсат этилади.

Савол: Коронавирусга чалиниб, уйида даволанаётган ёки касаллик аломатлари бор беморлар қайси бепул дори-дармонлар билан таъминланяпти?

Жавоб: Республика махсус комиссияси қарори билан уйида даволанаётган коронавирус беморларини поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари орқали бепул дори-дармонлар билан таъминлаш белгиланди.

Уйда даволанаётган фуқароларга тарқатиладиган бепул дорилар:

— «Гидроксихлорохин», «Азитромитсин» — антибактериал восита ҳисобланади, фақат шифокор кўрсатмаси билан қўлланилади,

— «Паратсетамол» — ҳарорат кўтарилганда қабул қилиш учун,

— «Аскорбин кислотаси» (Витамин С) — иммун тизимини яхшилаш учун,

— шунингдек, қутичада 10 дона тиббий ниқоб ҳам бор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?