Cобиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров иши бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди

17:45 05 Июнь 2018 Жамият
25577 0
Фото: Россия бош прокуратураси расмий сайти

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бугун, 5 июнь куни бўлиб ўтган «Мамлакатимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси» мавзусидаги брифингда Рашиджон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича янги маълумотларни ошкор қилди.

Рашиджон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов жараёни қайси босқичда экани ҳақидаги саволга жавобан Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўролов қуйидагиларни маълум қилди.

«Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор Қодиров Рашид Ҳамидовичга нисбатан ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти. Тергов жараёнида Қодиров Рашид Ҳамидович томонидан лавозимга тайинлаш, шунингдек, раҳнамолик қилиш, пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Жиноят иши бўйича ҳозирда 24 нафар шахсга айблов эълон қилинган, шулардан 21 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти. Тергов якуни бўйича албатта оммавий ахборот воситаларига терговда аниқланган ҳолатлар бўйича маълумот берилади», дея Ўроловнинг сўзларини келтиради Xabar.uz интернет-нашри.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани хабар берилганди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси даставвал бу маълумотни рад этган, сўнгра 24 февраль куни буни расман тасдиқлаган эди. Собиқ бош прокурор товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш каби жиноятларини содир этишда айбланмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар