Чорвачиликка ажратилган кредитлар келгусида муаммога айланмайди

14:07 30 Апрель 2018 Иқтисодиёт
778 0
Фото:dvinanews.ru

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар” мавзуида халқаро илмий-амалий ўқув семинари бўлиб ўтди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан республика “Насл-хизмат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Германия, Голландия ва Украинанинг чорвачилик соҳасидаги етакчи компаниялари мутахассислари томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган чорвачиликка ихтисослаштирилган субъектлар вакиллари учун  маърузалар қилиниб, ўзаро фикр алмашилди. 

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифлари давомида чорвачилик соҳасини илмий асосда ташкил этиш, хўжаликларда наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, маҳсулдорликни ошириш, шунингдек, банклар томонидан тармоқ ривожи учун ажратилган кредитларнинг келгусида муаммога айланишининг олдини олиш мақсадида мутасаддилар олдига ривожланган давлатлардан олим ва мутахассисларни жалб этиш вазифаларини қўймоқда. Жумладан, ушбу йўналишдаги илмий-амалий ўқув семинарлари уюштириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш ҳамда мониторингини олиб бориш вазифаси Халқ банки зиммасига юклатилган.

— Юртингизда қишлоқ хўжалининг бошқа тармоқлари қаторида чорвачиликка ҳам катта эътиор қаратилмоқда, — дейди Голландиянинг “Trouw Nutrition”  компанияси вакили  Артур Свирид. — Қишлоқ мулкдорларнинг ўз ишига масъулияти ва иштиёқи баланд. Шу боис ўқув-семинари давомида бир нечта йўналишларда ўқув машғулотлари ўтказилди. Бундай учрашувлар фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борабарида, ҳамкорликни ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, банк томонидан охирги икки йил давомида қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган ушбу тармоқни ривожлантириш мақсадида Россия, Украина, Европа давлатларидан 20 минг 254 бош наслли қорамол ҳамда 3 минг 632 бош эчки олиб келиш учун 241,5 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди. Пировардида 4500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 

Семинарда иштирок этаётган фермер хўжаликлари чорвачилик соҳасидаги муҳим маълумотларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишмоқда. Албатта, бу уларнинг келгусидаги иш фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. 
Ўқув семинарлари, шунингдек, Самарқанд, Хоразм ҳамда Андижон вилоятларида ҳам бўлиб бўлиб ўтади. Уларда республикамизнинг барча ҳудудларидан фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этиши кўзда тутилган.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар