Чорва ҳайвонлари қандай ва қанча нархга суғурталанади?

15:18 18 Октябр 2019 Жамият
179 0

Иллюстратив фото

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, АҚШ, Канада, Япония, Испания, Украина, Беларусь каби давлатларда чорва ҳайвонларини суғурталашнинг мажбурий тизими жорий этилган. Бунга сабаб, уларнинг табиий офат ёки турли касалликлардан зарар кўриш хавфи юқорилигидир.

Бугун ижтимоий тармоқларда “чорва ҳайвонларини суғурта қилиш мажбурий экан, фуқаролардан пул йиғишнинг янги усулини топишибди, ҳар бир чорва молини боқиш учун давлатга пул тўлашимиз керакми?” деган фикрлар муҳокама этилмоқда. Шу боис мазкур масалаларга ойдинлик киритишни лозим топдик.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида чорва ҳайвонлари суғурталаш ихтиёрий. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомда ҳам қайд этилган.

Низомга кўра, чорва ҳайвонлари табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, касалликлар натижасида нобуд бўлиши, мажбуран сўйилиши ва ўғирлик ҳолатларидан суғурта қилинади.

Шартнома тузиш тартиби қандай?

Суғурта шартномаси юридик шахслар (ташкилотлар) билан суғурталовчи томонидан ишлаб чиқилган суғурта шартномаси шаклига мувофиқ ихтиёрий тузилади. Жисмоний шахслар (фуқаролар) билан ихтиёрий тузиладиган суғурта шартномаси уларнинг мурожаатига кўра суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта полиси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Жисмоний шахсларга бериладиган суғурта полиси – суғурта шартномаси ҳисобланади.

Суғурта пули миқдори қанча?

Чорва ҳайвонларининг суғурта қийматига нисбатан суғурта пулининг энг юқори миқдори қорамол, от, туя, қўй ва эчкилар учун 80 фоиз, мўйнали ҳайвонлар учун 60 фоиз ҳамда чўчқа, парранда, балиқ ва асалари учун 50 фоиз этиб белгиланган.

Жисмоний шахслар эгалигидаги чорва ҳайвонларининг суғурта қиймати бозор нархларидан келиб чиқиб, суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг келишувига асосан суғурта шартномасида белгиланади. Мисол учун, фуқаро парвариш қилаётган бир бош сигирнинг бозор баҳоси 5 миллион сўм бўлса, суғурта шартномаси унинг 80 фоизи, яъни 4 миллион сўмга тузилади. Фуқаро тўрт миллион сўмдан 320 минг сўм (80 фоиз) суғурта мукофотини тўлайди. Суғурта полиси бир йил муддатга берилади ва шу муддат ичида чорва ҳайвонлари табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, касаликлар натижасида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки ўғирланиши (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса) натижасида фуқарога 4 миллион сўм миқдорида етказилган зарар қоплаб берилади.

Шартнома тузиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Суғурта шартномасини тузиш учун фуқаролар “Ўзагросуғурта” АЖ ёки ҳудудлардаги ветеринариия ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Суғурта мукофоти юридик шахслар томонидан суғурта шартномасига кўра 5 кун муддатда суғурталовчига тўланади. Жисмоний шахслар томонидан суғурта мукофоти нақд пул ёки пластик карточка орқали ҳамда бошқа тўлов воситалари орқали тўланиши мумкин.

Суғурта мукофти тўлангандан сўнг фуқароларга ўша кунни ўзида, юридик шахсларга 3 кун ичида суғурта полиси ёзиб берилади.

Суғурта ҳолати юз берганда қандай йўл тутиш лозим?

Шартнома амал қилган даврдачорва ҳайвонлари табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, касаликлар натижасида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки ўғирланиши (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса) ҳолати юз берганда 5 кун ичида суғурта ташкилотига ёзма ёки оғзаки хабар бериш керак.Ушбу хабарнома асосида,суғурталовчи томонидан3 кун муддатда чорва ҳайвони нобуд бўлганлиги, мажбуран сўйилганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисидаги далолатнома тузилади.

Суғурта товонини олиш учун суғурта қилдирувчи ёки унинг ишончли вакили суғурталовчига далолатнома тузилгандан сўнг 2 кун муддатда ариза билан мурожаат қилади. Аризага суғурта полиси нусхаси, ҳайвоннинг ветеринария паспорти нусхаси, суғурта қилдирувчига хизмат кўрсатувчи ветеринар врач ёки давлат ветеринария хизмати мутахассисининг ҳайвон жасадини ёриш баённомаси, ҳайвоннинг касалланиши, нобуд бўлиши ёки мажбуран сўйилиш сабаблари тўғрисида давлат ветеринария хизмати ёки ветеринария лабораториясининг хулосаси, гидрометеорология маркази, ёнғиндан сақлаш хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг маълумоти ҳамда суғурта таваккалчиликларининг яққол намоён этувчи суғурта ҳодисаси рўй берганлигини тасдиқловчи фотосуратлар ёки видеотасмалар тақдим этилади.

Суғурталовчи суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш ҳақида суғурта қилдирувчи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг 15 кун муддатда қарор қабул қилади. Агарда суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинса, суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлашнинг рад этишни асослантирган сабабларини кўрсатган ҳолда хабар беради.Суғурта товони суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 5 кун муддатда тўлаб берилади.

Ҳозирги кунда чорва ҳайвонлари турли сабабларга кўра нобуд бўлишидан кўплаб фуқароларимиз катта миқдорда зарар кўрмоқда, азият чекмоқда. Бу эса гўшт маҳсулотларининг нархига таъсир ўтказмай қолмайди. Суғурта хизмати —ушбу кўрилган зарарларни қопланишининг кафолатмеханизмлардан бириҳисобланади.Асло,чорва ҳайвонларини суғурта қилиш,ижтимоий тармоқларда таъкидланганидек “фуқароларни шилишнинг янги йўли” эмас, бу ихтиёрийдир, яъни юридик ёки жисмоний шахсларнинг истаги бўлсагина амалга ошириладиган молиявий хизматнинг бир тури бўлиб ҳисобланади.

Абдурашид ВАҲОБОВ,

“Ўзагросуғурта” АЖ департамент менежери.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019