Чортоқда 7 минг 916 та камчилик ва муаммо аниқланди. Улар қайси соҳаларга тегишли?

13:38 08 Октябр 2018 Жамият
932 0
Xaritada Chortoq tumanining joylashuvi

Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Наманган вилояти Уйчи, Чортоқ ва Тўрақўрғон туманларидаги фаолияти натижасида қатор камчиликлар аниқланди.

Уларнинг аксариятига жойларнинг ўзида ечим топилган бўлса, халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессиясида комиссия рўйхатга олган бошқа муаммоларни ҳал этиш юзасидан“йўл харитаси” белгилаб олинди.

Масалан, Чортоқ туманидаги ўрганишлар чоғида 7 минг 916 та камчилик ва муаммо аниқланди. Таълим, жисмоний тарбия, маданият соҳаларида, жойларда аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш борасида вужудга келган бу масалаларнинг аксарияти йиллар давомида тўпланиб қолган. Маҳаллий ҳокимият, бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан эса уларга етарли эътибор берилмагани оқибатида муаммолар тобора жиддийлашиб бораётир. Ишчи гуруҳи аъзоларини, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишларда натижадорлик йўқлиги ташвишга солди.

Меҳнат ярмаркалари номигагина ўтказилаётир. Қишлоқларда саноатлашган ишлаб чиқаришни жойлаштириш омилидан етарли фойдаланилмаяпти. Ёшларни кичик бизнес субъектларига жалб этиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга эътибор сустлигидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг маълум қисми ишсиз юрибди. Соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидаги ўзгаришлар кишини қониқтирмайди. Буни аниқланган муаммоларнинг 221 таси тиббиёт соҳасига тегишли эканлиги ҳам исботлайди.

Туманда аҳоли тураржойлари ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларини жорий куз-қиш мавсумига тайёрлаш аҳволи ҳам қониқарсиз. Бу борадаги ишлар эндигина 14,6 фоиз бажарилган, холос. Айниқса, кўп қаватли уйлар таъмиридаги сусткашлик аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти. Мазкур йўналишда жорий йил учун ишлаб чиқилган дастурни молиялаштиришга 293 миллион сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган бўлса-да, амалда унинг 60 фоизига етадиган кредит маблағи ажратилганини қандай тушуниш мумкин?

Сессияда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва тўртта сектор раҳбарлари зиммасига аниқланган муаммоларни бартараф этиш, халқнинг ичига янада чуқурроқ кириб бориш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш йўлидаги амалий ишларни кучайтириш бош вазифа сифатида юклатилди.

Тўрақўрғон туманида ҳам жиддий муаммолар тўпланиб қолгани аҳоли хонадонлари, ижтимоий муассасаларга ташриф ва фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида маълум бўлди. Бу, жумладан, ишчи гуруҳи томонидан 68 та маҳаллада уйма-уй юрилган пайтда аниқланган 6368 та муаммоли масалада яққол кўринади. Инсон муносиб турмуш кечириши учун қулай тураржой, коммунал воситалар, масалан, кафолатланган газ ва ичимлик суви зарур. Бироқ ўрганишлар жараёнида ўртага қўйилган масалаларнинг 2 минг 749 таси табиий газ, 911 таси ичимлик суви таъминотига боғлиқлиги айни йўналишдаги юмушларнинг ҳақиқий аҳволидан дарак беради.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини замон талаблари даражасига кўтариш учун ҳали кўп иш қилиниши зарур. Хусусан, чекка қишлоқлардаги врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни диагностика ва даволаш ускуналари, малакали мутахассислар билан таъминлаш долзарблигича қолмоқда. Қатағон маҳалласидаги 30-оилавий поликлиниканинг биноси тор, хоналар етишмайди, Янгиобод, Хўжанд, Гулқишлоқ врачлик пунктлари таъмирталаб аҳволда.

Сессияда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019