Чортоқ экошаҳарга айланади

17:51 09 Сентябр 2019 Жамият
538 0

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Розанна Нитти бошчилигидаги Жаҳон банки делегациясини қабул қилди. Учрашув Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасига киритилган Чортоқ шаҳри бўйича амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари муҳокамасига бағишланди.

Делегация таркибидан жой олган Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари Жамшид Фаязов, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Силпа Каза, меъморий ечимлар бўйича масъул Пабло Ваджоне ҳамда бошқа бир гуруҳ мутахассислар билан бўлган мулоқотда дастлабки хомаки лойиҳани мукаммалаштириш, ундан ўрин олиши кўзда тутилган объектлар, Жаҳон банки лойиҳа гуруҳи томонидан билдирилаётган таклифларни маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб умумий концепцияга мослаштириш бўйича кенг фикр алмашилди. Бунда Чортоқнинг бош режаси бугунги кунда режалаштирилаётган туманни тиббиёт ва сиҳатгоҳлар туризми ривожланган экологик тоза ҳудудга айлантириш учун зарур бўлган барча жиҳатларни ўз ичига олиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мухбиримизга маълум қилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 100 миллион доллар кредити ҳамда Ўзбекистоннинг 24,1 миллион долларлик улуши билан ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ белгиланган. 2019-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар натижасида Чортоқ замонавий инфратузилмага эга обод экошаҳарга айланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?