“Чорсу”нинг чироғини ким ёқади?

16:10 16 Август 2019 Жамият
203 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи".

Гўзал Тошкентимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Пойтахтнинг қуш парвози юксаклигидан олинган тасвирини кузатсангиз, завқингиз ошади, ғурурингиз жўш уради.

Лекин шаҳарнинг айрим жойларида шундай нохуш манзаралар ҳам учрайдики, уларни шоҳи сўзанадаги ямоққа қиёслаш мумкин. Масалан, пойтахтнинг энг маҳобатли масканларидан бири Эски шаҳардаги “Чорсу” меҳмонхонаси. Атрофи тўсиқ ва деворлар билан ўралган бу бинога охирги марта қачон меҳмон келганини эслаш қийин. Наҳотки шу қаққайиб турган иморатни тартибга келтириш, пойтахт меҳмонларининг оромбахш масканига айлантириш қийин бўлса...

Тўхтанг. Эҳтиросли ҳис-туйғуларга берилмайлик-да, ҳақиқий аҳволга назар ташлайлик. Маълум бўлишича, 2017 йил 7 сентябрда “Чорсу” меҳмонхонаси Туркиянинг “Demir Group” компаниясига ноль харид қийматида сотилган. Кейинчалик мулкдор номи “Inter Tourism” МЧЖ қўшма корхонасига ўзгартирилган. Имзоланган ҳужжатга кўра, мазкур қўшма корхона 2 йил мобайнида ўз маблағидан, жалб қилинган хорижий инвесторлар маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатисиз 33 млн. АЈШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш ҳамда 350 та янги иш ўринларини яратишни зиммасига олади. Шундай бандлар кўрсатилган шартнома 2018 йил 9 мартда имзоланади.

Масаланинг ичига кириб, чуқурроқ ўрганилганда маълум бўлдики, албатта, сармоя киритиш бир кунда ёки бир ойда амалга оширилмайди. Дастлабки шартномада 2018 йил 2-чоракда 1 млн. АЈШ доллари, 3-чоракда 1 миллион, 4-чоракда 3 миллион, 2019 йил 1-чоракда 3 миллион доллар миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган.

Кейинчалик инсвестициялар ўз вақтида киритилмаганлиги учун қўшимча келишувга асосан инвестиция киритишнинг оралиқ муддатлари ўзгартирилиб, туркиялик инвесторга яна қўшимча имконият берилган, яъни 2018 йил 2-чоракда 627 минг доллар, 3-чоракда 45 минг доллар, 4-чоракда 500 минг доллар, 2019 йил 1-чоракда 1 миллион 500 минг доллар киритиш белгиланган.

Амалда меҳмонхонадан ахлатларни чиқариш учун гўё 953 минг АЈШ доллари миқдорида инвестиция киритилгани баён этилади. Аслида бу иш ҳақиқатда бажарилгани кўрсатилган бирор асословчи ҳужжат йўқ. Ўтган вақт мобайнида бирор тайинли иш қилинмаганидан сўнг бу ҳол сабаблари сўралганда “Demir Group” компанияси раҳбари Аҳмет Яшар Демир “Бизга меҳмонхона орқасидан қўшимча 3 гектар ер (ИИВнинг “Жар” спорт мажмуасига қарашли инфратузилмалар ўрнидан) майдони ажратиб беринг, бу ерда аквонариум қурилади”, деган жавобни айтди. Биринчидан, имзоланган шартномада қўшимча ер ажратиш кўрсатилмаган. Иккинчидан, сўралган жойнинг ўз эгаси бор. Бу баҳона ҳам иш бермагач, туркиялик тадбиркор “Ўзмиллийбанк”дан 20 миллион АЈШ доллари миқдорида кредит сўраган.

Табиийки, кредит олиш учун кафолат кўрсатилади. Турк ишбилармони ноль харид қийматида олинган меҳмонхонани гаровга қўймоқчи бўлишди. Амалдаги қонунчиликда бунга йўл қўйилмайди. Буни иқтисодий маълумотга эга бўлмаган одам ҳам билиши керак.

Шундай қилиб, “Чорсу” ўрнида “Эски шаҳар” сайёҳлик зонаси яратиш режасиамалга оширилмади, энг муҳими, қимматли вақт бой берилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, даъво аризаси киритди.Суд қарорига кўра, тарафлар ўртасидаги 2018 йилда тузилган олди-сотди шартномаси бекор қилинди.

Шу ўринда бир изоҳ. Юртимизда Туркия давлатидан келган кўплаб тадбиркорлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик самарали натижалар бермоқда. Мазкур ҳолатда рўй берган вазият, бизнингча, хусусий кўриниш бўлиб, келгусида бундай камчиликлар такрорланмаслигига ишонамиз.

Яқин кунларда “Чорсу” меҳмонхона мажмуаси қайта савдога қўйилади. Ишончимиз комилки, яқин келажакда ушбу масканни ҳамма ҳавас қиладиган жойга айлантиришга эришилади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019