Чўл бағридаги чаманзор

11:32 16 Апрель 2020 Жамият
327 0

Архив фото

Бугун – Мингбулоқ тумани ташкил топган кун. Марказий Фарғона чўлларида жойлашган туманга бундан 68 йил аввал тамал тоши қўйилган эди. “Мингбулоқ” газетаси таҳририяти шу қутлуғ сана муносабати билан туман тараққиётига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларини, фидокорона ишлаётган барча соҳалар жамоаларини, қолаверса, бутун мингбулоқликларни қизғин қутлади.

Дарҳақиқат, мазкур газетанинг архивда сақланаётган тахламларини варақлар экансиз, туман ҳудуди ўтмишда қумтепа, кўл ва ботқоқликлардан иборат бўлиб, айрим жойлардагина жуда оз миқдорда турли экинлар экилганлиги ҳақидаги маълумотларга кўзингиз тушади.

Гуртепа Мингбулоқнинг энг кўҳна қишлоғи. У Наманган — Фарғона, Қўқон — Андижон магистрал йўллари устида жойлашгани боис Афғонистон, Хитой, Ҳиндистон каби давлатлардан ўтиб келувчи карвонларга қўноқ вазифасини ўтаган. Бу ҳудудни Қўқон хонлигининг Наманган беклиги охирги пайтларда қўрғони Момохон қишлоғида жойлашган Тошбой мингбоши, Баланд Гуртепа марказида мингбоши Абдусалим амин, Хумор амин, Файзи аминлар орқали бошқарган.

Республика раҳбарияти 1946 йилда Марказий Фарғонанинг ана шу чўл минтақасида Задарё каналини реконструкция қилиш, бош иншоот қуриш, янги ерлар ўзлаштириш билан шуғулланувчи 1-қурилиш-монтаж бошқармасини ташкил этади

Қишлоқ шаҳарча қиёфасини олиб, аҳолининг турмуш маданияти оша бошлайди. Бошқарманинг муваффақиятли фаолият юритиши чўлда янги туман барпо этиш учун моддий ва маънавий асос яратади. Чўлни оммавий равишда кенг миқёсда ўзлаштириш ишлари кучайтириб юборилади.

1952 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми маркази “Гулбоғ” совхози бўлган Задарё районини тузиш ҳақидаги илтимосини қондирди. Шу йили 29 майда эса туманнинг маъмурий маркази Жомашўй қишлоғига кўчирилган. 1994 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг қарори билан туманнинг номи Мингбулоқ деб ўзгартирилган.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли бугун Мингбулоқ боғу бўстонга айланган. Айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари асосида кейинги йилларда туман маркази ва қишлоқлар қиёфаси мисли кўрилмаган даражада ўзгарди. Иқтисодиётнинг барча жабҳаларида юксак натижаларга эришилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?