Чодак “бургути”

13:02 24 Апрель 2020 Жамият
313 0

Генерал Собир Раҳимов жасур жангчи Йўлдош Розиқовни худди шундай атаганди.

...Урушнинг дастлабки кунларида немислар 
Ғарбий Белорусиянинг Чижовский районини ўраб олди. ­Капитан Йўлдош Розиқов бошлиқ миномётчилар ротасига дивизия куч тўплагунча немисларни чалғитиб туриш вазифаси юклатилди. Капитан жангчиларга окопларда огоҳ бўлиб туришларини тайинлаб, ўзи ясама соқол қўйиб, деҳқон кийимида қулай вазиятни кутиб ётди. Эрталаб фашистлар дарёдан ҳеч бир қаршиликсиз ўтиб, буғдойзор оралаб кела бошлади.

— Ажалинг етди, газандалар! — пичирлади ­Розиқов.

Немислар бамайлихотир келарди. Улар буғдойзорда “мудраб” ётган “чол”ни пайқашмади ҳам. Пистирмага саноқли қадам қолганда рота командири шаҳд билан ўрнидан турди-да, теварак-атрофга автоматидан ўт очди. Лаҳза ичида ўн беш — йигирма чоғли немис ҳарбийси ер тишлади. Командирлари ортидан ­пистирмадаги жангчилар автомат, миномётларини ишга солишди. Шу тарзда 395-дивизия душманни илк бор чекинишга мажбур этди.

Капитан Розиқов бу дивизияга ўзбек генерали Собир Раҳимов командирлик қилаётганини биларди. У генерал билан кўришиб, та­нишишни орзу қиларди. Буни қарангки, ўша буғдойзордаги жангдан кейин Раҳимовнинг ўзи уни йўқлади. ­Розиқов ҳаяжонланиб блиндажга яқинлашаркан, батальон командири Янковский генералга ўзини ўхшатиб таърифлаганидан бехабар эди.

Собир Раҳимов капитанга бошдан-оёқ тикилиб қолди. Сўнг ўзбекчалаб сўради:

— Қаердансан?

— Намангандан, ўртоқ генерал!

— Қайси райондан?

— Попдан.

— Чодак қишлоғини ­биласанми?

— Худди ўша қишлоқданман, ўртоқ генерал!

Генерал ёнида турган Янковскийга юзланди.

— Мен бу қишлоқда бўлганман, — деди у. — Тоғ бағрида жойлашган сўлим қишлоқ. Ажойиб ёнғоқзор, ўрикзор боғлари бор. Сойида “Маринка” деган балиғи бўлади. Эҳ, бу балиқни емабсан, дунёга келмабсан! Одамлари ҳам жуда ­меҳнаткаш, ёвқур.

Генерал шундай дея ­Розиқовга қаради.

— Тўғрими, капитан?

— Тўппа-тўғри, ўртоқ ­генерал!

Раҳимов кулиб қўйди.

— Гап бундоқ, — деди сўнг жиддий тортиб. — ­Бизга битта “тил” керак, унтерофицерлардан бўлса яна яхши. Бу ишни сенга топшираман.

Капитан ўзи билан ­беш-олти жангчини олиб, шу куни тунда “ов”га отланди. Душман Ростов яқинидаги ўрмонзорда эканлигини ­биларди у. Ер бағирлаб эмаклаб боришаркан, немисларнинг кулгиси, ғўнғир-ғўнғир овозлари эшитилди.

— Бир оз кутиб турамиз, — шивирлади Розиқов.

Тун оғиб, атроф тинчигач, капитан икки жангчини ёнига олиб немис офицерлари жойлашган блиндаж томон эмаклаб кетди. Блиндаж олдида икки солдат мудраб ўтирарди. Уларни бир ёқли қилиш қийин бўлмади.

Розиқов ичкарига кириб, немис офицерлари ухлаётганини кўрди. У эмаклаб бориб офицерлардан бирини ғиппа бўғди, сўнг оғзига фуражкасини тиқди. ­Капитаннинг ҳамроҳлари Смирнов билан Адашев ҳам чапдаст йигитлар эди. Улар бир зумда қолган офицерларни тинчитишди.

Немис офицери Раҳимов ҳузурига келтирилди. Генерал хурсанд бўлиб кетди.

— Қойил, капитан! — деди ҳамюрти қўлини самимий қисаркан. — Ҳақиқий Чодак “бургути” экансан!

Ўзбек генерали Собир Раҳимов назарига тушган капитан Йўлдош Розиқов Шимолий Кавказдан Берлингача бўлган фронт йўлини босиб ўтди. Қанчадан-қанча шаҳару қишлоқларни озод қилишда жасорат кўрсатди. Бир неча жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Урушдан қайтиб умрини боғдорчиликка бағишлади. Чодаксойнинг бўйида жаннатмонанд боғ яратиб, урушда шаҳид кетган қуролдош дўстларининг ҳар бирига атаб, бир тупдан кўчат ўтқазди. Боққа “Дўстлик боғи” деб ном берди.

Бугун Йўлдош Розиқов орамизда йўқ. У яратган боғ эса яшнаб турибди...

Ортиқали НОМОЗОВ
(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?