Чизиққа эътиборли бўлинг, кундузи чироқ ёқиб юринг... Янги қоидаларга тўлиқ шарҳ

15:46 17 Апрель 2019 Жамият
711 0

Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган масала, бу — йўл ҳаракати қоидаларнинг ўзгаргани билан бевосита боғлиқ. Хўш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 9 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор билан қандай ўзгартиришлар киритилди? Янги қоидалар қай тартибда ва қачон кучга киради?

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов саволларга қуйидагича жавоб қайтарди:

— Йўл ҳушёрликни “ёқтиради”, деган ибора бор. Бу бежиз эмас. Чунки бирорта йўл ҳаракати ҳодисаси содир этилса, бу барча учун аянчли воқеадир. Шу маънода, барча соҳада бўлгани каби йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳам муайян ишлар олиб бориляпти. Ўтган икки йилда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид ўнга яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, буларнинг барчаси содир этилаётган қоидабузарликлар таҳлили, хорижий тажриба ва амалиётдан келиб чиқиб ишлаб чиқилмоқда ва доимий равишда такомиллашиб бораверади.

Ҳужжатга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ва кўпчиликни қизиқтираётган янгилик, бу — кундузи ҳам автотранспорт чироқларини ёқиб юриш масаласига ва бунинг афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтсам.

Кундузи чироқларни ёқиб юриш тажрибаси ривожланган давлатларда бор. Унга кўра, бу тартиб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг олдини олиш имконини беради. Мисол учун, бу тартибни жорий қилган давлатларда йўл транспорт ҳодисалари сони 15 фоизгача камайиши кузатилган. Бизда бу амалиёт йўлга қўйилиши катта самара беради.

Бизда дастлаб 2016 йил 1 мартдан автобус ва микроавтобуслар, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситаларига кундузги вақтда яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш амалиёти мажбурий қилиб белгиланган эди. Эндиликда барча транспорт воситаси кундузи яқинни ёритувчи ҳамда кундузги сигнал чироқларини ёқиб юриши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди. Бу янгиликнинг биздаги иқлим шароитга ҳам аҳамияти йўқ.

Биласизми, автотранспортнинг чироғи ёниқ бўлса, ҳайдовчилар ҳам, пиёда йўловчилар ҳам уни узоқ масофадан илғайди ва дарров ҳушёр тортади. Демак, бу қоида йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ турли кўнгилсизликларнинг олдини олади. Ҳаммаси — хавфсизлик учун, инсонларнинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун!

Бундан ташқари, ҳужжат билан тезликни ошириш ва пасайтириш тартиб-қоидалари ҳам киритилган. Албатта, бу дуч келган жойда татбиқ этилмайди.

Авваллари маҳаллий ҳокимликларга фақатгина тезликни кўтариш ваколати берилган эди. Эндиликда таҳлил ва ўрганишлардан келиб чиқиб, нафақат тезликни кўтариш, балки айрим йўл участкаларида тезликни пасайтириш зарурати ҳам туғилди.

Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга ва пасайтиришга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколат берилди. Мазкур тартиб хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 41-бандига киритилаётган ўзгартишлар турли муҳокамаларга чек қўяди. Мисол учун, авваллари светофорнинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида ҳар хил ҳолатда тўхташган. Кўпчилик автомашинанинг ғилдираги чизиқни босмаса бўлди, деган фикрда бўлган. Эндиликда бунга аниқлик киритилди, яъни ушбу ҳолатда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак.

Бундан ташқари, ўзгаришлардан яна бири, бу — айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга бўлди. Илгари тескари қоида мавжуд эди, яъни айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунлик қўлланиларди. Бу тартиб ҳам ўтказилган таҳлилларга асосланади.

Анжуманда, шунингдек, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 1-иловасига киритилган қўшимча йўл белгилари ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Шулардан энг муҳими, “Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш” тартибидир. Янги қоидага кўра, транспорт светофори қизил чироғининг ўнг ёнига 5.42 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, транспорт воситаларининг ҳайдовчилари светофорнинг тақиқловчи ишораси ёниб турганда, барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўнгга бурилишлари мумкин. Бунда улар ҳаракат йўналиши бўйича ва бурилаётган кўчани кесиб ўтаётган пиёдаларга ҳамда бошқа транспорт воситаларига йўл беришлари шарт.

Шу пайтга қадар Тошкент, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ушбу қоида синов тариқасида тажрибадан ўтказилди. Натижа ижобий. Шу боис бу тартибда эндиликда барча ҳудудларда қўллаш мақсад қилинган.

Тадбирда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган янги қоида ва тартиблар қарор эълон қилинган санадан бошлаб 1 ой муддат ичида тўлиқ ишга туширилиши, яъни 10 май санасидан бошлаб янги қоидаларга амал қилинмаган тақдирда белгиланган тартибда жарималар солинишига сабаб бўлиши айтиб ўтилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019