Чингиз Айтматов сабоқлари

10:05 23 Май 2018 Маданият
728 0
Фото: ruh.kg

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда китоб мутолааси, ёшлар тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида танланганини яна бир марта исботлади. Зеро, Чингиз Айтматов дунёга китоб берган, китоб орқали инсоният олдида турган муаммолардан халос бўлиш йўлини кўрсата олган адиб саналади.

ХХ асрда жаҳоний шуҳрат топган адиблар анчагина. Аммо уларнинг орасида Чингиз Айтматов ўзининг фазовий тафаккур тарзи, инсон камолоти ҳамда тараққиётига тўсиқ бўлаётган иллатларни жасорат билан фош қила олган, айни пайтда дунё адабиётининг илғор анъаналарини ҳам миллий, ҳам умумтуркий адабиётга дадиллик билан олиб кирган, бу анъаналарнинг нафақат қирғиз, балки бутун туркий адабиётда синтезлашишига улкан ҳисса қўшган, асарларида ўртага ташланган масалалар қанчалик миллий бўлса, шунчалик умуминсоний эканлиги, умуман, адиб Ер сайёрасига, банибашарга тааллуқли энг оғриқли, энг изтиробли, энг долзарб муаммоларни бадиий ва фалсафий мушоҳадага айлантира олган, мазкур муаммоларга ўша пайтнинг ўзидаёқ олтита қитъанинг ҳам эътиборини қаратган, адабиётнинг замон билан уйғун келадиган нуқталарини топа олган улкан ва бетакрор истеъдод эканлиги — ноёб адабий ҳодисалиги билан алоҳида ажралиб туради.

Туркий адабиётда дунё миқёсида Чингиз Айтматов даражасида тан олинган бошқа бир адибни тополмаймиз. Бошқа адибларнинг дунёвий кўламига заррача соя солмаган ҳолда, Айтматов асаричалик биронта туркий адабиёт вакилининг ижодий маҳсулоти ҳали дунёнинг 180 дан ортиқ тилларига ўгирилмаганини тан олиш керак. Жаҳонда саноқли адиблар эгаллаган чўққини туркий адабиёт вакилларидан ҳозирча фақат Чингиз Айтматовгина эгаллаб турибди. Бугунги кунда тадқиқотчилар адибнинг асарлари жаҳон тилларида 80 миллион нусхадан ошиқ чоп қилинганини эътироф этишмоқда. Бу факт адиб номини ХХ асрнинг энг кўп ва хўп муҳокама этилган Жан-Поль Сартр, Альбер Камю, Макс Фриш, Фридрих Дюрренматт, Габриэль Гарсиа Маркес, Варгас Льоса, Карлос Фуэнтес, Кэндзабуро Оэ каби сўз санъаткорлари сафидан жой олганини билдиради. Бу адиблар фақат бир асрда яшагани учун эмас, балки сўзга бўлган эътиқодларига, ўз даврига қарата айтган гапларига, ўз даврини муқаррар маънавий, экологик фожиалардан огоҳлантиришларига кўра ҳам жаҳон адабиётининг пешқадам вакиллари саналишади. Улар адабиётнинг тасаввур, дид, ифода, шартлилик усулларини ислоҳ этишди, ХХ аср сўз санъатини янги босқичга, янги мақомга, янги чўққига кўтарган ўзидан олдинги салафларининг муносиб издошлари эканини ижодлари, хизматлари, адабиётга, Сўзга қўшган ҳиссалари билан исбот қилиб бердилар.

Чингиз Айтматов асарларида кўтарилган муаммолар юқорида номлари зикр этилган адиблар ўртага ташлаган ва таҳлил қилган муаммолар ҳамда шу даврнинг адабий мароми билан уйғун ва ҳамоҳанг эдики, адиб инсон ҳамда олам ҳақида ўз оғриқларини, изтиробларини, ўй-кечинмаларини, катта ҳарфларда ёзиладиган, янги даврда тобора камайиб бораётган Инсон ва инсоний фазилатлар ҳақидаги орзу-армонларини асарлари орқали баён этиб берди. ХХ асрнинг буюк адиблари Франц Кафка, Жеймс Жойс, Альбер Камю, Уильям Фолькнер, Марсель Пруст, Эрнест Хемингуэй, Томас Элиот каби мажруҳлашиш, маҳкумлашиш, моҳиятсизланиш сари юз тутган Инсон Қалбини ҳимоя қилди, унинг ташқи ҳамда ички тажовузларини, таҳдид ва таъқибларини кўрсатиб, таҳлил қилиб, асослаб берди. Мафкуралар, таълимотлар, ғоялар топтаб ташлаган инсон шаънини, инсон номини, инсон ғурурини Сўз майдонида ҳимоя қилди; сўз билан, қалам билан технократлашаётган, моддийлашаётган, манфаатлашаётган, мафкуралашаётган, ўзини яратган асосдан тобора узоқлашиб, узилиб, ёлғизлик, маънисизлик, худбинлик, ёвузлик, жоҳиллик сари кетаётган башарий залолатга, башарий маҳкумликка, башарий манқуртликка, башарий қабоҳатга қарши муросасиз курашди.

Гап шундаки, юқорида номлари зикр этилган дунё адабиёти вакилларининг ҳар бири алоҳида дунё: жаҳон адабиётида ўз услублари, ўз қарашлари, инсонни таҳлил этишдаги ўз йўналиш, ўз оҳанг, ўз концепцияларига эга. Кафка, Камю, Сартрлар дунёга, одамга экзистенциалистик ёндашган бўлса, Макс Фриш, Фридрих Дюрренматт, Кэндзабуро Оэ асарларида биз технократлашаётган, ўз табиий заминидан узилган инсоннинг ботиний дунёси манзаралари ҳамда фожиаси таҳлилини кўрамиз. Габриэль Гарсиа Маркес, Карлос Фуэнтес, Варгас Льосалар Борхес, Онетти, Педро Парамолар реаллик билан рўё, воқелик билан тасаввур фусункор реализм адабиётининг ажралмас бўлаги, ҳатто инсонни тадқиқ этишдаги янги усули эканини исботлаб беришди. Бу услубда эртаклар, мифлар, афсоналар, ривоятлар, хаёл бадиий воситага айланиб кетади, бадиий шартлилик янаям шаффофлашади, инсон ботинининг ифодаси янаям бадиийлашади, жозибалашади, тимсоллашади, чуқурлашади. Чингиз Айтматов эса ХХ асрга хос услубларни, жумладан, юқорида номлари зикр этилган ёзувчиларга хос бўлган барча услубни, янги ифода усулларини, қарашларни, ташбеҳу талқинларни ўз ижодида, ўз бадиий оламида бирлаштира олди.
“Жамила”, “Юзма-юз”, “Бўтакўз”, “Эрта қайтган турналар”, “Сарвқомат дилбарим” каби қиссаларда инсонга ва воқеликка экзистенциалистик муносабатни кўрсак, “Оқ кема”, “Она ер”, “Асрга татигулик кун”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асарларида биз фусункор реализмга хос бўлган услубни — миф ҳамда асотирларнинг, шартлиликнинг, фантасмагориянинг бадиий воситага айланиб кетганини, “Кассандра тамғаси”, “Фудзиямага оғиш”, “Кунда” (ўзбек тилига “Қиёмат” деб таржима қилинган) асарларида технократлашаётган инсон фожиаси таҳлилини кўрамиз. Шунга кўра, қатъият билан айтиш мумкинки, Чингиз Айтматов жаҳон адабиётининг ХХ аср 60 — 90-йилларига хос бўлган барча услуб, йўналиш, муаммо, масала, таҳлил, ифода усули, умуман, барча илғор анъаналарини ўз ижодида намоён эта олгани, ижодий лабораториясида синаб кўргани, синтез қилгани билан ҳам эътибору эътирофга лойиқ адибдир. Зотан, Чингиз Айтматов замонавий туркий адабиётга жаҳоний кўлам, жаҳоний миқёс, жаҳоний нигоҳ олиб кирдики, буюк ва бетакрор асар “Бобурнома”дан сўнг дунё назаридан четда қолган туркий бадиий тафаккурга яна банибашар эътиборию эътирофини қарата бошлади. Ана шу хизматининг ўзиёқ Чингиз Айтматовнинг нафақат қирғиз ёки умумтуркий, балки жаҳон адабиётида мустаҳкам, метиндек фахрли, шарафли ўрни борлигини кўрсатади.

Адиб энг сўнгги асаригача инсон қалбини, унинг кўнглини ҳимоя қилди, унинг маънавий таназзул ботқоғидан қутулишидан умид узмади. Биз Жамила, Асал, Бола, Мўмин, Тўлғоной, Эдигей, Авдий ва бошқа образларда инсонга хос қалб тароватини, инсоннинг келажаги ҳамда эртасига, унинг иродаси ва қудратига ишончни ҳис этамиз.

“Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” асари инсонга бўлган умиднинг ёрқин намунаси саналади. Болани — келажакни сақлаб қолиш учун, энг сўнгги томчи сувни ичиб қўймаслик учун катталар бирин-кетин ҳалок бўлишади: агар катталар ўзларини келажакни — болани сақлаб қолиш учун қурбон қилишмаганда чанқоқликдан бола — келажак ҳам ҳалок бўларди. Сўнгги томчи сув билан тирик қолган бола ўз манзилига — она маконига етиб боради. Бу инсон ва унинг елкасидаги масъулият ҳақидаги, баниолам ҳамда одам учун келажакни сақлаб қолиш ҳақидаги тимсолий хулоса, тимсолий ҳикмат эди. Ҳақиқий инсон ўзи яшаб турган замин, сайёра, уй эртага болаларига ҳам қолиши учун бугунги сўнгги обиҳаёт томчиларига айланаётган маънавий, инсоний фазилатларни, эзгуликни, олам ва табиат билан уйғунликни асраб қолиши, уни авлодларга етказиши шарт ҳамда зарур. Инсонни фақат шу йўл қутқара олади, фақат шу йўл билан келажак асраб қолинади.

Чингиз Айтматов асарларини ўқиган ҳар бир ўқувчи ҳаёт, инсон, олам, тириклик ҳақида олам-олам сабоқлар, хулосалар, фикрлар олади. Бу сабоқлар уни маънавий комиллик сари йўлга ундашига, бу йўлда ўқувчига мадад беришига, маёқ ва сабоқ вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Зеро, китоб мутолааси инсон учун ҳамиша маънавий сабоқ ҳамда маънавий маёқ вазифасини ўтайди, уни ўтмишдан сабоқ олиб, келажак учун яшашга ўргатади.
Назар ЭШОНҚУЛ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар