ЦЗЯН Янь: «Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг яхши ишчанлик муносабатлари ҳамда ўзаро дўстлиги ҳамкорликни ривожлантириш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилмоқда»

11:09 29 Май 2018 Сиёсат
938 0
ЦЗЯН Янь / ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси​​​​

Кўпгина экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон кун сайин дунёга очилмоқда. Мамлакатимизнинг давр синовидан ўтган асосий ҳамкорларидан бири — Хитой Халқ Республикаси.
Икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янги босқичи ҳақида ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ЦЗЯН Янь билан суҳбатлашдик.

— Муҳтарама элчи хоним, Сизнинг Ўзбекистонда дипломатик фаолиятга раҳбарлик қилаётганингизга бир неча ой бўлди. Шу боис мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотларга янги нигоҳ билан қараш ҳамда баҳо бериш, ўз таассуротларингиз билан ўртоқлашиш имконияти мавжуд.
— Жорий йилнинг 28 февралида мен Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширдим ва шу кундан эътиборан расман ўз фаолиятимга киришдим. Ўтган вақт давомида ҳукумат, парламент, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссияларнинг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказдим. Хитой капитали иштирокидаги корхоналарда бўлдим, бу ерда яшаётган ватандошларни бориб кўрдим. Халқаро хотин-қизлар байрами, Наврўз айёми, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, ўзбек — хитой дўстлиги болалар боғчасининг очилиш маросимида қатнашдим. Шу даврда тўртта вилоятга бордим, кўплаб янги дўстлар орттирдим. Ўзбекистоннинг бой тарихий ҳамда маданий мероси, маҳаллий аҳолининг самимийлиги ва меҳрибонлиги менда чуқур ҳурмат туйғусини уйғотди. Ҳар томонлама стратегик шерикликка асосланган хитой — ўзбек муносабатларининг жадал ривожланиши тенденцияси эътиборга лойиқ. Айнан шу “олтин давр”да сизнинг ажойиб мамлакатингизда Хитой ҳамда Ўзбекистон дўстлигининг элчиси бўлиш — мен учун улкан шараф.

Бугунги кунда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнда давлат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, суд ҳамда маъмурий соҳаларни ислоҳ қилиш, халқнинг кундалик турмушига оид масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун интернет-порталлар очиш асосида илгари тўпланиб қолган муаммолар ечимини топаяпти, аҳолининг моддий таъминоти яхшиланаяпти. Яхши қўшничилик алоқалари фаол равишда қайта тикланмоқда, минтақавий ҳамкорлик ривожланиб, халқаро муносабатлар мустаҳкамланаётир. Бу борада ажойиб натижаларга эришилмоқда. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон халқи Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат тараққиётида янги саҳифа очди.

Бу йил Хитойдаги ислоҳотлар ҳамда очиқлик сиёсатига 40 йил тўлди. Хитой ва Ўзбекистон учун узоқ муддатли истиқболда жуда муҳим ҳисобланган “ислоҳотлар” ҳамда “очиқлик” тушунчалари хитой — ўзбек муносабатларини илгари суришда тарихий имкониятдир. Ўзбек томони ўз миллий хусусиятларидан келиб чиқиб ўтказаётган ислоҳотларни хитой томони қадрлайди ва Ўзбекистон билан кенг миқёсдаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттиришга, давлатларимиз тараққиёти ҳамда гуллаб-яшнашини рағбатлантириш мақсадида тажриба алмашишга тайёр.

— Тарихий имкониятлар ҳақида сўз борар экан, эрамиздан икки аср муқаддам бу ерга хитойлик дипломат Чжан Цзянь келганлиги ва Буюк Ипак йўлига асос солганлигини эсга олмаслик мумкин эмас. “Бир макон, бир йўл” деб номланган глобал ташаббус орқали қитъаларни бирлаштирувчи магистраль қайта тикланмоқда. Бу лойиҳани рўёбга чиқариш доирасида ХХР ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланаяпти? Унда қатнашиш Ўзбекистонга қандай афзалликларни тақдим қилади?
— Мамлакатларимиз етакчилари эришган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда хитой ва ўзбек томони кейинги йиллар ичида “Бир макон, бир йўл”ни қуриш бўйича амалий ҳамкорлик йўналишида муҳим натижаларни қўлга киритди. Хитой — Марказий Осиё газ тармоғи, Ангрен — Поп темир йўл туннели, “Пенг-Шенг” саноат парки, Ангрен ИЭС каби йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди ҳамда бу ҳар икки мамлакат халқи ва иқтисодиётига сезиларли фойда келтирди. Айни вақтда Ангрен шина заводи, Навоий вилоятида поливинилхлорид ишлаб чиқарувчи мажмуа, Шарғун кўмир кони ҳамда бошқа иншоотлар қурилаяпти. 2017 йил охирида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўналишида автомобиль йўли очилиши туфайли юк ташиш учун кетадиган вақт анча қисқарди. Образли қилиб айтганда, Шарқдан эсган “Макон ва йўл” шамолининг бунёдкор эпкинидан илҳомланиб, таълим, оммавий ахборот воситалари, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамладик, биргаликда археологик изланишлар, маданий тадбирлар ўтказишни бошладик. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бизларни амалий ҳамда маънавий жиҳатдан янада яқинлаштирди, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги платформа яратди.

Ўзбекистон — қадимий Буюк Ипак йўлидаги муҳим бўғинлардан бири. У “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади ва иштирок этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили май ойида Хитойга тарихий ташрифи доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашув бўлиб ўтди ҳамда унда ана шу глобал лойиҳани рўёбга чиқаришдаги хитой — ўзбек ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди. Аминманки, тинчликсеварлик ва ҳамкорлик, очиқлик ҳамда инклюзивлик, ўзаро манфаат билан ажралиб турувчи Буюк Ипак йўли руҳида ривожланиб бораётган Хитой — Ўзбекистон муносабатлари янада юқори даражага кўтарилади.

— Сиз эслаб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига қилган давлат ташрифига бир йил тўлди. Унинг якунига кўра, мислсиз катта миқдор — 23 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди. Шу келишувларни рўёбга чиқариш жараёни қандай бораяпти?
— Хитой ва Ўзбекистон томонлари ўша ташрифда имзоланган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор бераяпти. Ўзбек томони уларни бажариш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқди ҳамда унга асосан, узвий мулоқот ўрнатилди, тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилди. ХХР ўзбек мутахассисларининг Хитойга ишчи сафарларини уюштирди ва улар махсус иқтисодий зоналар ташкил қилиш тажрибаси билан танишдилар. Шунингдек, ўрта ҳамда кичик ГЭСлар қурилишида силжишлар бор. Ўзбек моши ва гилосини Хитойга экспортга чиқаришга рухсат олинди. Яқинда минг тоннадан зиёд мош Тошкентдан Сианга етиб борди.

Икки мамлакатнинг ҳудудий делегациялар алмашуви фаоллашди. Апрель-май ойларида юқори даражадаги делегациялар ташрифининг давоми сифатида Ўзбекистоннинг еттита вилоятидан вакиллар Хитойга борди. Ўзбек томонининг маълумотларига кўра, 2017 йил якуни бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 4,97 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса мазкур кўрсаткич 1,38 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 46 фоиз юқори бўлди. Хитой — ўзбек амалий ҳамкорлигининг улкан салоҳияти ҳамда кенг имкониятларига ишонамиз.

— Шарқ дипломатиясида мамлакатлар ҳамкорлиги уларнинг раҳбарлари ўртасидаги ўзаро шахсий муносабатларга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. ХХР Раиси ва Ўзбекистон Президентининг муносабатлари даражасини қандай баҳолаган бўлардингиз?
— Хитой ҳамда Ўзбекистон етакчиларининг мустаҳкам дўстлиги узоқ вақт давомида икки томонлама муносабатлар ривожида стратегик аҳамиятга эга бўлиб келади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ўтган йилги ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёноти имзоланди. Бу эса аввалги анъаналарни сақлаган ҳолда, алоқаларни янада ривожлантириш бўйича янги даврни бошлаб берди. Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида раҳбарларимиз кўп марта ёзишмалар алмашишди. Ишонч билан айтиш мумкинки, икки етакчи эзгу мақсадли ишчан муносабатларни ҳамда мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлашди. Бу омил турли соҳалардаги алоқаларни равнақ топтиришда кучли туртки бўлиб хизмат қилади.

— Ўзбекистон тараққиёти Шавкат Мирзиёев илгари сурган Ҳаракатлар стратегиясига асосланган. Хитой эса Си Цзиньпиннинг Коммунистик партия XIX съездидаги маърузасини “Йўл харитаси” сифатида қабул қилди. Ушбу дастурий ҳужжатларда умумий, ўхшаш жиҳатлар борми? 
— 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатнинг тараққиёт курси, ўсиш вектори белгилаб берилган. ХКПнинг XIX Бутунхитой съездидаги маърузасида эса Си Цзиньпиннинг янги даврга мос хитойча социализм тўғрисидаги ғояси таклиф этилган бўлиб, у хитой миллатининг буюк тикланиши учун йўналиш сифатида талқин қилинган. Мамлакатларимизнинг келажагини белгилаб берувчи мазкур икки дастурий ҳужжат умумий жиҳатларга эга. У ҳам бўлса, халққа таянган ҳолда ва халқ манфаатларини ўйлаб ривожланишдир. Хитой ҳамда Ўзбекистон ўз олдига ривожланиш ва тикланиш миссиясини қўйди, бунда мамлакатларнинг ўзига хослиги ҳамда одамларнинг манфаатлари алоҳида инобатга олинди. Руҳига кўра бир-бирига ўхшаш концепциялар икки томонлама дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ишончли тарзда қўллаб-қувватлайди.

Кейинги босқичларда томонлар давлат бошқаруви бўйича тажриба алмашиш, тараққиёт стратегияларини жадаллаштириш, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий ўсиш имкониятларидан биргаликда фойдаланиш, замонавий хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш каби йўналишларни кучайтиришлари мумкин.

— Президент Фармони билан хитойлик сайёҳлар учун Ўзбекистонга виза расмийлаштиришда янги, соддалаштирилган тартиб жорий этилди. Бу қарор Хитойдан келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга таъсир кўрсатдими?
— Ўтган йили Хитой томони ўзбекистонлик давлат хизматчилари ҳамда тадбиркорлар учун, ўзбек томони эса хитойлик сайёҳлар учун виза режимини соддалаштиришди. Бу фуқароларимиз ўртасидаги сафар алмашувларни фаоллаштиришда яна бир муҳим қадам бўлди. Хитой томони Ўзбекистоннинг бундай саъй-ҳаракатларини олқишлайди. Бугунги кунда Хитой сайёҳларининг Ўзбекистонга келиши кўрсаткичи ўсиб бормоқда. Аминманки, Ўзбекистонда саноатнинг жадал ривожи, инфратузилманинг такомиллашуви, хизмат кўрсатиш даражасининг яхшиланиши туфайли бу гўзал ва меҳмондўст диёрга келишни хоҳловчи хитойликлар сони яна ҳам кўпаяди.

Қадимий Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғини бўлган Ўзбекистон бой туристик салоҳиятга эга. Самарқанд, Бухоро ҳамда Хива сингари шаҳарлар дунёга машҳур, ўзбек миллий ошхонаси эса палов, сомса каби таомлари билан ўзига жалб қилади. Чин дилдан ишонаман, ҳар икки мамлакат сайёҳлари худди қариндошлардай бир-бирлариникига меҳмонга боришади, маҳаллий урф-одатлар билан танишиб, мазали таомларни бирга тановул этишади ва шу асосда дўстлик ришталари янада мустаҳкамланади. Элчи сифатида ўзбек томони билан туризм соҳасидаги салоҳиятни тўла рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламан.
Руслан КЕНЖАЕВ
суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар