Иқтисодиёт тарихидаги энг катта савдо уруши бошландими?

16:10 06 Июль 2018 Дунё
512 0
Фото: svoboda.org

Хитой АҚШ ҳукумати томонидан чин ўлкаси маҳсулотлари импортига нисбатан умумий қиймати 34 миллиард долларлик янги божлар киритилиши муносабати билан жавоб чораларини қабул қилишга ва юзага келган вазият ҳақида Жаҳон савдо ташкилотини хабардор қилишга мажбур бўлди.

Бу ҳақда Хитой савдо вазирлиги баёнотида келтириб ўтилган.

“Хитой биринчи бўлиб ўқ узмоқчи эмас, лекин давлатнинг туб манфаатларини муҳофаза этиш ва хитой халқи фойдасини ўйлаб зарур бўладиган жавоб зарбасини беришга мажбур. ...Биз, қолаверса, юзага келган вазият ҳақида ЖСТни ўз вақтида хабардор этамиз, дунё билан бир йўлдан борамиз ва эркин савдо ҳамда кўп томонлама тизимни биргаликда қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади баёнотда.

Хитой савдо вазирлиги томонидан хитой импортига АҚШ томонидан янги божларнинг киритилиши тарихдаги энг катта савдо урушини келтириб чиқариши қайд этилган.

Вазирлик баёнотига кўра, АҚШ ЖСТ нормаларини бузди ва иқтисодиёт тарихида ҳажми бўйича энг йирик савдо урушини бошлаб берди. Унда айтилишича, божларни киритиш савдо бўйича қўрқитишга мисол бўлади, бу глобал ишлаб чиқариш занжирлари хавфсизлигига жиддий зарар етказиб, жаҳон иқтисодиёти тикланишига халақит беради.

Ўз навбатида, жаҳон бозорларини беқарорлаштириб, янада кўп сонли беайб трансмиллий компаниялар фаолиятига путур етказади.

“Оқибатда бундан нафақат оддий корхоналар ва истеъмолчилар азият чекади, балки келажакда Америка корхоналари ва аҳолиси манфаатларига ҳам зарар етказилади”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Хитойдан импорт қилинадиган товарларга нисбатан 25 фоизлик божларни жорий этиш тўғрисидаги қарори бугундан бошлаб кучга кирди. Унинг умумий баҳоси 34 миллиард доллар эканлиги айтиляпти.

АҚШ раҳбари бундан олдин айтиб ўтганидек, ушбу қарор, Вашингтон нуқтаи назарича, Хитой корхоналари томонидан Америка интеллектуал мулки ва технологиялари ноқонуний ўзлаштириб олингани ва Пекиннинг ғирром савдо амалиёти туфайли қабул қилинди.

Пекин эса АҚШ томонининг бу борадаги янги қадамлари ХХР миллий манфаатларини чеклаб қўйиши боис бунга нисбатан қатъий жавоб қайтарилишини эълон қилганди. Айни чоғда савдо вазирлиги расмий вакили Гао Фэн АҚШнинг Хитой ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан алоқаларга кўрсатаётган бундай таҳдидни “психологик террор” деб атаган.

Айни чоғда ХХР ҳам АҚШдани импорт қилинадиган 800 та товарга умумий қиймати 34 миллиард доллар бўлган 25 фоизлик божларни жорий этди. Улар бугундан кучга кирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар