Чилонзорда 22 минг 600 АҚШ долларини ноқонуний сотишга уринган шахслар қўлга олинди

17:47 10 Сентябр 2018 Жамият
169 0

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан чет эл валютаси савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланиб келаётган шахслар фош этилди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар берди

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2 нафар фуқаролар “Ласетти” автомашинаси ичида 22 минг 600 АҚШ долларини 7950 сўмдан ҳисоблаб жами 179 млн. 600 минг сўмга сотишаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.

Тадбир давомида ашёвий далил сифатида олинган 22 минг 600 АҚШ доллари мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилгунга қадар вақтинча сақловга олинди ҳамда ҳолат юзасидан баённома ва бошқа процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш жисмоний шахслар томонидан ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар